Жорий йилнинг 27 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Инсон ҳуқуқлари миллий маркази, Тараққиёт стратегияси маркази ва Марказий Осиё халқаро институти вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Германия иқтисодиётининг Шарқий қўмитаси, Германия Федератив Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Шарқий Европа ва халқаро тадқиқотлар маркази билан учрашувлар ўтказди. Учрашувлар Ўзбекистон Республикасининг Берлиндаги элчихонаси ва Конрад Аденауэр жамғармаси кўмагида ташкил этилди.
Тадбирлар доирасида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, Афғонистондаги ҳозирги вазият борасида батафсил фикр алмашилди.
Делегациямиз вакиллари немис мутахассисларига Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган президент сайловлари, сайловолди кампанияларининг олиб борилиши, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар натижалари, шунингдек, Тошкентнинг минтақада ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатиш ва Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш борасида олиб бораётган сиёсати тўғрисида чуқур таҳлилга асосланган маълумотлар берди.
Немис сиёсатчилари ва экспертлари билан ўтказилган муҳим мулоқотлар Берлинда Ўзбекистоннинг жадал ривожланишига, сиёсий ва иқтисодий ҳаётдаги ўзгаришларига, ташқи сиёсатидаги прагматик йўналишга катта қизиқиш мавжудлигидан далолат беради. Хусусан, улар Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар ва иқтисодий ривожлантириш сиёсати, Ўзбекистон Президентининг Марказий Осиёда яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги ҳаракатлари ГФР томонидан юксак баҳоланишини таъкидладилар.
Учрашув давомида Германия иқтисодиётининг Шарқий қўмитаси ижрочи директори Майкл Хармс мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини, бизнес ва инвестицион фаолият билан шуғулланиш учун яратилган шарт-шароитларни юқори баҳолашини айтиб ўтди. Унинг таъкидлашича, бу шунингдек кўплаб немис тадбиркорларининг ҳам фикридир. Иқтисодиётни эркинлаштириш бўйича аниқ амалий чоралар туфайли ҳозирда немис ишбилармон доиралари Ўзбекистонда янги лойиҳаларни амалга оширишга катта қизиқиш билдирмоқда. М.Хармс Ўзбекистон иқтисодиётини саноатлаштиришнинг жадал суръатларига алоҳида тўхталиб, Тошкентнинг “яшил” ва “рақамли” иқтисодиётга ўтишини жадаллаштириш режаларини маъқуллади.
Шу билан бирга, у Тошкентнинг Германия манфаатларига жавоб берадиган минтақавий барқарор ривожланиш ва ҳамкорликни таъминлашдаги муҳим ролини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, Марказий Осиё минтақаси доимо ГФР сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб қолади. Ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида М.Хармс кимё, электротехника, қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон саноати, машинасозлик, яшил ва рақамли иқтисодиёт, транспорт алоқасини ривожлантириш соҳаларидаги ҳамкорликни келтириб ўтди.
Шунингдек, томонлар суҳбат чоғида Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилдилар. Немис иқтисодиётининг Шарқий қўмитаси директори Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг бу борадаги конструктив ва прагматик позициясини қўллаб-қувватлади. Шу билан бирга, М.Хармснинг таъкидлашича, ГФР Ўзбекистоннинг немис фуқароларини Афғонистондан эвакуация қилишда кўрсатган катта ёрдамини юқори баҳолади. Бу, унинг сўзларига кўра, Тошкент Берлиннинг Марказий Осиёдаги ишончли ҳамкори эканлигига яққол далил ҳисобланади.
Германия Федератив Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган музокаралар чоғида вазирликнинг Шарқий Европа, Кавказ ва Марказий Осиё бўйича вакили Матиас Луттенберг сўнгги йилларда Ўзбекистон-Германия муносабатлари сезиларли даражада мустаҳкамланганини қайд этди. У икки давлат раҳбарлари ўртасидаги ўзаро ишончли мулоқотнинг тизимли хусусиятини таъкидлади. Мазкур баҳо ўз навбатида, Берлинда Тошкент томонидан олиб борилаётган ислоҳотларни юқори даражада қўллаб-қувватланаётганидан далолат беради.
ГФР Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистоннинг минтақадаги очиқлик ва яхши қўшничилик сиёсатини жуда ижобий баҳолайди. Шу нуқтаи назардан, М. Луттенберг Ўзбекистоннинг Афғонистондаги вазиятга прагматик ёндашувини таъкидлаб, унинг бу борадаги сиёсати катта тажриба ва чуқур асосларга эга эканини таъкидлади. У, шунингдек, Берлин ўзининг Афғонистон бўйича сиёсатини Тошкент билан мувофиқлаштиришни давом эттиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Шарқий Европа ва халқаро тадқиқотлар марказининг ижрочи директори Кристиан Шайх Ўзбекистоннинг Афғонистонга минтақавий ёндашувни илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатларини таъкидлаб, бу Марказий Осиёнинг янада барқарорлиги ва иқтисодий ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эгалигини қайд этди.
Унинг фикрига кўра, Тошкентнинг Афғонистон бўйича бундай позицияси минтақадаги барча давлатлар манфаатларига тўғри келади.
Бундан ташқари, суҳбат давомида, Афғонистондаги ижтимоий-иқтисодий вазиятга алоҳида эътибор қаратилди. Экспертларнинг фикрича, мамлакатнинг ҳозирги қийин аҳволи унга мунтазам гуманитар ёрдам кўрсатиш зарурлигини билдиради. Мутахассислар Ўзбекистоннинг Афғонистон иқтисодиётини тиклаш йўлидаги ҳаракатларини баҳолаб, Тошкентнинг Афғонистон бўйича конструктив сиёсати халқаро ҳамжамият учун намуна бўлиши кераклигини таъкидладилар.
Ўзбекистон делегациясининг Германияга ташрифи давом этмоқда. Дастурга мувофиқ, федерал канцлер ва федерал президентнинг бўлимлари билан учрашувлар, шунингдек, К.Аденауэр жамғармаси академиясида конференция ва Германия халқаро сиёсат институтида давра суҳбати ўтказиш режалаштирилган.