Ўзбек, хитой, рус ва инглиз тилларида тайёрланадиган китоб ташкилотчилари режасига кўра, нашрнинг Ўзбекистондаги тақдимоти 2022 йил ёзига мўлжалланган.
Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида асрлар мобайнида синовдан ўтган дўстона алоқалар янада ривожланмоқда. Бу мамлакатларимиз раҳбарлари мулоқотлари, расмий ташрифлар чоғида эришилган келишувларнинг самарали амалга ошаётгани, барча соҳаларда ҳамкорлик йўлга қўйилгани, халқларимиз ўртасида тарихий дўстлик муносабатлари янгича руҳда давом этаётганида ҳам ўз аксини топади.
Энди ана шу муносабатларнинг ривожланиш тадрижи китоб шаклида тарихга муҳрланади. Бу китобни ҳар икки юрт ёшлари, кейинчалик уларнинг фарзандлари ўқиб, давлатларимиз раҳбарлари асос солган, бағрикенглик тамойилларига асосланган ҳамкорликни давом эттиришига шубҳа йўқ.
Гап шундаки, ЎзРФА Тарих институти ва ХХРнинг Ганьсу вилояти Ижтимоий фанлар академияси вакиллари “Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстона муносабатларнинг ривожланиш тарихи” китобини нашр этиш қўшма лойиҳасини муҳокама қилиб, ҳамкорлик келишувини имзолади.
Видеоанжуман шаклида бўлиб ўтган тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори ўринбосари Санжар Валиев, ХХРнинг Ганьсу вилояти Ижтимоий фанлар академияси президенти Ван Фушэн ва бошқалар таъкидлаганидек, мақсад аниқ – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин раҳбарлиги даврида дўстона муносабатларнинг ривожланиш истиқболлари, ШҲТ доирасидаги ташаббуслар мазмун-моҳиятини бугунги ва келажак авлодларга мерос қолдириш.
– Ўзбекистон ва Хитойнинг сиёсий, дипломатик, иқтисодий, илмий ва маданий алоқалари тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади, – деди ЎзРФА Тарих институти директори Азамат Зиё. – Маълумотларга кўра, қадимги Хитойдан милоддан олдинги 989-988 йилларда Чжоу сулоласининг бешинчи ҳукмдори Му Таянзи Туронга келган. Кўриниб турибдики, икки мамлакат ўртасидаги алоқалар бундан камида уч минг олдин бошланган. Бу икки халқ ўртасидаги ўзаро муносабат ва боғлиқликлар бир-бирининг турмушини бойитиш учун етарли даражада бўлганидан далолат беради. Ҳозир икки мамлакатда ҳам Ўзбекистон – Хитой савдо уйлари фаолият кўрсатмоқда. Агар ўтмиш алоқалари тизимли равишда ва ҳаққоний манбаларга таянган ҳолда ўрганилса, бу борада янада катта натижаларни қўлга киритишга эришилади. Мазкур китобни яратиш борасидаги қўшма лойиҳа бу йўлдаги биринчи қадам бўлиб хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Тадбирда китобни нашрга тайёрлаш режаси ва муаллифларнинг қўшма гуруҳи тасдиқланди. Лойиҳада Ўзбекистон томонидан ЎзРФА Тарих институти, Шарқшунослик институти ва Тошкент давлат шарқшунослик университетининг етакчи олимлари иштирок этади.
Ўзбек, хитой, рус ва инглиз тилларида тайёрланадиган китоб ташкилотчилари режасига кўра, нашрнинг Ўзбекистондаги тақдимоти 2022 йил ёзига мўлжалланган.