2018 йилнинг 7 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.
Анжуманда СМТИ директори Владимир Норов йиғилганларни қутлуғ сана билан табриклаб, 26 йил аввал қабул қилинган тарихий ҳужжат халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси ҳисобланишини алоҳида қайд этди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тинч ва осойишта, фаровон яшашнинг қонуний кафолати бўлиб келаётганлигини алоҳида таъкидланди. Асосий қонунимиз бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш борасида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаётганига эътибор қаратилди.
Шунингдек, йиғилишда Президентимиз Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар стратегиясини Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб қувватлаш йилида амалга оширишга доир Давлат дастури ижроси ҳақида сўз борди.
Анжуман давомида СМТИ директори ўринбосари Ш.Ф.Нуруллаева ва илмий ходимлари Б.Сотиболдиев, А.Рашидбеков ва Е.Саипназаров сўзга чиқиб, йиғилганларни Конституция куни билан муборакбод этдилар. Шунингдек, дунё мамлакатлари Конституцияси яратилиши тарихига бағишланган видеоролик намойиш этилди.
Тадбир якунида СМТИнинг самарали меҳнат қилган бир қатор вакиллари тақдирланди.