Жорий йилнинг 29 июль куни Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишонини мукофотланганларга тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Унда СМТИ ходими А.Юсупов “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони билан тақдирланди. Таъкидлаш жоизки, СМТИ ўз фаолиятида миллатлараро муносабатлар, “халқ дипломатияси”, аҳил қўшничилик, тотувлик ва бағрикенгликни ривожлантириш ҳамда янада мустаҳкамлаш масалаларига жиддий эътибор қаратиб келади.
Маълумки, Ўзбекистон Президенти Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида жамиятимизда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилишига алоҳида тўхталиб, юртимизда 30 июль “Халқлар дўстлиги куни” деб белгилашни таклиф этди. Шунингдек “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишонини таъсис этиш ҳақидаги ташаббус ҳам қўллаб-қувватланди.
Давлатимиз миллий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири Ўзбекистонда яшовчи барча миллатлар учун тенг шароит ва имконият яратиш, миллатлар ўртасида тотувлик ва бағрикенглик муносабатларини уйғунлаштиришдир.
Бугун юртимизда 130 тадан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари ҳамжиҳатликда, бир оила фарзандидек яшаб, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Мамлакатимизда таълим 7 тилда — ўзбек, қорақалпоқ, рус, тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида олиб борилади. Бугунги кунда 12 тилда телекўрсатув, 13 тилда радиоэшиттиришлар эфирга узатилмоқда.
Шубҳасиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жорий йилда мамлакатимизда биринчи марта ўтказиладиган “Халқлар дўстлиги куни” миллатлараро тотувликни таъминлаш, халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга замин яратади. Шу маънода, ҳақиқатан ҳам кўпмиллатлилик ва кўпмаданиятлилик – Ўзбекистоннинг миллий бойлиги дейиш мумкин.
СМТИ жамоаси А.Юсуповни ушбу мукофот билан самимий табриклайди ва келгуси ишларида муваффақиятлар тилайди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининиг 2021 йил 1 июндаги №335-сонли қарорига асосан кўкрак нишони билан юртимизда яшаётган барча миллат ва элатларнинг вакиллари ўртасида миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитининг мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшган, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини ошириш борасида фидокорона меҳнат қилган, шунингдек, хорижий мамлакатлар халқлари билан дўстлик ва ҳар тарафлама ҳамкорликни ривожлантиришда самарали натижаларга эришган маҳаллий ва хорижий давлат органлари ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари, ижтимоий соҳа ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда чет элдаги ватандошлар тақдирланадилар.