21 июнь куни Олмаота шаҳрида «Етакчиликнинг 30 йиллиги» мавзусида халқаро илмий анжуман бўлиб ўтди. Тадбир Қозоғистон Республикаси биринчи Президенти кутубхонаси, Қозоғистон Республикаси биринчи Президенти фонди ва Олмаота ҳокимияти кўмагида ташкил этилди. Ушбу тадбир мустақил Қозоғистон тарихида муҳим сана - Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президентини Н.А.Назарбоевнинг мамлакат энг олий лавозимига киришганига 30 йил тўлганлигига бағишланди.
Тадбирда Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти - Елбаси Н.Назарбаев, таниқли хорижий ва Қозоғистон жамоат ва давлат арбоблари, тадқиқотчилар ва экспертлар иштирок этди.
Йиғилишда СМТИ директори Э.Арипов иштирок этди. Ўз нутқида у ўзбек-қозоқ муносабатларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, Елбаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари натижасида икки томонлама муносабатларда янги давр очилди. Икки мамлакатнинг принципиал позицияси Оролни Қутқариш Халқаро Жамғармасини ташкил этишга имкон берди. Ўзбекистон ва Қозоғистон Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш масалалари билан ҳам яқин ҳамкорликни йўлга қўйдилар.