Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бишкекда ўтган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши ва Душанбеда ташкил этилган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммитларидаги нутқи халқаро экспертлар, ижтимоий-сиёсий, илмий-академик доиралар ва ОАВ вакилларида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Хусусан, Марказий Осиё бўйича германиялик эксперт, мустақил журналист Биргит Ветцель “Дунё“ ахборот агентлиги мухбири билан суҳбатда давлатимиз раҳбари томонидан ушбу саммитлар доирасида илгари сурилган ташаббуслар амалий аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Унинг қайд этишича, дунёда тинчликни мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишга эришишда Президентимиз томонидан илгари сурилган таклифлар муҳим ўрин тутади.
– Ўзбекистон Республикаси Президенти Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммити чоғида Осиё давлатлари олдида турган муҳим масалалар ҳақида сўз юритди, – дейди эксперт. – Жумладан, Шавкат Мирзиёев экология, демография, миграция, шунингдек, қашшоқлик ва ёшларнинг таълимда тўлиқ қамраб олинмаслиги каби минтақа олдида турган долзарб масалаларга эътибор қаратди. Уларга ечим топишни кечиктириб бўлмас вазифа дея қайд этди. Айни шу масалалар бугун дунё афкор оммасини чуқур ўйга толдираётгани ҳам сир эмас. Зеро, бу каби иллатлар ёшларнинг терроризм ва радикализм гирдобига тушиб қолиши учун замин яратади.
Б.Ветцель, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг минтақада илмий, таълим ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича мувофиқлаштирувчи вазифасини бажаришга тайёр эканини, мавжуд интеллектуал ва иқтисодий салоҳиятни рўёбга чиқаришдаги интилишларини юқори баҳолади.
– Ўзбекистон етакчисининг долзарб масалалар бўйича қарашлари унинг нафақат миллий ва минтақавий, балки дунё ҳамжамияти кун тартибидаги масалаларни чуқур англашини кўрсатди, – дейди эксперт. – Президент диний бағрикенгликни тарғиб қилишга алоҳида эътибор беради. Ўз вақтида амалга оширилаётган бу каби чора дунёда мавжуд кучли тарангликни юмшатишда муҳим.
Эксперт, шунингдек, халқ дипломатияси институти халқлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш, Марказий Осиёнинг Европани Жанубий Осиё мамлакатлари билан боғлайдиган муҳим кўприк сифатидаги ролини оширишда муҳим ўрин тутади, деб ҳисоблайди.
Манба: УзА