Элдор Арипов: Бугун дунё бирлашишга, ўзаро келишувга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳтож

Кеча Пекин шаҳрида "Тинч-тотув яшашнинг беш тамойили" қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Анжуманнинг очилиш маросимида ХХР раиси Си Цзиньпин нутқ сўзлади.

Асосий маърузачилар орасида Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян, ташқи ишлар вазири Ван И ҳамда Япония собиқ Бош вазири Юкио Ҳатояма, Франция собиқ Бош вазири Де Вильпен, Жанубий Корея собиқ Бош вазири Ли Хэ Чан ва бошқа сиёсий арбоблар иштирок этди. Жами ушбу конференцияда 100 дан ортиқ мамлакатлардан 600 га яқин вакиллар қатнашди.

Тинч-тотув яшашнинг бешта тамойили 1955 йилдаги Бандунг конференцияси ва қўшилмаслик ҳаракатининг якуний ҳужжатига асос бўлди. У ҳудудий яхлитлик ва суверенитетни ўзаро ҳурмат қилиш, ҳужум қилмаслик, ички ишларга аралашмаслик, енглик ва ўзаро манфаатлилик, тинч-тотув яшаш каби тамойилларни ўз ичига олади.

Раис Си Цзиньпин ўз нутқи давомида 70 йилдан сўнг тинч-тотув яшашнинг беш тамойили улкан яшовчанлигини намойиш этганини таъкидлади. Улар ўтмишдан қолган муаммолар ва халқаро можароларни тинч йўл билан ҳал қилиш учун мутлақо янги ечимлар топиб, "блок сиёсати" ва "таъсир доираси" ҳақидаги эскирган тор ғоялардан, қарама-қаршилик ва кескинлаштириш тафаккуридан устун бўлганлиги қайд этилди.

Хитой раҳбари Си Цзиньпин, шунингдек, бугунги кунда уларни халқаро ҳамжамиятнинг умумий бойлиги сифатида қадрлаш, давом эттириш ва ривожлантириш кераклигини таъкидлади. Бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, ўз хоҳиш-иродасини бошқа мамлакатларга тиқиштиришга қарши туриш, блоклар қарама-қаршилигига ва "хос гуруҳлар"ни яратишга қарши туриш, шунингдек, бошқа мамлакатларни томонларни танлашга мажбур қилишга йўл қўймаслик – "олтин қоида"га қатъий риоя қилиш барча учун аҳамиятли эканлиги қайд этилди.

"Мустақилликни қўллаб-қувватлаш ҳамда адолатли ва тенг ҳуқуқли халқаро бошқарув тизимини биргаликда барпо этиш" мавзусидаги сессияда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов маъруза қилди. СМТИ раҳбарининг таъкидига кўра, афсуски, "Беш тамойил" қабул қилинганидан 70 йил ўтган бўлса ҳам, дунё барқарор ва адолатли бўлгани йўқ. "Бугунги кунда биз яна бир бор геосиёсий қарама-қаршиликларнинг кучайиб бораётганига, янги зиддиятлар пайдо бўлишига, ишонч даражасининг пасайишига, блоклар тафаккуридаги стереотипларнинг қайта тикланишига, савдо-сотиқ ва санкция урушларининг кучайишига гувоҳ бўляпмиз. Шубҳасиз, бундай шароитда "Беш тамойил"нинг чуқур аҳамияти нафақат ўз долзарблигини сақлаб қолади, балки сезиларли даражада ошади", деди СМТИ директори.

Элдор Арипов, шунингдек, минтақа давлатлари билан яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатиш бўйича тезкор ва қатъий чоралар кўриш зарурлигини англаган Ўзбекистон Президенти 2016 йилдан эътиборан давлат ташқи сиёсатини тинч-тотув яшаш концепциясини илгари сурган эди. У Ўзбекистон минтақавий сиёсатда "муҳим масалалардан қочмаслик, оқилона муросаларни излаш" тамойилига қатъий амал қилишини таъкидлади.

Натижада чегара масалаларини ҳал этиш, ўзаро қарама-қаршиликларни биргаликда бартараф этишда мисли кўрилмаган натижаларга эришилди.

Барча давлат раҳбарларининг донолиги ва сиёсий иродаси туфайли Марказий Осиё бугун тобора мустаҳкамланиб, барқарор минтақага айланиб бормоқда. Марказий Осиё давлатлари ўзларининг минтақавий ўзига хослигини тобора кўпроқ англаб, умумий тинч ва фаровон келажак қуришга интилмоқда.

Шу аснода Элдор Арипов Хитой Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашни тўлиқ қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидлади. Давлат раҳбарлари даражасида "Хитой-Марказий Осиё" формати самарали ривожланмоқда. Транспорт алоқаси, савдо ва инвестициявий ҳамкорлик соҳасида кўп томонлама лойиҳалар амалга оширилмоқда.

СМТИ директори маъруза охирида бугунги кунда дунё ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ бирлашишга, муросага келишга ва тинч-тотув яшаш тамойиллари асосида ишончни тиклашга муҳтожлигини алоҳида урғулади. "Бунинг учун масъулият нафақат қарор қабул қилувчилар, балки тадқиқотчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда ҳар биримизнинг зиммамизда", деди Ўзбекистон вакили.

СМТИ директори дунё ҳеч қачон бунчалик бўлинган ва қутбланган бўлмаганлигини афсус билан қайд этди. Шу ўринда глобал ўзаро боғлиқлик 21- аср тараққиётининг олдиндан белгилаб берувчи мантиғига айланганлиги айтиб ўтилди. Элдор Арипов бу қийинчилик эмас, балки имконият эканлигини тушунишга чақирди. "Умумий муаммоларни ҳал қилишда консолидация ва бирлашишгина ободлик ва фаровонликни кафолатлайди, деди у.

Манба