Европа комиссияси Ўзбекистонга “GSP+” Преференциялар бош тизими бенефициари мақомини бериш тўғрисида муддатидан олдин қарор қабул қилди

Жорий йилнинг 30 ноябрь куни Европа комиссияси Ўзбекистон Республикаси томонидан “GSP+” Преференциялар бош тизими плюс бенефициар - мамлакати мақомини олиш учун юборилган ариза бўйича муддатидан олдин ижобий қарор қабул қилди.

Тегишли ҳужжат ЕИ Комиссияси Раиси Урсула фон дер Ляйен томонидан имзоланди.

Қарор Европа комиссияси мониторинг гуруҳларининг Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат стандартларига риоя қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва самарали бошқарув соҳасидаги 27 халқаро конвенция талабларини бажараётгани тўғрисидаги ҳисоботлари асосида қабул қилинди. Ўтказилган таҳлилларга асосланиб, Европа комиссияси Республикамиз “GSP+”да иштирок этиш мезонларига мувофиқ келиши тўғрисидаги хулосага келди ва уни ушбу тизимнинг бенефициарлари рўйхатига киритишни таклиф қилди.

Белгиланган тартиб-қоидаларга мувофиқ, мазкур қарор энди кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун Европа Кенгаши ва Европа парламентига ҳавола этилади. Қарор тасдиқлангандан сўнг Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари ва экспортчилари ўз маҳсулотларини Европа бозорига экспорт қилишда бир томонлама тариф имтиёзларидан фойдаланишни бошлашлари мумкин бўлади. Шунда, Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари ЕИ мамлакатларига экспорт қилишлари мумкин бўлган товар позицияларининг сони 6200гача ошади.

Мамлакатимиз томонидан “GSP+” бенефициари мақомини олиш экспортнинг барқарор ўсиши ва диверсификацияси учун мустаҳкам пойдевор яратади. Бу, ўз навбатида, Европа Иттифоқи мамлакатлари билан ўзаро манфаатли савдо муносабатларининг тез суръатлар билан ривожланишига хизмат қилади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда якуний қарор қабул қилинишини тезлаштириш мақсадида муҳокамаларда қатнашиш ва саволларга тезда жавоб бериш учун ЕИга аъзо мамлакатлар билан ҳамкорликда иш олиб бориш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Манба