Мамлакатимизнинг мазкур соҳаларга замонавий инновацион ғояларни жорий этиш борасидаги саъй-ҳаракатини юқори баҳолар экан, италиялик эксперт айни йўналишларда қўшма лойиҳаларни илгари суриш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратди. Ўзбекистон олий таълим муассасаларида маданий мерос соҳасида лойиҳалар тақдим этиш режалаштирилганини таъкидлади. Бундан ташқари, Тошкент политехника университетида биология-тиббиёт муҳандислиги бўйича инновацион курс ташкил этиш масаласи ҳам кўриб чиқилаётганини айтди.
– Маданий-гуманитар шерикликни кучайтириш Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишига хизмат қилиш баробарида Ўзбекистон – Италия алоқаларини мустаҳкамлашга ҳам ҳисса қўшишига ишончим комил, – деди у.
Эслатиб ўтамиз, Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ва ISMAA ҳамкорлигида ташкил этилган анжуман икки мамлакат сиёсий-дипломатик ҳамда эксперт-таҳлил доиралари вакилларини бир жойга жамлади.
Италия томонидан 2011-2016 йилларда ушбу давлатнинг республикамиздаги элчиси бўлиб ишлаган Риккардо Манара, ISMAA президенти Маурицио Барнаба, ISMAA Бош котиби Винченцо Валенти, элчи ва ISMAA бошқаруви аъзоси Марко Карнелос, Ўзбекистон номидан эса Макроиқтисодий ва минтақавий тадқиқотлар институти, Марказий Осиё халқаро институти ва “Тараққиёт Стратегияси” маркази вакиллари ҳам иштирок этди.