АҚШдан муносабат: Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар нафақат мамлакат аҳолиси, балки қўшни халқларга ҳам фойда келтирмоқда

7 декабрь куни АҚШ давлат котиби Ўзбекистонни диний эркинликларни бузувчи давлатлар рўйхатидан бутунлай чиқариб ташлаш тўғрисида қабул қилган қарор Америка сиёсий, жамоат ва эксперт доиралари вакиллари томонидан ижобий баҳоланмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги мухбири.

Ўзбекистон элчихонаси хабарига кўра, АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг табрик мурожатида қуйидагилар таъкидланган: «Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистонни диний эркинликларга амал қилишдаги тараққиёт ва мамлакат махсус назорат рўйхатидан чиқарилгани билан қутлайди. Биз ҳукуматни ушбу асосий ҳуқуқни ҳимоя қилиш бўйича ислоҳотларни амалга оширишда бошқаларга ўрнак бўлишга чақирамиз".

Senator Roger Wicker questions Facebook CEO during congressional hearing -  News Mississippi

АҚШ Хельсинки комиссиясининг ҳамраиси, сенатор Рожер Уикер Давлат котиби қарорини шарҳлар экан, “Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида диний маҳбусларни озодликка чиқарди, қатор диний ташкилотларни рўйхатга олди ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг диний жамоаларга рейдлар ўтказишини тақиқлади. Бу билан мамлакат юксак баҳога эришди”, - деб таъкидлади. 1975 йил Конгресс томонидан ташкил этилган мазкур комиссия Хельсинки якуний акти ва ЕХҲТга аъзо давлатлар томонидан қабул қилинган бошқа мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилади ва рағбатлантиради.

Конгрессмен, шунингдек, Ўзбекистонни мазкур йўналишдаги ислоҳотларни давом эттиришга чақирди, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси (янги таҳрири)ни янада такомиллаштириш борасида ЕХҲТ ва Европа кенгашининг Венеция комиссияси билан яқин ҳамкорлик қилишига умид билдирди.

Ambassador at Large for International Religious Freedom Sam Brownback on  the 2018 Report on International Religious Freedom - United States  Department of State

АҚШнинг диний эркинликлар соҳасидаги махсус топшириқлар бўйича элчиси Сэм Браунбэк Давлат департаменти қарорига бағишланган телеконференцияда Ўзбекистон эришган тараққиёт, диний эркинликларни таъминлашга қаратилган “муҳим ва таъсирчан қадамлар”ни алоҳида таъкидлади.

Элчи, шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида қуйидаги шарҳни битган: “Давлат котиби Майкл Помпео Конгрессга алоҳида ташвишга соладиган мамлакатлар рўйхатини тақдим этди. Мен Судан ва Ўзбекистонни ушбу мамлакатларда диний эркинликлар соҳасида эришилган тараққиёт ва бунинг самарасида улар махсус рўйхатдан чиқарилгани билан қутлайман”.

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўйича қатор маслаҳатлашувларда қатнашган Бригҳам Янг университети ҳуқуқий ва диний тадқиқотлар халқаро маркази директорининг ўринбосари, доктор Элизабет Кларк ҳам мазкур қарорнинг муҳимлигини таъкидлади.

“Ўзбекистон халқи ва раҳбариятини мамлакатни Давлат департаменти томонидан тузилган дин ва эътиқод эркинлигини бузадиган давлатлар махсус рўйхатидан чиқарилгани билан қутлаш менга катта мамнуният бағишлайди, - деди у. - Бу сўнгги йилларда Ўзбекистон раҳбарияти ва парламентининг жиддий ва изчил саъй-ҳаракатларини акс эттирувчи жуда муҳим воқеа бўлди. Уларнинг халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик қилишдаги қатъиятини алоҳида эътироф этаман. Мен Ўзбекистон раҳбарияти билан ўзаро муносабатларим жараёнида кўп нарсани ўргандим.

Эришилган ютуқлар нафақат Ўзбекистон фуқаролари манфаатларига хизмат қилади, балки мамлакатни Марказий Осиё ва минтақадан ташқарида диний эркинликларни таъминлашдаги ўзгаришлар ва етакчилик намунаси мавқеига кўтаришига ишончим комил.

Ўзбекистон фуқаролари учун қулайлик ва фаровонлик таъминлаётган изчил ўзгаришларнинг гувоҳи бўлганимдан жуда мамнунман”.

АҚШнинг дунё бўйлаб диний эркинликларни тарғиб қилувчи жамоат ташкилоти - Глобал жалб қилиш институти вице-президенти Жеймс Чен АҚШ Давлат департаментининг қарори “Ўзбекистонда диний эркинликлар соҳасида эришилган улкан тараққиётнинг эътирофидир”, деб қайд этди.

“Бизга диний эркинликларни таъминлашда ҳукумат билан ишлаш ва мамлакат фуқаролари билан мулоқот қилиш имконияти тақдим этилди. Ўзбекистонга қисқа ташрифимиз чоғида улкан ўзгаришларга гувоҳ бўлдик, - деди у. - Тошкент, Самарқанд ва бошқа ҳудудларда оддий одамлар билан суҳбатларда мамлакатда юқори суръатларда ўзгаришлар амалга оширилаётгани ҳақида эшитдик. Шу боис ушбу тараққиёт АҚШ ҳукумати томонидан тан олингани ҳайрон қоладиган воқеа эмас. Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш биз учун шарафдир. Ҳамкорлик ва шериклигимиз яна узоқ йиллар давом этишига ишонамиз.

Ўзбекистон мамлакат тараққиёти жараёнида диний эркинликлар қандай таъминланиши мумкинлигини намойиш этиб, нафақат минтақа, балки бутун дунё учун намуна ва ўрнак бўлиб хизмат қилмоқда. Халқаро ҳамжамиятнинг муҳим аъзоси сифатида Ўзбекистон фахрланса арзигулик натижаларга эришмоқда. Мен ўзбекистонликларни бу билан қутлайман”.

“Кўп конфессияли қўшнилар тармоғи” ҳаммуассиси, Техас штати Норт Вуд черкови пастори Боб Робертс 2019 йил ноябрь ойида АҚШ диний етакчилари, экспертлари ва расмийларидан иборат йирик делегация таркибида Ўзбекистонга ташриф буюрган эди.

“Ўзбекистон АҚШ Давлат департаментининг назорат рўйхатидан бутунлай чиқариб ташланганидан чин дилдан хурсандман, - деди у. - Бу ёқимли хушхабар, лекин энг эътиборга молик жиҳати – мамлакат қўлга киритаётган салмоқли тараққиётдир.

Ўзбекистон икки йил олдин тараққиётга эриша бошлади. Мен ўзим мазкур жараённинг гувоҳи бўлганман. Ўтган йил мамлакатда имомлар, руҳонийлар ва раввинлар билан учрашув чоғида уларнинг ўртасида мустаҳкам муносабатлар ва алоқалар ўрнатилганини кўрдик. Сиз нафақат ўзингиз учун, балки сизни ўраб турган халқлар учун ҳам қилаётган ишларингиз мамнуният ҳисларини уйғотади”.

“Дунё” АА.
Вашингтон
“Халқ сўзи” газетаси №262, 14 декабрь 2020 й.