27 декабрь куни хорижий давлатларнинг Ўзбекистонга янги тайинланган элчилари томонидан ишонч ёрлиқларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Латвия Республикаси элчиси Рейнис Трокша, Венгрия элчиси Дьюла Ковач, Франция Республикаси элчиси Орелия Бушез ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги элчиси Юсуф ал-Утайбийдан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди.
Давлатимиз раҳбари янги тайинланган элчиларни мамлакатимизда дипломатик миссиясини бошлагани билан самимий табриклади.
Ўзбекистон хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан конструктив мулоқотни ривожлантириш, ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтиришга муҳим аҳамият қаратаётгани таъкидланди.
Президентимиз мамлакатимиз демократик янгиланишларни давом эттириш, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси асосида комплекс ислотҳотларни амалга оширишда изчилликни таъминлаш йўлида қатъий эканини қайд этди.
Тараққиёт стратегиясида ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, эркин ва очиқ жамият, халқчил давлат барпо этиш бош мақсад қилиб белгиланган.
Ўзбекистонни 2030 йилга бориб аҳоли даромадлари ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган мамлакатга айлантириш асосий вазифадир. Шу мақсадда бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, янги иш ўринларини яратиш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, хорижий инвестиция ва технологияларни кенг жалб этишга катта эътибор қаратилмоқда.
Прагматик ва чуқур ўйланган ташқи сиёсат ва иқтисодий дипломатия бундан буён ҳам давом эттирилади.
Марказий Осиё давлатлари билан яхши қўшничилик муносабатлари ва шериклик алоқаларини мустаҳкамлаб бориш устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.
Ўзбекистон Россия, Хитой, АҚШ, шунингдек, Европа, Жанубий Осиё, Осиё-Тинч океани ва Яқин Шарқ давлатлари билан кўп қиррали ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқмоқда.
Президентимиз таъкидлаганидек, биз дунёга, дунё эса бизга очиқ бўлиши керак – бу бугунги тараққиётнинг асосий талаби. Ўзбекистон Республикаси Ташқи сиёсий фаолияти концепцияси янги таҳрирда қабул қилинади.
Минтақамизнинг ажралмас қисми сифатида қаралаётган Афғонистондаги вазиятнинг тартибга солинишини давлатимиз раҳбари хавфсизликни таъминлашнинг энг муҳим омили, деб атади. Ўзбекистон яқин қўшнимиз бўлган ушбу мамлакатда иқтисодий ва гуманитар инқирозга йўл қўймаслик, тинчлик ўрнатилишига кўмаклашиш учун халқаро ҳамжамият билан кенг кўламли ҳамкорликка тайёр, деди Президент.
Ўзбекистон етакчиси янги тайинланган элчилар вакиллик қилаётган мамлакатлар билан кенг кўламли ва узоқ муддатли ҳамкорликнинг истиқболларига тўхталиб ўтди.
Латвия Ўзбекистоннинг Европадаги ишончли ва муҳим шериги бўлиб, узоқ йиллардан буён мамлакатимизнинг Болтиқ ва Скандивания бозорларига чиқишида кўмаклашиб келмоқда.
Давлатларимиз ўртасида анъанавий дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатлар қарор топган. Латвия Республикаси халқаро ташкилотлар ва Европа Иттифоқи доирасида мамлакатимизни доимо қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Шу билан бирга, ҳамкорликни ривожлантириш учун ҳали ишга солинмаган катта имкониятлар мавжуд. Икки мамлакат ўртасидаги савдо муносабатларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланиш, транспорт, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тўқимачилик саноати, туризм соҳаларида қўшма лойиҳа ва дастурларни фаол илгари суриш зарурлиги таъкидланди.
Латвия юқори даражадаги делегацияларининг 2022 йилга режалаштирилган Ўзбекистонга ташрифлари ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имкониятлар очади.
Ўзбекистон етакчиси Венгрия билан кўп асрлик тарихий яқинлик ва халқларимизнинг қардошлик ришталарига асосланган икки томонлама муносабатлар кейинги йилларда изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.
Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг жорий йил март ойидаги Ўзбекистонга ташрифи давомида Ўзбекистон-Венгрия ҳамкорлиги стратегик шериклик даражасига кўтарилди.
Икки мамлакат етакчилари ўртасидаги конструктив мулоқотнинг давом эттирилиши давлатлараро муносабатларнинг янада ривожланишига хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Сўнгги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми икки баробарга ошди. Венгриянинг етакчи компаниялари билан биргаликда қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Ҳудудлараро ҳамкорлик механизми яратилди. Жорий йил июнь ойида икки мамлакат олий таълим муассасалари ректорларининг биринчи форуми муваффақиятли ўтказилди. Сентябрь ойидан бошлаб Венгрия олий таълим даргоҳларида “Хунгарикум” дастури доирасида ўзбекистонлик талабалар таҳсил ола бошлади.
Қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, машинасозлик, фармацевтика, логистика, туризм каби муҳим соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.
Улкан халқаро нуфуз ва салмоқли иқтисодий салоҳиятга эга Франция Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги муҳим шерикларидан биридир.
2018 йил октябрда Францияга амалга оширилган олий даражадаги расмий ташриф ҳамда жорий йил август ойида Президент Эммануэль Макрон билан телефон орқали мулоқотлар Ўзбекистон-Франция муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Ўзбекистонда Франция компаниялари билан биргаликда қатор ўзаро манфаатли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жиззах вилоятида “Renault” автомобилларини ишлаб чиқариш, “EDF” билан биргаликда энергетика объектларини, “Veolia” иштирокида коммунал инфратузилмани модернизация қилиш, “Total Eren” билан ҳамкорликда қуёш электр станциясини қуриш шулар жумласидан.
Ўзбекистон Президенти мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий лойиҳа ва дастурларни амалга оширишга кўмаклашаётган Франция тараққиёт агентлиги билан ҳамкорликни юқори баҳолади.
Юртимиз инновация, қишлоқ хўжалиги, авиасозлик, тоғ-кон саноати, тиббиёт, таълим ва туризм соҳаларида истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришдан манфаатдор экани таъкидланди. Қайд этилганидек, 2022 йилда Лувр музейида Ўзбекистон маданий меросига бағишланган кўргазма ўтказилади.
Давлатимиз раҳбари Франциянинг 2022 йилнинг биринчи ярмида ЕИ Кенгашига раислиги даврида Ўзбекистоннинг Евроиттифоққа аъзо мамлакатлар билан кўп томонлама алоқалари янада мустаҳкамланишига ишонч билдирди.
Саудия Арабистони нафақат араб-мусулмон оламида, балки бутун дунёда катта нуфузга ва молиявий-иқтисодий салоҳиятга эга бўлиб, Ўзбекистоннинг муҳим ҳамкоридир.
Икки муқаддас масжид ходими, Подшоҳ Салмон Ол Сауд ва Валиаҳд Муҳаммад Ол Сауд билан учрашувлар икки томонлама муносабатлар ривожига қўшимча суръат бағишлади, деди Президентимиз.
Ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал ва Инвестиция вазири Холид ал-Фалиҳнинг жорий йилда мамлакатимизга амалга оширган ташрифлари Ўзбекистон-Саудия ҳамкорлигини кенгайтириш ва мустаҳкамлашга муҳим ҳисса қўшди.
Президентимиз мамлакатимиз ҳудудларида Саудиянинг “ACWA Power” компанияси билан ҳамкорликда энергетика соҳасида йирик лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётганини мамнуният билан қайд этди.
Юртимизда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга Саудия тараққиёт жамғармаси ҳам салмоқли молиявий кўмак кўрсатиб келмоқда.
Икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, Саудия компаниялари билан янги лойиҳаларни илгари суриш муҳим экани таъкидланди.
Ишонч ёрлиқларини топшириш маросими якунида Ўзбекистон Президенти хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари раҳбарларига уларнинг Ўзбекистон Республикаси билан дўстлик ришталари ва кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги масъулиятли ва шарафли фаолиятига катта муваффақиятлар тилади.
Дипломатлар самимий қабул ва самарали фаолиятига яратилган шароитлар учун миннатдорлик билдириб, ўзаро манфаатли алоқаларни янада ривожлантиришга бор куч-ғайрати, билими ва профессионал тажрибасини қаратишларини қайд этдилар.