Рустам Ҳайдарзода: Марказий Осиё – дунё сиёсати ва иқтисодиётининг марказларидан бирига айланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Марказий Осиё халқаро институти, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Германиянинг Фридрих Эберт номидаги жамғармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган конференцияда Марказий Осиё, МДҲ, Европа, Осиё, Шимолий Америка, Яқин Шарқ етакчи таҳлилий марказлари раҳбарлари ва етакчи экспертлари, 20 мамлакатдан 40 дан зиёд хорижий делегатлар қатнашди.    

Улардан бири Тожикистон Миллий фанлар академияси Осиё ва Европа давлатлари муаммоларини ўрганиш институти директори Рустам Ҳайдарзода.  

– Марказий Осиё – дунё сиёсати ва иқтисодиётининг  марказларидан бирига айланди, – деди Р.Ҳайдарзода. – Айниқса, Янги Марказий Осиё барқарорлик майдони бўлиши билан бирга, янги ташаббуслар билан халқаро майдонга чиқмоқда. Бу, нафақат минтақамиз, балки бошқа минтақаларга таъсир ўтказмоқда.  

Бунда Марказий Осиё давлатлари лидерларининг ҳамкорлиги, бирдамлиги муҳим ўрин тутмоқда.  

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев савдо ва иқтисодий алоқаларни ривожлантириш бўйича муҳим ташаббусларни илгари сургани минтақа давлатларининг янада яқин ҳамкорликда ишлаши, иқтисодиёт ривожланишига катта туртки берди. Зеро, бу халқларимиз фаровон турмушини таъминлашнинг зарур омилларидан биридир.  

Биз, нафақат яқин ҳамкорлар, балки қийин вазиятда бир-биримизни қўллаб-қувватлашга тайёр қалин дўстлармиз. Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистоннинг Тожикистонга кўрсатган беғараз ёрдамини биз катта ҳурмат билан эслаймиз.  

Ишонаманки, келгусида ҳам ҳамкорлик алоқаларимиз ривожланиб боради. Рақамлаштириш, хавфсизликни таъминлаш, экстремизмнинг олдини олиш, ресурслардан самарали фойдаланиш бўйича умумманфаатларимизга хизмат қиладиган мақсадларни амалга оширамиз.

Манба