29 сентябрь куни видеоконференция шаклида ШҲТ форумининг XV йиғилиши бўлиб ўтди. Қирғизистон стратегик тадқиқотлар миллий институти ва ШҲТ Котибияти ҳамкорлигида ташкил этилган онлайн-учрашувда ШҲТ Бош котиби, Қирғизистон Республикаси бош вазири ўринбосари иштирок этди.
Онлайн-форум ташкилотга аъзо 18 та давлатлар етакчи тадқиқот институтларининг 35 нафар экспертлари ва мутахассислари иштирокида ўтказилди. Ҳиндистон халқаро ишлар кенгаши, Нурсултон Назарбоев жамғармаси ҳузуридаги жаҳон иқтисодиёти ва сиёсати институти, Хитой халқаро муаммолар академияси, Покистон глобал ва стратегик тадқиқотлар маркази, Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги стратегик тадқиқотлар маркази шулар жумласидандир.
Мамлакатимиз номидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро Институти ҳамда Халқаро муносабатлари ахборот-таҳлил марказининг етакчи экспертлари иштирок этишди.
ШҲТ Форуми кенг қиррали учрашув бўлиб, у Ташкилот фаолиятига кўмаклашиш ва илмий қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган. Форум ШҲТ фаолиятидаги вазифалар ва тамойилларни тушунтириш, сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт, экологик ва янги технологиялар, гуманитар ва бошқа соҳалардаги олимлар ва экспертлар ўртасидаги алмашинувларни рағбатлантиришда платформа вазифасини ўтайди.
Онлайн-мулоқотда ШҲТ маконида юзага келган вазият, мавжуд таҳдидлар, кўп томонлама ҳамкорликни ривожалантириш учун янги ёндашувлар, пандемия даврида Ташкилот доирасида барқарор тинчликни қуриш юзасидан фикр алмашилди.
ШҲТ Бош котиби Владимир Норов иштирокчиларни қутлар экан, коронавирус пандемияси ШҲТ га аъзо бўлган иштирокчи давлатларнинг хавфсизлиги ва барқарор тараққиётига замонавий таҳдидларнинг трансчегаравий ва кенг кўламли хусусиятини намойиш этганини қайд этди.
Ушбу вирусли касалликнинг вайронкорлик кучи ҳар қандай террорчилик ҳаракатидан анча кучли эканини кўрсатди.
В.Норов ШҲТнинг иқтисодий ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича вазифаларни ҳал этишдаги роли анча кучайганини қайд этди. Ташкилот ўз фаолияти давомида минтақада муносабатлар ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашда муҳим омилга айланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро Институти директор ўринбосари Санжар Валиев конференция очилишида сўзга чиқиб, хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, терроризм, экстремизмга қарши курашда ҳамкорлик қилиш муҳим эканини таъкидлади.
С.Валиев биологик хавфсизлик соҳасида ҳамкорликнинг самарали механизмларини яратиш, янги эпидемиологик таҳдидларга биргаликда тайёргарлик кўриш зарурлигини алоҳида қайд этди.
Экспертнинг фикрича, бугунги кунда ШҲТ олдида турган муҳим вазифалардан бири ҳамкорликнинг иқтисодий жиҳатларини тубдан кучайтиришдир. Унинг сўзларига кўра, «ШҲТ халқлари пандемия туфайли юзага келган инқирознинг оғир оқибатларини бошдан кечириб, пандемиядан зарар кўрган иқтисодиёт тармоқларининг тикланиши бўйича саъй-ҳаракатларни кутишмоқда».
С.Валиевнинг фикрича, келишувларни тезлаштириб, Марказий Осиёда инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни бошлаш зарур. Минтақада транспорт йўлаклари тармоғини қуришни давом эттириш, иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш учун банк-молия институтларини ташкил этиш керак.
Бу борада Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази вакили Кристина Жўрақулова Ўзбекистон ШҲТ билан иқтисодий кооперацияни ривожлантириш тарафдори эканини қайд этди. Экспертнинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг ташкилот иштирокчилари билан товар айланмаси ўсиши кузатилмоқда. 2019 йилда товар айланмаси ҳажми 2018 йилга нисбатан 20%га ўсган.
2020 йилнинг 8 ойи якунларига кўра, Хитой (16,4%), Россия (14,6%) ва Қозоғистон (7,2%) йирик ташқи савдо шериклари бўлишган.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро Институтининг бўлим бошлиғи Саъдулло Расулов сўзга чиқиб, коронавирус инфекциясига қарши курашда ташкилотга аъзо давлатлар тиббиёт ва соғлиқни сақлаш соҳасида юксак даражада бирдамлик, давлатлараро ҳамжиҳатликни намойиш этганликларини таъкидлади.
Унинг таъкидлашича, Россия ва Хитойда вакцинанинг яратилиши ШҲТ га аъзо давлатларнинг юксак технологик салоҳиятидан дарак беради.
Покистон глобал ва стратегик тадқиқотлар маркази президенти Сайид Халид Жаффари ШҲТ ва БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф этди.
Шу билан бирга, россиялик ва ҳиндистонлик экспертлар хавфсизлик ва маданий-гуманитар соҳалардаги яқин ҳамкорликка қарамай, ШҲТ доирасида иқтисодий кооперация салоҳияти охиригача рўёбга чиқарилмаётганини қайд этишди. Хитой халқаро муаммолар академияси вице-президенти Жун Ин ва Нурсултон Назарбоев жамғармаси ҳузуридаги жаҳон иқтисодиёти ва сиёсати институти корпоратив фонди жамғармаси директори Е.Салтибоев ҳам шу нуқтаи назарни қўллаб-қувватлашди.
Умуман олганда, форум ташкилотнинг муҳим тадбирларидан бири бўлди. Экспертлар фикр алмашиб, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни янгилаш, пандемия туфайли тўхтаб қолган сайёҳлар оқимини ривожлантириш бўйича долзарб таклифларни илгари суришди. Қирғизистон стратегик тадқиқотлар миллий институти директори Э.Каптагаев қайд этганидек, форум йиғилишида билдирилган фикр ва мулоҳазалар ШҲТ доирасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалий вазифаларни ҳал этишда янги йўналишларни ишлаб чиқишда ҳисобга олинади.