Элдор Арипов: Ўзбекистон ва Қозоғистон умумий cалоҳиятни бирлаштиришга урғу бериши лозим

Остона шаҳрида Ўзбекистон – Қозоғистон экспертлар кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) ва Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар институти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда икки давлат вазирлик, идоралари, эксперт-таҳлилий доиралари раҳбарияти ва вакиллари иштирок этди.

Анжуманда сўзга чиққан СМТИ директори Элдор Арипов Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга давлат ташрифи, шунингдек Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги учрашуви арафасида бўлиб ўтаётган мазкур учрашув ўзига хос рамзий маънога эгалигини қайд этди.

Эксперт таъкидлаганидек, “айни пайт икки давлат раҳбарлари хоҳиш-иродаси туфайли Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида юқори даражадаги сиёсий ишонч шаклланган. Айнан шу омил ҳар қандай сиёсий вазиятдан қатъи назар, ўзаро муносабат изчил мустаҳкамланиши кафолатидир.

СМТИ вакили сўзларига кўра, икки томонлама муносабатда савдо-иқтисодий ҳамкорлик энг муҳим ўринни эгаллайди.

– Қозоғистон бизнинг уч энг йирик ҳамкоримиздан бири, – деди Элдор Арипов.  – Сўнгги 7 йил ичида мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш икки баробардан ортиқ ўсиб, 2023 йил охирида 4,4 миллиард долларга етди. Сармоявий ҳамкорлик юқори суръатда намоён бўлмоқда. 2017 йилдан бошлаб Қозоғистондан Ўзбекистонга инвестиция ҳажми 23 баробар ошди – 2023 йилдаги 10 миллион доллардан 230 миллион долларгача. Юртимизда ушбу давлат капитали иштирокидаги корхоналар сони кўпаймоқда. 2016 йилга нисбатан бу миқдор беш баробар ўсиб, мингдан ошди.

СМТИ директори фикрича, ҳамкорликнинг мавжуд ижобий динамикасини янада мустаҳкамлаш учун “рақобатдош устунликни сақлаб қолиш ва ошириш баробарида янги иқтисодий имкониятга эга умумий салоҳиятни бирлаштиришга таяниш керак”. Икки томон учун ҳам тенг фойда келтирадиган бу ҳолат ўзаро боғланган минтақамизда энг муваффақиятли стратегия сифатида намоён бўлади.

Шу нуқтаи назардан Э.Арипов бир неча масала бўйича диққатни жамлашга чақирди:

Аввало, иттифоқчилик муносабати тўғрисидаги шартномада белгиланган тамойил асосида сиёсий ишончни мустаҳкамлаш, барча даражадаги мунтазам сиёсий мулоқотни давом эттириш ва янада кенгайтириш муҳим. Кўп томонлама платформа доирасида яқин ҳамкорлик, бир-бирини қўллаб-қувватлаш ҳамда ташаббусларни биргаликда илгари суриш талаб қилинмоқда. Икки давлат иштирокидаги йирик халқаро тадбирлар олдидан ўзаро маслаҳатлашув ва фикр якдиллиги жуда муҳим. Бу борада Экспертлар кенгаши беқиёс ҳисса қўшиши мумкин.

Иккинчидан иқтисодиётлар бир-бирини тўлдириши асосида саноат ва технологик ривожланишнинг умумий маконини шакллантириш ғояларини амалга ошириш долзарб. Бу нафақат рақобатдош устунлик, янги иш ўринлари ва технологик салоҳият яратиш, балки қиммат импорт ўрнини босиш, шунингдек учинчи давлатлар бозорига биргаликда киришга асосланиши керак. Бунинг учун бизда барча шароит мавжуд: чорвачилик соҳасида жуда кўп истиқболли лойиҳалар, пахтани етиштириш ва қайта ишлаш, иссиқхона қуриш, автомобил, маиший техника ишлаб чиқариш. Бу омиллар биргаликда иқтисодий ривожланишни таъминлайди. Бундан ташқари қўшма лойиҳалар амалга ошириш, давлат-хусусий шериклик муносабатини йўлга қўйишда кичик ва ўрта бизнесни фаол жалб этиш муҳим.

Учинчидан товар, хизмат, ишчи кучи ва капитал ҳаракати учун “тўсиқсиз” муҳит яратиш долзарб ҳисобланади. Бунинг фойдаси аниқ: истеъмол нархи пасаяди, таъминот занжири қисқа масофага кўчади, бу бизни жаҳон бозоридаги турбулентликдан ҳимоя қилади. Икки давлат чегара ҳудудларини ривожлантириш бош режаларини боғлаш бўйича таклифларимиз бор. Ишончим комилки, имкониятларимиз бир-бирини тўлдириши йўлларини аниқласак, иқтисодий ўсишнинг янги нуқталари очилади.

Манба