А.Ачарья – Вашингтондаги Америка университети профессори, халқаро муносабатлар ва минтақалашув бўйича етакчи олимлардан бири. Унинг “Жануби-шарқий Осиёда хавфсизлик ҳамжамиятининг шаклланиши” ва “Аввалги ва бўлажак жаҳон тартиби” каби ишлари академик доираларда юксак эътирофга сазовор бўлиб, энг кўп иқтибос келтирилган илмий асарлар қаторига киради. Олим Осиё сиёсий ва халқаро тадқиқотлар ассоциациясининг асосчиси ҳисобланади. Аввал АҚШ Халқаро тадқиқотлар ассоциацияси президенти лавозимида фаолият юритган.
– Бугун биз шундай бир дунё сари боряпмизки, унда жаҳон тартиби элементлари ягона устун куч эмас, балки турли акторлар – цивилизациялар, минтақалар ва давлатлар томонидан ишлаб чиқилади ва бошқарилади. Бу – мультиплекс, яъни хилма-хил, кўп босқичли ва кўп акторли жаҳон тартибидир, – деди у.
Унинг фикрича, асосий ролни фақатгина йирик давлатлар ўйнайдиган кўп қутбли дунё моделидан фарқли ўлароқ, мультиплекс жаҳон тартиби кичик давлатлар ва ривожланаётган минтақаларнинг аҳамиятини оширишни кўзда тутади.
– Халқаро муносабатлар тизимида глобал бошқарув йўқолиб кетмайди, аммо у тобора хилма-хил тус олиб, унда минтақавий ташкилотлар ва бир гуруҳ давлатлар иштироки кенгайиб боради, – деди олим. – Бундай жаҳон тартиби маданий, сиёсий ва иқтисодий хилма-хиллик билан ажралиб туради. Давлатлар бир хил, масалан, демократия ёки авторитаризм йўлидан бормайди.
Унинг қайд этишича, глобаллашувнинг янги шакли пайдо бўлади, яъни мазкур жараён ҳозиргидек Ғарб томонидан эмас, кўпроқ Шарқ – Хитой, Ҳиндистон ва бошқа Осиё давлатлари томонидан белгиланади.
А.Ачарьянинг фикрича, бундай мультиплекс жаҳон тартиби минтақалар учун янги имкониятлар эшигини очади. Унинг марказлашганлик даражаси камайиши натижасида минтақавий акторлар глобал архитектурани шакллантиришда фаол иштирок эта олади.
Ўз фикрини давом эттириб, олим бу жараён кўп жиҳатдан минтақаларнинг мустақиллигига, аниқроғи, уларнинг ўзини ўзи ташкил этиши, ҳамкорликни йўлга қўйиши ва зиддиятларни бошқариш қобилиятига боғлиқ бўлишини айтди.
– Минтақаларнинг муваффақияти, энг аввало, уларнинг ички бирдамликни таъминлай олиши, ички низолардан қочиши ва ташқи кучлар таъсиридан мустақиллигини сақлаб қолишига боғлиқ, – деди сиёсатшунос.
Шу маънода А.Ачарья Марказий Осиёда кучли минтақалашув учун мустаҳкам асослар борлигига алоҳида эътибор қаратди.
– Минтақавий ўзига хослик масаласи минтақа давлатлари учун долзарб аҳамият касб этмоқда, – деди у. – Минтақавий ўзига хослик олдиндан мавжуд, тайёр ҳолат эмас, уни фақат географик яқинлик, тил ёки маданий ўхшашлик, этник алоқалар билан белгилаб бўлмайди. – Бу етарли эмас. Минтақани халқаро муносабатлар тизимида яхлит ва мақсадли субъект сифатида шакллантириш учун сиёсий ва ижтимоий ирода ҳам зарур.
Бу жараёнда биз минтақалашув деб атайдиган омиллар – минтақавий ҳамкорлик ва минтақавий институтлар муҳим ўрин тутади, деб хулоса қилди А.Ачарья.
Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиё экспертлар форуми СМТИ томонидан Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), Конрад Аденауэр номли жамғарма билан ҳамкорликда ташкил этилган. Форум ишида Марказий Осиё давлатлари стратегик институтлари, илмий-тадқиқот марказлари ва академик доиралари вакиллари иштирок этди. Мулоқотга илк бор Европа Иттифоқи, АСEАН, Шимолий кенгаш мамлакатларидан таниқли экспертлар, шунингдек Россия, АҚШ, Буюк Британия, Швейцария, Озарбайжон тадқиқотчилари таклиф этилди.
Ғ.Хонназаров тайёрлади, ЎзА.