“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” мультимодал транспорт йўлагида биринчи блок-поезд ишга туширилди

Жорий йилнинг 5 июн куни Ганьсу вилоятидаги (Хитой) “Ланьчжоу” темир йўл станциясидан "Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон" мультимодал транспорт йўлаги бўйлаб электротехника маҳсулотлари юкланган 25 контейнердан иборат биринчи блок-поезд Туркманистонга йўл олди.

Жорий йилнинг январь ойида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги вакиллари иштирокида Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Хитойга ташрифи давомида “Хитой темир йўллари” Давлат корпорацияси, Транспорт вазирлиги, Ислоҳотлар ва ривожланиш ишлари бўйича давлат қўмитаси, Цзяньсу, Хенань, Шэньси, Ганьсу вилоятлари, Шинжон – Уйғур автоном тумани маъмурияти ҳамда “Ляньюньган” денгиз портида бир қатор учрашувлар бўлиб ўтди.

Ташриф якунларига кўра, “Қашқар - Иркештам - Ўш - Андижон" транзит қисмида автомобиль транспортидан фойдаланган ҳолда, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” мультимодал транспорт йўлаги бўйлаб блок-поездни биргаликда йўлга қўйиш тўғрисидаги келишувга эришилди.

ХХР денгиз портлари ва ўлкаларидан юклар темир йўл орқали йирик транспорт маркази жойлашган Қашқар шаҳрига олиб келинади. Бу ерда юк оқимлари жамланади ҳамда йўналишларида давом этиш учун темир йўл транспортидан автомобил транспортига ўтказиш ишлари амалга оширилади.

Транспорт йўлагининг самарадорлигини ошириш мақсадида хитойлик шериклар билан биргаликда Хитой ҳудудида юк ташиш учун чегирмалар жорий қилиш, темир йўл ва автомобиль транспорти орқали контейнерларни ташишни бир - бирига мослаштириш ва Қашқардаги логистика марказининг ўтказиш қобилиятини ошириш масалалари устида иш олиб борилмоқда.

Ушбу транспорт йўлагининг узунлиги Хоргос ва Достиқ (Қозоғистон) чегара пунктлари орқали муқобил йўналишлардан 295 км қисқароқ. Бу, ўз навбатида, юкларни етказиб бериш вақтини қисқартириш, шунингдек, янги йўналишни халқаро савдо иштирокчилари учун жозибадор ва рақобатбардош қилиш имконини беради.

Манба