Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари С.Умурзаков видеоконференцалоқа орқали Беларусь Республикаси Бош вазири ўринбосари В.Дворник билан инвестиция, ўзаро савдо, транспорт ва логистика соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалаларини ҳамда COVID-19 пандемиясининг икки мамлакат иқтисодиётларига салбий таъсирини олдини олиш бўйича чора-тадбирларни муҳокама қилди.
Томонлар қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириш борасидаги ишларни фаоллаштириш зарурлигини таъкидладилар, бунинг учун икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” қайта кўриб чиқилиб янгиланади ва, зарур бўлса, тегишли масалаларни муҳокама қилиш ва ишлаб чиқиш мақсадида Ўзбекистон ва Беларусь вазирликлари ва идоралари ўртасида қўшимча музокаралар ўтказилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг навбатдаги мажлисини видеоконференцалоқа шаклида ўтказиш имкониятлари муҳокама қилинди. Ўзбекистон ва Беларусь ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликни режали равишда кенгайтириш бўйича маҳаллий “Йўл хариталарини” биргаликда ишлаб чиқиш ва тузиш орқали минтақалараро ҳамкорликни йўлга қўйишда салмоқли салоҳият мавжудлиги қайд этилди.
Музокаралар давомида Ўзбекистонда инвестиция фаолиятини амалга ошираётган бир қатор Беларусь компанияларининг муваффақиятли тажрибаси асосидаги икки мамлакат ишлаб чиқарувчиларининг кооперациясига асосланган инвестициявий ҳамкорлик истиқболлари юзасидан конструктив фикр алмашилди. Беларусь шериклари ва ишлаб чиқарувчиларининг Ўзбекистон бозорида ҳозир бўлишларини кенгайтириш учун устувор соҳалар сифатида тўқимачилик, чорвачилик, озиқ - овқат ва фармацевтика саноатлари белгиланиб, турли йўналишлар бўйича кадрларни тайёрлаш дастурларини ташкил этишга ва ишлаб чиқариш корхоналарига илғор технологияларини жорий этиш мақсадида икки мамлакат илмий-таълим муассасаларини жалб этиш бўйича ташаббус кўриб чиқилди.
Шунингдек, ўзаро савдо ҳажмлари ўсишини таъминлаш чоралари, жумладан, Ўзбекистон ва Беларусьда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг мувофиқлик сертификатларини ва синовлар протоколларини ўзаро тан олиш механизмларини жорий этиш, икки мамлакат қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари иштирокида “Аграр форумлари”ни ўтказиш амалиётини кенгайтириш ва бошқа ташаббуслар кўриб чиқилди.
Томонлар транспорт - логистика ҳамкорлигини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар - узлуксиз ва тўсиқсиз юк ташишни таъминлаш учун икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди. Иккала мамлакат ҳудудида юкларни ташиш ва транзит қилиш учун қулай шарт - шароитларни яратиш бўйича конструктив таклифларни ишлаб чиқиш тўғрисида келишувга эришилди.
Видеоконференция якунлари бўйича вазифаси муҳокама қилинган ҳамкорлик соҳаларининг амалий ижросини таъминлаш ва қўшма ташаббусларни илгари суришдан иборат бўлган қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олинди.