БМТ шафелиги остида ўтган конференцияда Ўзбекистоннинг чегара хавфсизлигини таъминлаш тажрибаси тақдим этилди

19 октябрь куни Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармаси ва Тожикистон ҳукумати таклифига биноан Душанбега ташриф буюрди.

У “Терроризмга қарши кураш ва террорчилар трансчегаравий ҳаракати олдини олиш мақсадида чегара хавфсизлиги бўйича халқаро ва минтақавий ҳамкорлик” мавзусида бўлиб ўтган юқори даражадаги халқаро конференцияда модератор сифатида иштирок этди.

Чегара хавфсизлигини таъминлаш масалаларида қонун устуворлиги ва жамиятнинг барча қатламлари иштирокини таъминлашга қаратилган сессияда халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва дипломатик корпус вакиллари қатнашди.

Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибасига тўхталар экан, СМТИ директори Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан бу борада олиб бораётган сиёсат асосий тамойили – терроризмга қарши кураш фундаментал асоси инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, қонун устуворлигини таъминлаш эканлигини қайд этди. Терроризмга қарши кураш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бир-бирига зид бўлмаган, балки бир-бирини тўлдирадиган ва мустаҳкамлайдиган мақсадлар эканлиги алоҳида таъкидланди.

Э.Арипов, айниқса, Марказий Осиё минтақасида жамиятда ўзаро мулоқотни, таълим-тарбияни ривожлантириш, хотин-қизлар ва ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш каби муаммоларни ҳал қилмасдан туриб, терроризмга қарши самарали кураш ҳақида гапириш мумкин эмас, деди. Бу масалалар ўзаро боғлиқлиги аёнлашаётгани қайд этилди.

СМТИ директори бугунги кунда Марказий Осиёда аксилтеррор сиёсати кенг қамровли ва инклюзив ёндашувга асосланиши зарурлиги ҳақида тушунча шаклланганига ҳам тўхталди. Жорий йил март ойида Тошкент шаҳрида қабул қилинган БМТ Марказий Осиёда Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режасига мувофиқ, терроризмга қарши курашда минтақа барча мамлакатлари нафақат давлат органлари, балки фуқаролик жамияти институтларини ҳам жалб этиш долзарблиги қайд этилди.

Шунингдек конференция доирасида, БМТ бош котиби ўринбосари – БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармаси раҳбари Владимир Воронков билан ҳам учрашув бўлиб ўтди. 

Учрашув давомида СМТИ ва БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармаси ўртасидаги ҳамкорлик ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар Ўзбекистон ва БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармаси ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси”, Ўзбекистон президентининг жорий йил 3-4-март кунлари БМТ Марказий Осиёда Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Тошкент конференциясида илгари сурилган ташаббусларини ҳаётга татбиқ этишда ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.

Учрашувда ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича англашув меморандумини имзолашга келишилди.

Манба