Ўзбекистон-Қирғизистон: савдо-иқтисодий ва транспорт ҳамкорлигини кенгайтириш йўлида

Жорий йилнинг 3 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков ва Қирғизистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э.Асрандиев ўртасида видеоконференция шаклида музокаралар бўлиб ўтди.

Музокаралар чоғида икки мамлакат ўртасидаги инвестиция, савдо ва транспорт-логистика соҳаларида шерикликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг аниқ мақсадлари белгиланди.

Инвестиция шериклигини фаоллаштириш ва саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича келгусидаги чоралар тўғрисида конструктив фикр алмашилиб, натижасида томонлар Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида саноат кооперацияси соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича “Йўл харитаси”ни биргаликда ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳамда амалга оширилишини бошлашга келишиб олдилар.

Томонлар савдо соҳасида тўхталиб, савдо айланмаси ўсишининг ижобий динамикасини қайд этдилар: сўнгги уч йилда савдо айланмаси қарийб беш баравар ўсиб, 2019 йилда 818,4 млн долларни ташкил этди. Ушбу йўналишда яқин вақтларда ўзаро савдо ҳажмини 1 млрд долларга етказиш мақсадида пандемиянинг салбий таъсирини бартараф этиш бўйича биргаликда чоралар кўриш тўғрисида келишувга эришилди.

Шунингдек, музокаралар давомида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Қирғизистон Ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш билан боғлиқ бир қатор масалалар ишлаб чиқилди.

Транспорт соҳасида ўзаро ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган йил якунлари бўйича икки мамлакат ўртасидаги темир йўл орқали юк ташиш ҳажми 10,7 фоизга ўсиб, 1,47 млн тоннани, автомобиль юк ташиш ҳажми эса 38,2 фоизга ўсиб, 1,49 млн тоннани ташкил этганлиги қайд этилди. Томонлар юк ташишга сарфланадиган вақтнинг сезиларли даражада камайишига ва ташувчиларнинг транспорт харажатларини оптималлаштиришга имкон яратган “Андижон – Ўш – Иркештам – Қашғар” участкасида автотранспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” йўлаги бўйлаб мультимодаль юк ташишлари ишга туширилганлигини мамнуният билан таъкидладилар.

Ушбу йўналишдаги мавжуд салоҳиятни ҳисобга олган ҳолда, чегара назорат пунктларидаги йўлларнинг ўтказиш имкониятларини кенгайтириш ва йўловчилар, транспорт воситалари ва юкларнинг транзити учун шароитларни яхшилаш, жумладан, божхона, санитария, транспорт ва чегара назорати жараёнларини рақамлаштириш орқали биргаликда чораларни амалга ошириш истиқболлари қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, комбинациялашган юк ташишларни ташкил этиш мақсадида қўшма логистика хабларини яратиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарлари даражасида инвестиция, савдо, транспорт-логистика ҳамкорлиги масалаларининг тезкор равишда келишиш бўйича механизмларини жорий этиш тўғрисида келишувга эришилди, бу эса белгиланган йўналишлар доирасидаги ўзаро амалий фаолият самарадорлигини оширади.

Манба