Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Озарбайжоннинг “Жанубий Кавказ” сиёсатшунослар клуби билан ҳамкорликда, мамлакатимизнинг Бокудаги элчихонаси ва “Спутник Озарбайжон” халқаро ахборот агентлиги кўмагида ташкил қилинган тадбирда икки давлат таҳлилий марказлари етакчи экспертлари, дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Жорий йил 23-24 февраль кунлари бўлиб ўтадиган Ўзбекистон ва Озарбайжон минтақалараро форуми олдидан ўзига хос эксперт муқаддимасига айланган учрашув кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва ўсиш суръатини таҳлил қилиш, стратегик шерикликни чуқурлаштириш юзасидан атрофлича фикр алмашиш имконини берди.
Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон ва Озарбайжон раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги муносабат ривожланишнинг сифат жиҳатидан янги босқичига қадам қўйгани, тобора “стратегик теранлик” касб этиб бораётганини алоҳида таъкидладилар.
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг 2022 йилдаги Ўзбекистонга давлат ташрифи якуни бўйича кенг кўламли келишувларга эришилгани, бўлиб ўтган музокаралар биргаликдаги саъй-ҳаракатларнинг юқори ўсиш нуқталарини белгилаб, мақсадларга эришиш омилларини кўрсатиб бергани қайд этилди.
Айниқса, Тошкент ва Боку аллақачон ҳамкорликнинг янги йўналишларини, жумладан, тижорий алоқани кенгайтиришга киришган. Бу энергетика, транспорт, алоқа, машинасозлик, электротехника, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноатида, айниқса, яққол намоён бўлмоқда.
Тадбир давомида озарбайжонлик экспертлар томонларни қизиқтирган соҳалардаги муносабатнинг бугунги ҳолати ва истиқболи билан ўртоқлашдилар.
Озарбайжоннинг “SТEМ” таҳлилий маркази директори Ўрхон Элчуев фикрича, Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев даврида сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилган давлатларимиз ўртасидаги тарихий яқин дўстлик улкан фойдаланилмаган салоҳиятга эга.
Бунга Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда сезиларли даражада ошган халқаро нуфузи, янги ташқи сиёсий йўли сабаб бўлмоқда.
— Ташқи муносабатдаги очиқлик сиёсати Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг муҳим давлатига айлантирмоқда, — деди Элчуев. — Дарҳақиқат, бугун республика ўзининг учинчи Ренессанс даврини бошдан кечирмоқда.
Озарбайжонлик сиёсатшунос амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли хорижий давлатларнинг давлатимизга қизиқиши ортиб бораётганини эътироф этаркан, жумладан, Озарбайжон бизнес вакиллари ҳам эндиликда диёримизга жиддий қизиқиш билдираётганига урғу берди. 2022 йил бошида Ўзбекистонда Озарбайжон иштирокида 178 компания бўлган, ҳозир бу рақам 266 га етди.
“SТEМ” маркази раҳбари айтишича, жаҳонда энергетика инқирози, кимё ва озиқ-овқат хом ашёси тақчиллиги кузатилаётган ҳозирги даврда транспорт-логистика тармоғидан, хусусан, Ўрта йўлакдан фойдаланиш ўта долзарб аҳамият касб этмоқда. Ушбу йўналишда эса Ўзбекистон асосий роллардан бирини ўйнайди.
— Бу мамлакатларимиз учун катта имконият очади, — дейди эксперт. — Умуман, сўнгги пайтда савдо-иқтисодий муносабат жадал ривожланмоқда. Биргина ўтган йил томонлар саъй-ҳаракати туфайли ўзаро товар айирбошлаш миқдори 53 фоиз ошиб, 118.8 миллион доллардан 181.8 миллион долларга кўтарилди.
“Жанубий Кавказ” сиёсатшунослар клуби раҳбари Илгар Вализода муҳокамани давом эттираркан, ҳамкорликни кенгайтириш бўйича давлатларимиз ўртасидаги қатор истиқболли йўналишлар мавжудлигига эътибор қаратди.
Мутахассис мамлакатимизнинг ғўза селекцияси бўйича муваффақиятига урғу бериб, Озарбайжон янги ғўза навларини етиштиришда Ўзбекистон тажрибасини қўллашдан манфаатдор эканини таъкидлади. Озарбайжонга экспорт қилиш йўлга қўйилган ўзбек ипагига ҳам қизиқиш ортганига алоҳида тўхталди.
Озарбайжон Иқтисодиёт институти етакчи илмий ходими, иқтисод фанлари номзоди Эмин Маммадзода Озарбайжоннинг озод қилинган ҳудудларини тиклашда Ўзбекистон кўрсатаётган ёрдамни, хусусан, республикамиз Фузулий шаҳридаги умумтаълим мактаби қурилишига кўмаклашиш мажбуриятини олганини ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида кўрсатди.
Иқтисодчининг сўзларига кўра, бундай мисоллар ўзаро муносабатнинг юқори даражасини ифодалайди.
— Ушбу алоқалар янада ривожланиб боради, — дея хулоса қилди эксперт.
Видеоконференция иштирокчилари экспертлар мулоқотини мунтазам ўтказиш ва кенг тарғиб қилиш муҳимлигига эътибор қаратдилар. Зеро, айнан таҳлилий марказларнинг биргаликдаги фаолияти давлат раҳбарлари томонидан илгари сурилган ташаббуслар рўёбига ҳисса қўшиши мумкин. Янги ғояларни вақтида саралаб олиш ва алоқаларни мустаҳкамлаш, зарур йўналишларда ривожлантириш зарур.
Экспертлар бўлажак Озарбайжон — Ўзбекистон минтақалараро форуми ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга кучли туртки беришини таъкидладилар. Фойдаланилмаётган захирадан, қўшимча имкониятлардан самарали фойдаланиш янги қўшма ғоялар яратиш, саноат кооперацияси ва сармоявий соҳада минтақалар аро алоқани чуқурлаштиришга хизмат қилишига ишонч билдирилди.