Олган БЕКАР: Савдо-иқтисодий алоқа – ҳамкорлик драйвери

Туркиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар “Ўзбекистон – Туркия: кенг қамровли стратегик шериклик” мавзусидаги давра суҳбатида сўзга чиқиб, икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга ёрдам берувчи муҳим омилларга тўхталиб ўтди.

Дипломат халқларимизни умумий дин, кўп асрлик тарих, тил ва маънавий қадриятлар ўхшашлиги боғлаб турганини алоҳида таъкидлади:

– Қадимдан ўртамизда бой тарих, яқин маънавий-маданий мерос билан узвий боғланган қардошлик муносабати шаклланган. Буларнинг бари, шубҳасиз, ҳар томонлама ҳамкорлик ривожланишида ўзига хос тарзда акс этади.

Шу билан бирга Элчи бугунги кунда давлат раҳбарларининг биргаликдаги саъй-ҳаракати, улар ўртасида ўрнатилган ишончли мулоқот туфайли ўзаро муносабат кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтарилганини қайд этди.

– Туркия Ўзбекистоннинг тўртинчи йирик савдо ҳамкорига айланди. Қўшма корхоналар сони кундан-кун ошиб, етти йил мобайнида олти баробар кўпайди, – деди элчи.

Хуллас, жаноб Бекар икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқа ўзаро ҳамкорлик драйвери бўлиб хизмат қилишига ишончи комил эканини урғулади.

Манба