СМТИ: Ўзбекистон Президентининг янги сиёсати ШҲТ да ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим туртки бўлмоқда

18 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти давлатлари раҳбари саммитида билдирган ташаббусларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси томонидан ташкил этилган тадбирда Олий Мажлис сенаторлари ва депутатлари, етакчи тадқиқот марказларининг раҳбарлари ва экспертлар, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети ректорлари, қатор олий ўқув юртларининг профессор ва тадқиқотчилари ҳамда вазирлик ва идора вакиллари иштирок этишди.

Давра суҳбати иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг ҳозирги халқаро вазият, минтақавий ва ички кун тартибининг устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда, ШҲТ доирасида ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид таклифлари чуқур таҳлил қилишди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори ўринбосари Санжар Валиев асосий маъруза билан чиқиш қилиб, ШҲТ даги энг муҳим тенденцияларга эътибор қаратди ҳамда ушбу ташкилот платформасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришда Ўзбекистоннинг янгича фаол ролини очиб берди.

Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти вакилининг сўзларига кўра, COVID-19 пандемияси глобал ўзгаришларнинг кучли катализатори бўлди, ҳаётимиздаги деярли барча соҳаларга дахл қилди ва ШҲТ доирасидаги амалий ҳамкорликка таъсир кўрсатди. Ҳозирги шароитда 10 ноябрда бўлиб ўтган ШҲТ давлатлари раҳбарлари саммитининг қарорлари янги ҳаёт шакллантираётган қатор муаммоларга нисбатан жамоавий жавоб бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳамкорликнинг янги ёндашув ва механизмларини шакллантириш, соғлиқни сақлаш тизимларининг ўзаро боғлиқлигини кучайтириш, хавфсизликни таъминлаш масалаларида алоқаларни кенгайтириш бўйича прагматик ва аниқ таклифлари умумий манфаатлар учун ШҲТ мамлакатлари салоҳиятидан кенгроқ фойдаланишга замин яратади.

Таҳлилчи Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз ва минтақани ривожлантириш манфаатларига асосланган очиқ ташқи сиёсати ҳамкорликни ривожлантиришга кучли туртки бўлади, деб ўз маърузасига якун ясади. Бунинг самарасида мамлакатимизнинг ШҲТ ва бошқа халқаро ташкилотларда нуфузи маълум даражада мустаҳкамланмоқда.

Манба