Янги турдаги коронавируснинг тарқалиши жаҳон ҳамжамияти учун фавқулодда ҳолатга айланди. Аксарият экспертлар томонидан бу Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг йирик ижтимоий ва иқтисодий инқироз сифатида кўрилмоқда.
Айни вақтда кўпчилик дунё сиёсати ва иқтисодиёти учун ушбу пандемиянинг якуний оқибатларини олдиндан айтиш қийинлигини билдирмоқда. АҚШнинг собиқ давлат котиби Г. Киссинжернинг фикрича, “коронавирус пандемияси жаҳон тартиботини буткул ўзгартиради, сиёсий ва молиявий ўзгаришлар бир нечта авлод ҳаётида давом этиши мумкин”. Ушбу фикр билан баҳслашиш қийин. Ҳақиқатан ҳам, COVID-19 пандемияси миллионлаб инсонлар ҳаётини “олдин” ва “кейин”га ажратади.
Қисқа муддатларда вируснинг тарқалиш кўлами бунга ҳар қандай ҳодисага шубҳа билан қаровчиларни ҳам ҳайрон қолдиряпти ва уларнинг фикри ўзгаришига олиб келяпти. COVID-19 тарқалиш географияси 216 та давлат ва ҳудудларни қамраб олган. Касалланганлар сони 2,7 миллиондан ошиб кетди, вафот этганлар эса 190 минг нафардан ортиқни ташкил этмоқда.
Барчамиз учун бу пандемия олдиндан билиб бўлмайдиган, аммо тарих ўзанини буриб юборадиган ҳодиса бўлди. Дунёда биронта ҳам давлат бу иллатнинг ҳам эпидемиологик, ҳам иқтисодий таҳдидларига тўлиқ тайёр эмас экан. Вирус мамлакатларнинг ҳудуди, қудрати ва таъминланганлик даражасидан қатъи назар, заиф эканлигини кўрсатди.
Бундан Ўзбекистон ҳам четда қолмади. 15 мартда Тошкент шаҳрида биринчи марта вирус билан касалланиш ҳолати қайд этилди. Айни вақтда вируснинг бошқа давлатларда шиддат билан тарқалиши Ўзбекистон учун унга қарши курашишда хориж тажрибасини ўрганиш ва тегишли хулосалар қилишга имкон берди.
Бугун шуни ишонч билан айтиш мумкинки, ушбу қимматли вақт бекорга сарфланмади. Ўзбекистон Президенти томонидан ўз вақтида қабул қилинган чоралар коронавирус инфекцияси тарқалиши хавфига қарши нафақат тактик жавоб, балки ўзида тиббий, иқтисодий ва ижтимоий характердаги узоқ муддатга мўлжалланган қарорлар тизимини акс эттирган, чуқур ўйланган яхлит стратегияга айланди.
Ўзбекистон Президенти раислигида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, миллий иқтисодиётга унинг салбий таъсирини камайтириш, устувор вазифаларни белгилаб олиш ва аҳолининг кенг қатламини манзилли қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишланган 14 та видеоселектор мажлиси ўтказилди. Давлатимиз раҳбари томонидан ушбу масалалар бўйича иккита қарор ва еттита Фармон имзоланди.
Ўзбекистон раҳбарининг COVID-19 хавфига қарши курашдаги стратегияси моҳияти нималардан иборат?
Биринчидан, вирусга қарши вакцина ва касалланганларни тасдиқланган самарали даволашнинг йўқлиги шароитида Ўзбекистон пандемияни тўхтатишда вирус юқиши мумкин бўлган барча йўлни — фуқароларнинг “ўзини яккалаш”, ижтимоий масофаланиш орқали тўсди. Шунингдек, касалликни аниқлаш ва беморларни бошқалардан ажратиш бўйича фаол чоралар кўрди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) қайд этишича, исталган пандемияга қарши курашдаги асосий тамойил, бу — касаллик манбаларини аниқлаш ва тарқалишининг олдини олиш, вазиятни назоратга олишдир. Бошқача айтганда, “касаллик ҳолатлари қанчалик тез аниқланса, уни енгиш шунчалик осон бўлади”.
Ўз вақтида кўрилган қатъий ва объектив зарур чекловлар ҳисобига мамлакатда касалланганлар сони кескин ва тартибсиз ортишининг олди олинди.
Бу борада самарали ёндашув сифатида “Хитой модели”ни кўрсатиш мумкин. Хитой ҳукумати томонидан кўрилган қатъий чоралар эвазига мамлакат эпидемияни ва унинг салбий тенденцияларини тўхтатишга ва нормал ҳаёт жараёнини бошлашга эришди.
Таъкидлаш керакки, аксарият мамлакатлар пандемияни дастлабки босқичда назорат қилиш имконини қўлдан бой берди. ЖССТ мурожаатларига қарамасдан, улар вазиятни жиддий қабул қилмади. Бу эса қандай оқибатларга олиб келганини кўриб турибмиз. Афсуски, ҳар куни юзлаб ва минглаб одамларнинг вафот этиши кўпчилик мамлакатлар учун оддий ҳолга айланди.
Иккинчидан, ҳолатни олдиндан ҳис эта билиш ва тегишли чоралар кўриш соғлиқни сақлаш тизимига босимни камайтирди. Шифокорларда ўз имкониятларини янада ошириш, кучларни мўлжаллаб олиш ва COVID-19 тарқалиши устидан назорат ўрнатиш учун қимматли вақт вужудга келди.
Карантиндаги фуқароларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида қисқа муддатларда 10 минг кишига мўлжалланган карантин ҳудуди барпо этилди. Шунингдек, ҳозирда ушбу вилоятда 5 минг кишига мўлжалланган иккита инфекцион шифохона қурилиши якунланмоқда. Сурхондарё, Наманган ва Навоий вилоятларида ҳам ҳар бири минг кишига мўлжалланган модуль клиникалари ва карантин пунктларини зарур жиҳозлар билан таъминлаш ишлари бошланган.
Мамлакатимизда ўпкани сунъий шамоллатиш ва наркоз нафас олиш ускуналарини ишлаб чиқиш саъй-ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, коронавирусни аниқлашга қаратилган тест тизимини ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Тиббиёт ниқобларини узлуксиз ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Бунинг натижасида бир суткада 4 миллион 500 минг ниқоб истеъмолчиларга етказилишига эришилди. Шу ўринда таъкидлаш керакки, Ўзбекистон дунёда тиббий ниқоблар тақчиллиги кузатилмаётган саноқли давлатлардан биридир.
Кўрилган чоралар натижасида даволаш ишлари шошмашошарлик билан эмас, балки беморларни келгусида реабилитацияга йўналтириш орқали режа асосида амалга оширилмоқда. Тиббий ходимлар ўз кучларини қайта тиклаб олишлари ва самарали фаолият кўрсатишлари учун ҳар 14 кунда алмаштирилмоқда. Аксарият мамлакатларда бунинг учун имконият йўқ.
Қолаверса, Ўзбекистон Президентининг тиббиёт ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қарори қабул қилинди. Унга кўра, соҳа ходимларига 5 миллиондан 25 миллион сўмгача, агар ходим коронавирус инфекциясини юқтириб олган тақдирда 100 миллиондан 250 миллион сўмгача рағбатлантириш тўловлари жорий этилди. Бу, ўз навбатида, давлат ўз қаҳрамонларини қўллаб-қувватлашини ва уларнинг меҳнатини қадрлашини билдиради.
Бунинг натижасида мамлакатимизда айрим давлатларда кузатилган тиббиёт ходимларининг ишдан ёппасига бўшаш ёки ҳукумат эътиборини қаратиш мақсадида кўчага чиқиш ҳоллари юз бермади.
Учинчидан, инқироз салбий оқибатларининг фуқаролар фаровонлигига таъсирини камайтиришга қаратилган чоралар қабул қилинди.
Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиёт тармоқларининг барқарор фаолият кўрсатишини таъминлашга йўналтирилган 10 триллион сўм ҳажмидаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил қилинди.
Хусусан, Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан тадбиркорларга имтиёзли кредитлар бериш мақсадида 500 миллиард сўм ажратилди. Аҳолига манзилли вақтинча иш ўрни яратиш учун 200 миллиард сўм Жамоат ишлари фондига ўтказилди.
Бундан ташқари, инфратузилма объектлари қурилишини кенгайтириш бўйича, айниқса, қишлоқ жойларида ўн минглаб иш ўринлари яратилишини таъминлайдиган махсус дастур амалга оширилмоқда.
Пандемиядан энг кўп зарар кўрган иқтисодиёт тармоқлари учун (туризм, транспорт, хизмат кўрсатиш соҳаси ва бошқалар) солиқ таътиллари ва коммунал хизматлар учун тўловларни кечиктиришга рухсат берилди. 1 октябргача кўплаб солиқ турлари учун бекор қилиш ёки пасайтирилган ставкалар кўринишидаги имтиёзлар берилди.
Банклар ўз мижозлари — тадбиркорлар ва аҳолининг қийинчиликларини тушунган ҳолда уларга ажратилган кредитлар тўлов муддатларини кечиктирмоқда, омонатлар муддатини автоматик тарзда узайтирмоқда. Кўплаб тадбиркорлар иқтисодий фаолияти “музлатиб қўйилган” шароитда, айланма маблағларни тўлдириш учун кредитлардан фойдаланишди.
Фуқароларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами ҳам эътибордан четда қолмади. Бу масалада давлат ва фуқаролик жамияти ўртасида самарали шериклик юзага келди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудида ҳомийлик ёрдамларини мувофиқлаштириш бўйича тегишли марказлар ташкил қилинди. Бу ишларга Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг 18,5 мингга яқин кўнгиллилари жалб қилинган. Бугунги кунга қадар улар 229 мингга яқин муҳтож оилаларга бепул ёрдам кўрсатишди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини тузиш таклифи илгари сурилди. У тадбиркорларни ёрдамга муҳтожларга фаол равишда ихтиёрий тарзда ўзларининг беғараз кўмакларини беришга чақирди.
Ўз навбатида, давлат бундай тадбиркорларга солиқ, лизинг, кредитлар ва зарур манбалардан фойдаланиш учун турли имтиёз ва афзалликлар бериш орқали компенсациялар тақдим қилади. Ҳозирда ҳукумат томонидан хайрия ёрдамларини амалга ошираётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қарор қабул қилиниши кутилмоқда. Бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоров таъкидлаганидек, тадбиркорлар томонидан сарфланган маблағ тўлалигича давлат томонидан қоплаб берилади.
Мажбурлашни назарда тутмайдиган, лекин бизнеснинг ижтимоий масъулиятини рағбатлантирадиган ушбу модель дунёда кенг қабул қилинган ва ўзининг самарадорлигини аллақачон исботлаган. Етакчи халқаро хайрия ташкилоти бўлган “Charities Aid Foundation” маълумотларига кўра, тадбиркорлар тегишли солиқ ва бошқа имтиёзларидан фойдаланишса, хайрия фаолиятига даромадининг 12 фоизидан кўпроқ маблағларини ажратадилар.
Айни вақтда инфляция даражаси ошиши эҳтимолини туғдириши ва бюджет маблағлари тақчиллиги ортишини келтириб чиқариши мумкин бўлган аҳолига пул тарқатиш амалиётидан фарқли равишда Президент томонидан таклиф қилинган модель нафақат муҳтож одамларга кўмак, балки уларнинг иқтисодий фаоллигининг ўсишига ҳам хизмат қилади. Ҳудудларда фаолият юритаётган тадбиркорлар марказдаги масъулларга қараганда жойлардаги аҳволдан яхши хабардордирлар. Улар муҳтожларга нафақат манзилли ёрдам беришлари, балки иш ўринлари яратишлари ҳамда маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарур хом ашёларни етказиб беришлари мумкин. Зеро, бу ўринда аниқ йўналтирилган ва самарали ёндашув муҳим.
Коронавирус билан курашиш мақсадида мамлакатда иқтисодий фаолликни сезиларли даражада камайтириш, инқирозга қарши кенг кўламли чора-тадбирларни амалга ошириш учун қатъий иродали қарор қабул қилиш осон эмас, албатта. Давлат жуда катта харажатларни ўз зиммасига олиши бюджетга катта зарар етказади. Фақат ер солиғи ва жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи тўланишининг кечиктирилиши бюджет тушумини 3 бараварга қисқартирди. Мавжуд вазият бюджетни қайта кўриб чиқиш, харажатларни камайтириш ва қайта йўналтириш, шунингдек, баъзи режаларни амалга оширишни кечиктиришни тақозо этади.
Бироқ ҳукумат учун асосий жиҳат — фуқароларнинг соғлиғини ҳимоя қилиш, ижтимоий мажбуриятларни бажариш вазифалари ўзгаришсиз қолмоқда. Бу ҳақда давлатимиз раҳбари 10 апрель куни ўтказган видеоселектор йиғилишида таъкидлаганидек: “Биз бу хатарга қарши курашда мамлакат ичида бўладими, юртимиздан ташқарида бўладими, бор куч ва имкониятларимизни тўла сафарбар этамиз. Ватанимизда яшаётган ҳеч бир инсон, ҳеч бир оила давлатимиз ва жамиятимизнинг эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолмаслиги керак”.
Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ишлаб чиқилган стратегия юртдошларимиз томонидан якдил қўллаб-қувватланмоқда. “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази маълумотларига кўра, сўровда қатнашганларнинг 92,3 фоизи ҳукумат томонидан коронавирусга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чораларни тўла маъқуллайди. Шу билан бирга, респондентларнинг деярли учдан бир қисми — 27,1 фоизи пандемияга қарши чораларни кучайтириш тарафдори эканини билдирган. Уларнинг фикрича, карантин қоидаларига риоя қилмаганлик учун фуқароларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш зарур.
Аҳоли мамлакат раҳбариятининг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлабгина қолмай, балки карантин тартибига риоя қилиш чақириғига ижобий жавоб берди. Хусусан, мамлакатимиз фуқаролари МДҲ ҳудудида энг интизомли деб топилди. Ўзбекистон “Яндекс” интернет-ресурси тақдим этган МДҲ мамлакатлари орасида “ўзини яккалаш” рейтингида етакчилик қилмоқда.
Бу рақамларнинг барчаси шунчаки статистика эмас, балки бу аҳолининг ҳокимиятга бўлган ишончи, тўғри йўналишдаги фаолиятининг тан олинишидир. Зеро, аҳолининг кўмагисиз, хавфни тўла тушунмасдан туриб, ҳеч қандай карантин самарали бўлмайди.
Шу билан бирга, барча инқирозлар ўтиб кетишини унутмаслик лозим. Ҳозирги вақтда мутахассислар коронавирус ҳолатлари аниқланмаган ёки эпидемиологик вазият яхшиланган ҳудудларда карантин чекловларини босқичма-босқич юмшатиш чораларини кўрмоқда. Профилактика ва гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда, барча турдаги қурилиш ишларига рухсат бериш режалаштирилган. Ушбу соҳа 1 миллион 325 минг кишини иш билан таъминлайди ва саноатнинг бошқа тармоқларида бандликни қўллаб-қувватлайди.
Бундай шароитда карантиндан чиқиш жараёни унинг қоидаларига риоя қилишдан кам бўлмаган аҳамиятга эга. Бу борада шошилиш керак эмаслигини Хитой тажрибасида кўриш мумкин. Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, барча ишлар оқилона, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва аҳолининг розилиги билан амалга оширилади. Шу муносабат билан, ҳушёрликни йўқотмаслик, пандемия таҳдидларини енгиб ўтиш учун барча ресурсларни сафарбар қилишни давом эттириш ва синовларга муносиб қарши туриш муҳимдир.
Биз аллақачон энг асосий нарсани амалга оширдик — кўрилган чора-тадбирлар энг ёмон ҳолатни бартараф этишга, беморлар сони назоратсиз ўсишининг олдини олишга ва соғлиқни сақлаш тизимининг барқарорлигини таъминлашга имкон берди. Биз касалликни ҳали енгмадик, аммо шубҳасиз, тўғри йўлдан кетяпмиз.
Элдор АРИПОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар
институти директори.
«Халқ сўзи» газетаси № 85 25.04.2020