Жорий йилнинг 1 апрел куни «Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши мамлакатлари ўртасида янги шароитда ўзаро алоқаларни ривожлантириш истиқболлари» мавзусида онлайн конференция бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан ташкил этилган мазкур учрашувда Кенгаш котибияти раҳбарияти, шунингдек, Озарбайжон, Туркия ва Марказий Осиё давлатлари етакчи таҳлил марказларининг таниқли вакиллари иштирок этишди.
Тадбир иштирокчилари 31 март куни бўлиб ўтган Туркий Кенгаш давлат раҳбарларининг норасмий саммити натижаларини ҳамда ташкилот доирасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Анжуманни Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори ўринбосари Санжар Валиев очиб берди. Ўз нутқида ўзбек эксперти Туркий Кенгашнинг ўтган саммити ўзининг норасмий мақомига қарамай, якуний Туркистон декларациясида ўрин олган муҳим қарорлар қабул қилиниши билан якунланганини ва юқори маҳсулдорликни намойиш этганини таъкидлади. Давлат раҳбарлари 2021 йилдаги Туркий Кенгаш ички тузилмалари фаолиятининг дастурий кўрсатмаларини ишлаб чиқдилар – деб қўшимча қилди С.Валиев.
Экспертнинг сўзларига кўра, бу жуда муҳимдир, чунки ҳозирда туркий тилли давлатлар олдида пандемияни енгиш, миллий иқтисодиётни тиклаш ва кенг гуманитар алоқаларни ривожлантириш бўйича долзарб вазифалар турибди. Шу муносабат билан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида биринчи навбатда иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, саноат кооперацияси, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва мамлакатлар транзит салоҳиятини ошириш масалаларига тўхталиши бежиз эмас.
Ушбу нуқтаи назарни қўллаб-қувватлаган ҳолда, Туркий Кенгаш Бош котибининг ўринбосари Гисмат Госалов дунёда давом этаётган қийин вазиятда Ўзбекистон саъй-ҳаракатлари ҳамкорликнинг иқтисодий таркибий қисмини кенгайтиришга йўналтирилгани билан муҳимлигини таъкидлаб ўтди.
Шу билан бирга, эксперт туркийзабон давлатлар кўплаб соҳалардаги имкониятларини бирлаштириш барқарор тинчлик, хавфсизлик ва фаровонликни таъминлашга, шунингдек стратегик аҳамиятга эга минтақавий лойиҳаларни жадал амалга оширишга улкан ҳисса қўшишини қайд этди.
Ўз навбатида, Озарбайжон Халқаро алоқаларни таҳлил қилиш маркази кенгаши раиси Фарид Шафиев ушбу ташкилотнинг кўп томонлама ҳамкорликни қўллаб-қувватлашда Туркий Кенгашнинг роли ортиб бораётганига ишора қилди.
Унинг сўзларига кўра, ташкилотга аъзо давлатларнинг пандемиядан кейинги даврда ўзаро ҳамкорликнинг барқарор модели асосларини яратишга бўлган умумий интилишлари алоқаларнинг маданий-гуманитар йўналиш билан чекланиб қолмаслиги учун ёрдам беради.
Туркий Кенгашнинг яқин тарихидаги муҳим воқеалардан бири сифатида эксперт Кенгашнинг фаоллашишига сабаблардан бири бўлган Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга тўлақонли аъзо сифатида қўшилишини таъкидлади.
Шу билан бирга, озарбайжонлик сиёсатшунос транспорт ва коммуникация соҳасига Туркий Кенгаш мамлакатларини янада жипслаштирувчи омил сифатида баҳо берди. Шу нуқтаи назардан, Озарбайжоннинг Марказий Осиё давлатларини Туркия билан боғлайдиган «Транс-Каспий транспорт йўлаги» транзит имкониятларини кенгайтириш бўйича режаларини амалга оширишга бўлган эҳтиёж ортаётганлигига урғу берилди. Шу мақсадда у яқин истиқболда Озарбайжонда таҳлилий марказларнинг навбатдаги учрашувини ўтказишни таклиф қилди ва уни туркийзабон давлатлар ўртасидаги транспорт-коммуникация алоқаларини янада мустаҳкамлаш масалаларига бағишланишини амълум қилди.
Туркийзабон давлатларнинг ҳамкорлик кенгаши доирасидаги ўзаро ҳамкорлигининг яна бир истиқболли йўналиши сифатида эса илм-таълим соҳаси деб қайд этилди. Ушбу йўналишдаги алоқаларни ривожлантириш масалаларига Туркия ташқи сиёсат институти президенти Хусейн Багджи алоҳида тўхталиб ўтди. Унинг фикрларига кўра, илм-фанни биргаликда тарғиб қилиш ва академик алмашинувни кенгайтириш туркий ҳамжамиятнинг умумий ривожланишини таъминлаш учун асос бўлиб, ёш авлодга ягона умумтарихий илдизларга эга эканлигимизни англашда муҳим восита бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Шу билан бирга, туркиялик мутахассис ташкилотдаги ўзаро алоқаларнинг ҳозирги даражасини мамнуният билан қайд этди. Унга кўра, бу ҳолат Туркий Кенгаш давлатлари қариндошлик ва этник алоқаларини ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорликка ўзгартира олганлигини намойиш этади. Эксперт сўзлари билан айтганда, сўнгги йилларда Кенгаш ўзини кўп қиррали ўзаро алоқаларни ривожлантиришнинг самарали механизмларига эга минтақавий тузилма сифатида намоён этди.
Бу фикрни Венгрия Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Ташқи ишлар ва савдо институти директори Мартон Угрошди тўлиқ қўллаб-қувватлади. Венгрия «ақл маркази» директори яна Будапешт Туркий Кенгаш мамлакатлари билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга катта қизиқиш билдиришини айтиб ўтди.
Венгрия Бош вазири В.Орбаннинг Ўзбекистонга ташрифи якунларига кўра имзоланган муҳим шартномалар тўплами бунга ёрқин мисол бўла олади.
Шунингдек, эксперт туризмни ривожлантириш мамлакатлар ўртасида умумий қизиқиш туғдирадиган яна бир масала эканлигини таъкидлади. Унинг фикрига кўра, халқаро туризм соҳасида ҳамкорлик катта салоҳиятга эга, чунки Кенгаш мамлакатлари умумий тарих ва маданиятга эга. Шу ўринда эксперт Будапешт туркийзабон мамлакатларнинг сайёҳлик салоҳиятини ривожлантириш учун ўзаро яқин ҳамкорлик қилиш ва ўз тажрибаси билан ўртоқлашишга тайёрлигини таъкидлади.
Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти мутахассиси Асел Абен ҳам ушбу мавзуга алоҳида тўхталиб ўтди. Мутахассис тиббий туризмни ривожлантиришга эътибор қаратиш зарур деб ҳисоблайди. Таъкидланишича, бу нафақат одамлар саломатлигини яхшилашга ижобий таъсир кўрсатади, балки аъзо давлатларнинг миллий иқтисодиётини ривожлантиришга катта ҳисса қўшади. Экспертнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2020 йилда тиббий туризм бозори 10,1 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2021-2027 йилларда бу кўрсаткич уч баравар ошиб, 37 миллиард долларни ташкил этади.
Қолаверса, 2020-2021 йиллардаги глобал тиббий туризм индексига кўра 46 мамлакат орасида Венгрия 23-ўринни, Туркия эса 30-поғонани эгаллаб турибди. Шуни инобатга олган ҳолда, ушбу давлатларнинг (Венгрия ва Туркия) тиббий туризм тажрибаси Туркий Кенгашга аъзо бошқа давлатлар учун фойдали ва зарур бўлиши таъкидланди.
Ўз навбатида, СМТИнинг етакчи тадқиқотчиси Азиз Каримов транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш устувор мақсадлардан бири бўлиб қолишини қайд этди. Хусусан, у юқори даражада ривожланган ва барқарор транспорт тармоқларини яратиш минтақавий иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлаш, туркий тилли давлатлар иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш, уларнинг барқарор ўсишини таъминлаш ва барча аъзо давлатларнинг инвестиция жозибадорлигини ошириш учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини ҳам қўшимча қилди. Шу билан бир қаторда, ушбу мақсадларнинг рўёбга оширилиши ташкилотга аъзо давлатларнинг халқаро савдо тизимидаги ва шаклланаётган глобал таъминот занжири янги моделидаги ўрнини мустаҳкамлайди.
Учрашув якунида иштирокчилар бир овоздан ташкилот кун тартибидаги долзарб масалаларни батафсил ва атрофлича муҳокама қилиш учун бундай эксперт учрашувларини доимий равишда ўтказиб туриш зарурлигини қўллаб- қувватладилар.