Ўзбекистон ва Италия: ҳамкорликнинг янги қирралари

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси 29 май куни Рим шаҳрида “Ўзбекистон ва Италия: ҳамкорликнинг янги қирралари” мавзусидаги давра суҳбатида иштирок этди.

Тадбир Италия Ташқи ишлар вазирлиги ҳузурида фаолият юритувчи мамлакатнинг етакчи таҳлилий ва тадқиқот тузилмаларидан бири бўлган Италия халқаро ташкилотлар жамияти билан ҳамкорликда ўтказилди.

Тадбирда Италия ТИВ, турли давлат идоралари, етакчи компаниялари, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда Ўзбекистон-Италия ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Шунингдек, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

Давра суҳбатида сўзга чиққан Элдор Aрипов мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб ўттиз йилдан ортиқ вақт давомида Италия Ўзбекистоннинг Европадаги ишончли шериги сифатида мамлакатнинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшиб келаётганини алоҳида таъкидлади.

Шу муносабат билан, Элдор Aриповнинг қайд этишича, амалга оширилаётган Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси ва Конституциянинг янгиланган таҳриридан келиб чиқадиган вазифалар Ўзбекистон-Италия муносабатларини чуқурлаштириш ва кенгайтириш учун янги истиқболларни очмоқда.

Рим Ўзбекистондаги ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Италиялик ҳамкорлар мамлакатда демократик институтларни мустаҳкамлаш, иқтисодиётни либераллаштириш ва диверсификация қилиш борасида олиб борилаётган изчил сиёсатни юксак баҳолайди.

Италиялик экспертлар нафақат Римда, балки Европа Иттифоқида ҳам Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни катта қизиқиш билан кузатишаётганини, бу орқали, энг аввало, халқ фаровонлигини таъминлаш вазифалари устувор эканлигини таъкидлади.

Италиянинг Тошкентдаги элчиси Aгостино Пиннанинг сўзларига кўра, 2017 йилдан Ўзбекистонда изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Янги конституциявий ислоҳот бозор иқтисодиёти учун янада мустаҳкам пойдевор яратди: тадбиркорлик фаолиятининг асосий эркинликлари ва кафолатлари мустаҳкамланмоқда, хусусий мулк ҳимояси кучайтирилмоқда.

Aгостино Пиннанинг сўзларига кўра, Италия-Ўзбекистон муносабатлари айнан шундай жадал ва изчил ривожланаётган парадигмада гуллаб-яшнамоқда. Шундай қилиб, 2022 йил якунига кўра, товар айирбошлаш ҳажми 32 фоизга ўсиб, 535,4 миллион еврога етди ва бу Италияни Ўзбекистоннинг Европадаги учинчи йирик савдо ҳамкорига айлантирди.

Италия бизнесининг Ўзбекистонга қизиқиши ўзаро характерга эга бўлиб, давомли ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Кейинги йилларда республикада Италия капитали иштирокида кончилик, металлургия, нефть-кимё ва электротехника саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби янги соҳаларни қамраб олган корхоналар сони икки баробарга ошди. Натижада, сўнгги тўрт йил ичида ўзлаштирилган Италия инвестициялари ҳажми етти баравар кўпайиб, 7,1 миллион доллардан 49,6 миллион долларга етди.

Италия халқаро ташкилотлар жамияти президенти Рикардо Сесса “Ўзбекистон ва Италия кўп асрлик дўстлар” эканини алоҳида қайд этди. Унинг фикрича, икки давлатни узоқ йиллик тарихий ва цивилизацион алоқалар боғлаб туради. Замонавий Ўзбекистон Римнинг Марказий Осиё сиёсатида муҳим ўрин эгаллайди. Мустаҳкам ички барқарорлик ҳамда Тошкентнинг ўзаро манфаатли минтақавий сиёсати Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкорга айлантирмоқда.

Унинг сўзларига кўра, туб ўзгаришлар туфайли Италиянинг Ўзбекистон билан ҳамкорликка бўлган стратегик қизиқиши ортиб бормоқда. Бунинг натижасида парламентлараро алоқалар фаоллашмоқда, Ўзбекистон ва Италия вазирликлари ва идоралари даражасида алоқалар жадал кенгаймоқда.

Давра суҳбати якунида томонлар ўзаро экспертлар мулоқотини янада ривожлантириш, Ўзбекистон ва Италиянинг таҳлилий институтлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш бўйича келишувга эришди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ва Италия халқаро ташкилотлар жамияти ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Ҳужжатда икки давлатнинг таҳлилий марказлари ўртасида қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, томонларни қизиқтирган масалалар юзасидан форумлар, семинарлар ва давра суҳбатлари ташкил этиш орқали ҳамкорлик ва мунтазам ишчи алоқаларни йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Манба