Нокс Темз: "Бу тизимда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳим"

Бухоро шаҳрида давом этаётган «Декларациялар мулоқоти» форумида маъруза қилган АҚШ Давлат департаменти собиқ катта маслаҳатчиси Нокс Темз анжуман мисолида мамлакатимизнинг дин ёки эътиқод эркинлиги соҳасидаги фаол сиёсатини алоҳида эътироф этди:

- Мен Потомак декларациясини ишлаб чиқиш ва имзолашда шахсан қатнашганман. Умуман, дин ёки эътиқод эркинлигини ҳимоя қилиш глобал ҳамжамиятнинг умумий масъулияти юқори, деб ўйлайман. Қолаверса, диний эркинлик халқлар ва давлатлар ўртасида тинчлик, барқарорликка эришиш учун ҳам зарур.

Жамият фаровонлиги ҳамда давлатларнинг ўзаро муносабати ривожида виждон эркинлиги таъминланиши, ҳимояланганлиги ҳолати жуда муҳим аҳамият касб этади. Бу жараёнда давлат ёки ташкилотлар алоҳида эмас, балки барча миллат ва дунё давлатлари бирдек масъулият сезишлари, жамият ҳаётининг барқарорлиги йўлида ҳар бир давлат виждон эркинлигигини ҳимоя қилиши керак.

Маълумотларга қараганда, дунёда ҳар 4 кишининг 3 нафари диний тўсиққа учрайди. Муайян мамлакатда диний эркинлик қай даражада таъминланса, дин ҳам шундай ривож топади. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда бу борада олиб борилаётган кенг ислоҳотларни алоҳида эътироф этиш жоиз.

Динни эркин амалга оширишни ҳимоя қилиш бевосита сиёсий эркинлик, иқтисодий ривожланиш ва қонун устуворлигига ёрдам беради. Акс ҳолда можаро, беқарорлик, терроризм кучаяди. Шундай экан, айни йўналишдаги ишларни мактаб, коллеж ва олий таълим тизимида кенг йўлга қўйиш самара беришини унутмаслик лозим. Энг муҳими, саъй-ҳаракатларни бирлаштириш жамиятнинг барқарор ривожини таъминлайди.

«Динни эркин амалга оширишни ҳимоя қилиш бевосита сиёсий эркинлик, иқтисодий ривожланиш ва қонун устуворлигига ёрдам беради. У бўлмаган жойда биз можаро, беқарорлик ва терроризмни топамиз. Шундай экан, бу борадаги ҳаракатларни таълим дастурларида, жумладан мактаб, коллеж ва олий таълимда ҳам кенг ўқитиш самарали натижа бераши шубхасиз. Ҳаракатларни бирлаштириш жамиятимизнинг барқарор ривожини таъминлайди», дея таъкидлади мутахассис.

Манба