Конференция Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Хитой Халқ Республикаси Давлат Кенгаши ҳузуридаги Европа ва Осиё ижтимоий тараққиёт институти Тараққиёт тадқиқот маркази билан ҳамкорликда гибрид шаклда ўтказилди.
Жорий йилда кутилаётган икки томонлама муҳим тадбирларга тайёргарлик кўриш доирасида ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон ва Хитойнинг сиёсий-дипломатик доира вакиллари, етакчи таҳлил марказлари ходимлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов ва Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь 30 йилдан ортиқ вақт давомида икки мамлакат ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик муваффақиятли йўлга қўйилгани ва бу ҳамкорлик кўлами йил сайин кенгайиб бораётганини алоҳида таъкидладилар.
Дарҳақиқат, бугунги кунда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик самараси ҳар икки давлат учун ҳам манфаатли бўлмоқда.
Бунга олий даражадаги қизғин сиёсий мулоқот, шунингдек, икки давлат раҳбарлари ўртасида ўрнатилган дўстона ва ишончли муносабатлар ёрдам бермоқда. Хусусан, 2017 йилдан буён давлат раҳбарлари ўртасида 3 та телефон мулоқоти ва 8 та учрашув бўлиб ўтди. ХХР раиси Си Цзиньпин 2022 йилда Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келган. Ўз навбатида Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017, 2019, 2022, 2023 йилларда Хитойда бўлган.
Йиғилишда қайд этилганидек, 2022 ва 2023 йилларда амалга оширилган ўзаро давлат ташрифлари натижасида умумий қиймати 40 миллиард доллардан ортиқ бўлган савдо шартномалари ва инвестиция келишувларини амалга ошириш бўйича 60 га яқин ҳужжат имзоланди ва келишувларга эришилди.
Бугунги кунда давлат раҳбарлари даражасидаги “Марказий Осиё – ХХР” формати Хитойнинг Марказий Осиё мамлакатлари билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари учун янги платформага айланди.
Давлатимиз раҳбари Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан “Бир макон, бир йўл” халқаро форумларида шу пайтгача уч марта иштирок этиб, Ипак йўли иқтисодий камари «Яшил ипак йўли» ташаббусини илгари сурган эди.
Aнжуманда сўзга чиққанлар сўнгги йилларда савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик барқарор ўсиш суръатларида намоён бўлаётганини таъкидладилар.
- Бугунги конференция жуда муҳим ва аҳамиятлидир, - дейди элчи Юй Цзюнь. – Ўтган йил давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари жуда юқори поғоналарга кўтарилди дейиш мумкин. Хитой Ўзбекистоннинг етакчи савдо ҳамкори ва иқтисодиётининг йирик инвесторига айланди. 2022 йил якунига кўра ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 9 миллиард долларни ташкил этди ва 2017 йилга нисбатан қарийб 2 баробар ошди. 2023 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 34 фоизга ошиб 12 миллиард доллардан ошди. Мамлакатингизга киритилган Хитой сармоясининг умумий ҳажми 5 баробар ошиб, қарийб 11 миллиард долларни, Хитой капитали иштирокидаги корхоналар сони эса 3 баробарга кўпайди.
Конференция давомида экспертлар икки давлат ўртасида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар, хитойлик инвестор учун яратилаётган шароитлар, яшил энергетика, нефть-газ, кимё, IT-саноати, гидроэнергетика, енгил саноат, автомобилсозлик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳалардаги ҳамкорлик алоқалари ҳақида сўз юритишди.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигининг яна бир истиқболли йўналиши - рақамли ривожланишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. ХХРнинг бу борадаги бой тажрибаси ва ютуқларини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Хитой билан рақамлаштириш, электрон тижорат, ақлли қишлоқ хўжалиги ва яшил иқтисодиёт соҳалари бўйича ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришдан манфаатдор.
Йиғилиш якунида конференция иштирокчилари Ўзбекистон-Хитой муносабатлари ривожида ўсиш суръатлари давом этиши кераклигини ва икки томонлама ҳамкорликни янада юқори даражага кўтариш муҳимлигини алоҳида қайд этишди.