Ван Юн Жунг: Марказий Осиё – қитъанинг Европа билан асосий транспорт-логистика нуқтаси

Бу ҳақда Иқтисодий хавфсизлик бўйича Корея Республикаси Президенти котиби Ван Юн Жунг Тошкентда бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Корея Республикаси ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболи стратегик мулоқоти” мавзусидаги экспертлар форумида сўз юритди. Унинг сўзларига кўра, Осиё юрагида жойлашган Марказий Осиё сариқ қитъа ва Европа ўртасидаги асосий транспорт, логистика нуқтаси, шунингдек асосий хавфсизлик пункти ҳисобланади.

Ван Юн Жунг Президент Юн Сок Ёль ҳукуматининг “умумий равнақ учун минтақавий ҳамкорлик тармоғини барпо этиш” мақсадига йўналтирилган миллий вазифани амалга ошириш доирасида ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли тармоғини яратиш ва мустаҳкамлаш мақсадида Марказий Осиёга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлади.

– Корея Марказий Осиё стратегик жиҳатдан муҳим ҳудуд эканлигини яхши англайди, икки томон барқарорлигини мустаҳкамлайдиган соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиради,– деди у. – Бу борада етказиб бериш занжири, транспорт ва логистика, соғлиқни сақлаш, иқлим ўзгариши ва таълим каби йўналишлар муҳим.

Бугунги кунда Корея ва Марказий Осиё турли соҳаларда сезиларли муваффақиятга эришаётгани таъкидланди. Ҳар томонлама савдо айланмаси 30 йил ичида, тахминан, 600 баробар ўсиб,1992 йилдаги 15 миллион доллардан ўтган йил якунида 9,2 миллиард долларга етган. Кореянинг Марказий Осиёга тўғридан-тўғри инвестицияси қиймати 6 миллиард доллардан ошган.

Манба