Жорий йилнинг 15 январ куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида (СМТИ) 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инноватсион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳасини муҳокама қилишга бағишланган давра суҳбатида ташкил этилди.
Тадбирда Институт ходимлари, СМТИ қошидаги "Ёш таҳлилчилар клуби" аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Давра суҳбати аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Владимир Норов иштирокчилар эътиборини Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилнинг 28 декабр куни Давлат дастури лойиҳасини ишлаб чиқишнинг ташкилий чора-тадбирларига оид алоҳида фармойиши қабул қилинганлигига қаратди.
Хусусан, Институт директори мазкур ҳужжат давлат дастури лойиҳасини ишлаб чиқишда “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган сиёсатнинг мантиқий давомига айланиши лозимлиги белгилаб қўйилганини таъкидлади.
Анжуман давомида Давлат дастури лойиҳасининг устувор йўналишлари бўйича Институт ходимлари томонидан тайёрланган таҳлилий маърузалари тақдимоти бўлиб ўтди.
Жумладан, дастурдан келиб чиқувчи Институт олдида турган вазифалар ҳар томонлама муҳокама этилиб, уларни самарали амалга ошириш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Тадбирда иштирок этган "Ёш таҳлилчилар клуби" аъзолари Давлат дастурида белгиланган алоҳида бандларни самарали ҳаётга тадбиқ этиш бўйича ўз ташаббусларини илгари суришди ҳамда улар тадбир иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланди.