Жорий йилнинг 24-26 февраль кунлари «Тараққиёт стратегияси» маркази директори Э.Туляков, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар Маркази директорининг ўринбосари У.Абидхўжаев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар Институти маркази раҳбари Б.Мустафоевдан иборат Ўзбекистон Республикаси делегацияси Берлин шаҳрида бўлиб ўтадиган бир қатор учрашувлар ҳамда давра суҳбатларида иштирок этишади.
Сафар давомида Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Эдуард Кинсбрунер, иқтисодиёт ва ташқи савдони қўллаб-қувватлаш бўйича Федерал уюшма бошқаруви раиси М.Шуманн ҳамда фан ва сиёсат жамғармаси – халқаро сиёсат ва хавфсизлик институти раҳбари Ф.Пертесом билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, Фридрих Эберт ва Конрад Аденауэр номидаги фонд вакиллари билан ҳам алоҳида музокаралар ўтказиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, Шарқий Европа ва халқаро тадқиқотлар марказида «Янги Ўзбекистон сари» мавзусида «давра суҳбати» бўлиб ўтади.
Тадбирлар давомида германиялик ҳамкорларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган ҳар йилги Мурожаатноманинг асосий йўналишлари, давлатимиз ички ва ташқи сиёсатидаги устувор масала ва ёндашувлар, шунингдек, Ўзбекистон-Германия ҳамкорлигининг истиқболли йўналишлари, шу жумладан Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш, минтақавий ва глобал савдо-иқтисодий тузилмалар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик масалалари билан таништириш режалаштирилган.