Такрорий карантин ўзини қанчалик оқлайди ёхуд Ўзбекистон пандемияга қарши курашни қандай давом эттиради?

Ўзбекистонда эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашуви туфайли 10 июлдан 1 августга қадар яна карантин режими жорий этилди.

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Республика махсус комиссиясининг ушбу қарори атрофидаги баҳс-мунозаралар ҳамон тўхтагани йўқ. Қарор борасида аҳолида кўплаб саволлар туғилди. Муҳокамаларнинг айрим иштирокчилари навбатдаги чекловларнинг киритилиши асосли эканига ва мақсадга мувофиқлигига шубҳа билан қарамоқда.

Такрорий карантин қанчалик асосли экани, давлат падемияга қарши курашни қай тарзда давом эттириши ҳамда аҳоли ва иқтисодиёт секторларининг энг кўп зарар кўрган қатламларига қандай ёрдам берилиши борасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов  билан суҳбатлашдик.

— Аввало, мамлакатда санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш, аҳоли саломатлиги ва ҳаётини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг доимий эътиборида эканини алоҳида таъкидлаш лозим. Давлат раҳбари 14 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида таъкидлаганидек, бу касалликка қарши кураш учун бизда барча захира ва имкониятлар мавжуд.

Энди саволингизга қайтсак. Дарҳақиқат, карантиннинг кучайтирилиши қизғин баҳс-мунозаралар мавзусига айланди. Аҳолининг муайян қисмидаги ҳиссий реакцияни шахсан тушунаман. Ташвишлари асоссиз эмас, негаки карантинни ўтказиш ҳамма учун қийин. Баъзилар ишидан айрилиб, даромадини йўқотишдан қўрқади. Бошқалари апрель-май ойларида бошларидан кечирган ноқулайликларнинг такрорланишини истамайди.

Лекин дунё бугун табиатини ҳали ҳеч ким аниқ ўрганмаган, доимий мутацияга учраб, ёши ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, амалда барчани бирдай зарарлаётган янги ҳалокатли вирусга тўқнаш келиб турганини ҳам унутмаслигимиз керак.

Коронавирусга қарши самарали дори-дармон ва даволаш усулларининг мавжуд эмаслиги, вакциналар эса ҳали ишланиш жараёнидалиги сабабли бу мураккаб эпидемиологик вазиятдан чиқишнинг ягона йўли карантин ҳисобланади.

Коронавирус пандемияси бутун дунё ҳамжамиятини ғафлатда қолдирганини кўряпмиз. Бугунги кунда дунёда ҳар куни бу касалликка чалинган 200 мингдан зиёд бемор аниқланяпти. Уларнинг аксарияти (75 фоизиАҚШ, Бразилия, Ҳиндистон ва Жанубий Африка Республикаси ҳиссасига тўғри келмоқда.

Ушбу инфекциянинг тарқалиш тезлиги ҳам эътиборни ўзига қаратади. Агар пандемия бошланганидан 13,5 ҳафта ўтиб 1 млн касаллик қайд этилган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткичга 5 кундан камроқ вақт ичида етишиляпти.

Бундай шароитда касаллик тарқалишига қарши курашишнинг энг самарали усули ижтимоий масофа сақлаш, шахсий гигиенага амал қилиш, ниқоб тақиб юриш ва одамлар билан алоқаларни чеклашдир.

Бу ҳақда нафақат ЖССТ вакиллари ва дунё олимлари тинмай гапиряптилар. Буни чекловларни муддатидан олдин енгиллаштириб, карантинга қайтишга мажбур бўлган хорижий давлатлар амалиёти ҳам тасдиқламоқда.

Масалан, май ойи ўрталарида Европада биринчи ва дунёда биринчилардан бири бўлиб эпидемияни енгганини эълон қилган Словения бир ой ўтгач, касаллик юқиши ҳолатларининг кескин кўпайиб кетиши натижасида яна чекловларни киритди. Такрорий қатъий карантин Исроилни ҳам қамраб олди. Пандемия билан муваффақиятли курашаётгандек туюлган Австралия ва Янги Зеландияда ҳам чеклов чоралари сезиларли даражада кучайтирилган.

Ёки ЖССТнинг барча йўриқномалари ва дунёнинг кўплаб эпидемиолог олимлари тавсияларини писанд қилмаган Швецияни олайлик. Шунга қарамай, гарчи кеч бўлса-да, ушбу мамлакат ҳукумати карантиннинг зарурлигини англаб етди ва жорий қилди. Лекин бундан халқ жабр кўрди! Бугунги кунда шведларда коронавирусдан ўлиш даражаси қўшни Норвегия, Финляндия ва Даниядагига қараганда анча юқори. 15 июль ҳолатига кўра, ушбу мамлакатларда ўлим даражаси 253, 329 ва 610 ни ташкил этган бўлса, Швецияда бу кўрсаткич 5,545 га тенг, яъни ўн баравар кўп. Швециянинг собиқ давлат эпидемиологи А.Линде яқинда “бошданоқ анча қатъий чекловларни киритиш лозим эди”, дея бежиз айтмади.

Афсуски, бутун Европа бўйлаб чегаралар ёпилиши шароитида карантин қоидалари юмшатилишининг иқтисодий таъсири катта бўлмади. Швеция Марказий банки прогнозига кўра, бу йил ЯИМ 4,5% қисқаради. Бу эса ЯИМнинг 1,3% ўсиши башорат қилинган олдинги прогнозга мос келмайди.

Барчамиз AҚШ, Бразилия ва Ҳиндистонда жиддий эпидемиологик вазиятни кўряпмиз. Қўшниларимиз Қозоғистон ва Қирғизистон ҳам мураккаб вазиятга тушган.

Шу боис, карантиннинг асоссиз экани ҳақидаги бирёқлама тасдиқлар мутлақо ноўрин. Бундай баёнотларни масъулиятсизлик билан қилинган, деб ҳисоблайман. Зеро, тарозининг иккинчи палласи ҳам бор: юзлаб, минглаб фуқароларнинг, бутун Ўзбекистон халқининг саломатлиги ва ҳаёти хавф остида!

— Кўпчилик мамлакатимизда жорий этилган карантинни асоссиз қаттиқ, деб ҳисобламоқда. Бу фикрга муносабатингиз қандай?

— Аввало, қаттиқ карантин ёки ҳозир хорижда номланаётганидек, оммавий локдаун нималигини аниқлаб олиш лозим. У, асосан, Европада кенг тарқалган.

Оммавий локдаунда одамларнинг ўз уйларини тарк этиши қатъиян ман этилади. Фақат махсус рухсатнома бўлган ҳолларда ёки санитария хизмати олдиндан СМС хабар билан огоҳлантирилганидан сўнггина озиқ-овқат ёки дори-дармон учун кўчага чиқилади.

Ўзбекистон улардан фарқли ўлароқ, чекловларнинг ўртача йўлини танлади. Фуқароларнинг уйларини тарк этиши тақиқланмади ва куннинг муайян вақтларида ҳатто шахсий транспорт воситаларидан фойдаланишга рухсат берилди. Барча озиқ-овқат дўконлари ва дорихоналар узлуксиз ишлаб турди. Озиқ-овқат ва бошқа кундалик эҳтиёж товарлари тақчиллигига ва нарх-навонинг асоссиз ўсишига йўл қўйилмади.

Тўлақонли локдаун (карантин) ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.

Бу сафар ҳам ушбу тамойил сақланиб қолинди. 1 августга қадар фақатгина жамоат транспорти, парклардаги аттракционлар, буюм бозорлари, фитнес заллар, гўзаллик салонлари, умумий овқатланиш нуқталари, санаторийлар, болалар боғчалари ва дам олиш лагерлари фаолияти вақтинча тўхтатилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, биз энди пандемия шароитида яшашга, меҳнат қилишга ўрганишимиз шарт.

Бу эса биздан доимий ҳушёрликни, санитария меъёрларига ва эпидемиологик талабларга риоя қилишни талаб этади. Менимча, айнан баъзи фуқароларимизнинг хотиржамликка берилиши, лоқайдлиги пандемиянинг янгидан кучайишига имкон берди.

Эътиборингизни қуйидаги ҳолатларга қаратмоқчиман.

Биринчидан16 мартдан 10 майгача бўлган қатъий карантин даврида касалланган жами 2 418 нафар киши аниқланиб, ўртача ўсиш суръати 0,007 фоизни ташкил этди.

Иккинчидан, талаблар юмшатилгандан сўнг 10 майдан 9 июлгача бўлган даврда яна 9 029 ҳолат қайд этилиб, 0,03 фоиз ўсиш кузатилди.

Учинчидан, май ойида 51 та кунлик зарарланиш ҳолати қайд этилган бўлса, июнь ойида 163 тадан касалланиш аниқланди. Биргина июль ойининг биринчи ҳафтасида касалланганлар сони яна 2 167 тага кўпайди. Шундан 58 фоизи аҳоли орасида аниқланган. Июль ойи бошидан буён кунига ўртача 324 та янги ҳолат қайд этилди. Сўнгги кунларда зарарланишнинг навбатдаги антирекорди — кунига 500 дан ортиқ ҳолат кузатилмоқда.

Аммо энг ачинарлиси, мамлакатда умумий ўлим даражаси дунёдаги энг паст кўрсаткичлардан бири бўлиб қолаётган бир даврда карантин чекловларини юмшатиш даврида ўлганлар сони 10 тадан 70 тагача, 0,5 фоиз атрофида кўпайди. Бу қўшни мамлакатлар — Қирғизистон ва Қозоғистонга нисбатан деярли уч ва икки баробар паст. Россияда бу кўрсаткич — 1,5%, АҚШда — 4%, Бразилияда — 3%, Ҳиндистонда 3%га тенг.

Айнан шу боис ҳам карантин керак. Ушбу босқичда биз учун фуқароларнинг ўз-ўзини изоляциялаш ва ижтимоий масофа сақлаш орқали вирус юқишининг барча йўлларини тўсиш, беморларни аниқлаш ва касалликнинг тарқалишига йўл қўймаслик борасида фаол чора-тадбирларни амалга ошириш ўта муҳим.

Ишонч билан айтишим мумкинки, Ўзбекистонда COVID-19га қарши кураш борасида бир бутун ва чуқур ўйланган стратегия ишлаб чиқилган ва амалга оширилмоқда, бундай ёндашувимиз Германия, Хитой, Корея Республикаси, Франция, Австрия, Чехия, Дания каби давлатларнинг пандемияга қарши курашишдаги энг яхши амалиётларига мос келади. Уларнинг тажрибаси касаллик мониторингини ташкил этиш, соғлиқни сақлаш тизими салоҳиятини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш зарурлигига ишора қилади. Соғлиқни сақлаш соҳасидаги инқирозни бартараф этиш ва иқтисодий ўсишнинг мустаҳкам захираларини яратиш орқали иқтисодий ўсишнинг зарурий шарт-шароитларини таъминлай оламиз.

Одамлар ўртасидаги алоқалар сонини камайтириш ҳар бир зарарланган бемор орқали касалликнинг 4-5 та янги одамга эмас, балки анча кам кишига юқишига олиб келиши лозим. Бу вазиятни назорат остида ушлаб туриш, касаллик тарқалиш манбаларини аниқлаш ва тарқалиб кетишига йўл қўймаслик имконини беради. Бошқача айтганда, барча касалланиш ҳолатлари қанчалик тез аниқланса, текширилса ва изоляцияланса, вирусни жиловлаш шунчалик осон бўлади.

— Пандемия бошланганидан буён коронавирус аслида мавжуд эмаслиги ҳақидаги замирида шахсий манфаатлар яширинган ва конспиратив назариялар кузатилмоқда. Бундай хабарларга муносабатингиз қандай? Бу инсонларнинг вазиятнинг жиддийлигини англашига бирор-бир тарзда таъсир кўрсатиши мумкинми?

- Тўғри қайд этдингиз. Бундай нотўғри маълумот ва миш-мишлар, афсуски, бутун дунёда мавжуд. Бу пандемия билан курашиш ҳаракатларига тўсқинлик қилувчи ва оддий фуқароларни адаштирувчи жиддий муаммо. Шу боис ҳам БМТ, ЖССТ ва бошқа нуфузли ташкилотлар ҳамда экспертларнинг эътибори шунга қаратилган.

Масалан, БМТ Бош котиби А. Гутерриш буни “инфодемия”, деб атади ва халқаро ҳамжамиятни бундай сохта маълумотларга қарши фаол курашишга чақирди. Бу дунё амалиётида мутлақо янги ҳодиса. ЖССТ Бош директори Т. Гебрейесус сохта маълумотларнинг вирусдан ҳам тезроқ тарқалаётгани ва касалликнинг ўзидан ҳам хавфлироқ тус олаётганини таъкидлади.

Германия, Италия, Испания ва Буюк Британия ҳукуматлари ҳамон нотўғри ахборотга қарши фаол курашмоқда, аҳолисининг медиа-маданиятини оширмоқда.

Фуқароларимиз орасида ҳақиқатдан узоқ бўлган хабарларга ишонганлар ҳам бўлиши мумкин. Эҳтимол, бу ўзлари ҳам буни билмаган ҳолда аҳоли орасида COVID-19 тарқалишини келтириб чиқарган, карантин чораларини писанд қилмаган айрим кишиларнинг “ҳушёрлигини сусайтиргандир”.

Ўзини изоляциялаш даврида ижтимоий тармоқлар ва телеграм-каналлар сохта хабарларнинг ҳақиқий ўчоғига айланди. Кўриб турганимиздек, ўз манфаатини ўйлаб нотўғри маълумотлар тарқатаётган айрим кимсалар сўз ва ахборот эркинлигидан ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида, шов-шув учун ва обуначилари сонини кўпайтиришда фойдаланишган. Бу каби масъулиятсиз хатти-ҳаракатлар кўплаб ўқувчиларда янглиш фикр уйғотади.

Яхшиямки, бундай уринишлар мамлакатдаги ҳақиқий эпидемиологик вазиятдан яхши хабардор ваколатли мутахассислар томонидан дарҳол рад этилмоқда.

Бунга, асосан, Ўзбекистонда бугунги кунда ҳукм сураётган очиқлик ва ошкоралик туфайли эришилди. Айтишим мумкинки, ҳукумат ва барча давлат органлари максимал даражада ошкора ишламоқда. Ахборот очиқлиги борасидаги танлаган йўлимиз ривожланган мамлакатларнинг энг яхши амалиётларига мос келади ва амалда ўзини оқламоқда. Халқ билан стратегик мулоқотни юритиш ва такомиллаштириш пандемияга қарши курашда устувор бўлиб қолади.

— Карантиннинг бешинчи куни ҳам ўтяпти. Агар эпидемиологик вазият талаб этса, чеклаш режими узайтирилиши мумкин. Давлат эпидемияга қарши туришда қандай йўл тутишни кўзламоқда?

— Аввало, барчани келажакка бўлган умидни сўндирмасликка ва кўрилган барча чора-тадбирларнинг кутилган натижани беришига ишонишга чақирган бўлардим. Ўзбекистон ҳудудида коронавирусни жиловлашни мақсад қилганмиз. Бунга эришиш учун пандемиянинг дастлабки кунлариданоқ улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Давлат фуқароларни COVID-19 дан даволаш, касалликни аниқлаш ва даволаш бўйича барча харажатларни тўлиқ зиммасига олган. Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш харажатлари учун 1,7 трлн сўм маблағ йўналтирилди.

Ушбу маблағларга тезкор тарзда Тошкент, Наманган, Сурхондарёда карантин зоналари, шунингдек, Зангиота туманида 1000 койка-ўринга мўлжалланган ихтисослаштирилган кўп тармоқли шифохона қуриб битказилди. Баъзи тиббиёт муассасалари қайта ташкил этилиб, янги стационарлар очилди, ЎСШ ва бошқа тиббий ускуналар, шахсий ҳимоя воситалари фаол харид қилинди.

Бу COVID-19 га чалинган барча беморларни муваффақиятли даволашни таъминлаш, тиббий ходимлар саломатлигини сақлаб қолиш, Италия, Испания ёки АҚШда кузатилганидек, зарарланишларнинг энг юқори чўққисида соғлиқни сақлаш тизимига оғир юк тушишига йўл қўймаслик имконини берди.

Бир сўз билан айтганда, ҳукумат карантинни жорий этиш билангина чекланиб қолмай, соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлашда, тезкор реакция кўрсатиш хизмати салоҳиятини оширишда давом этмоқда.

Шу билан бирга, ўртача даражадаги оғир бир беморга даволаниш харажати 32,3 млн сўм (3,200 доллар), реанимациядаги беморга эса 64,4 млн сўм (6,300 доллар)ни ташкил этганини яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман. Дастлабки ойларда беморларнинг кейинги реабилитациясида ҳар бири учун 2,5 млн сўм (250 доллар) сарфланди. Масалан, FAIRHEALTH (Америкадаги соғлиқни сақлаш соҳасида тадқиқотлар олиб борувчи ИИЧБ – муҳаррир изоҳи) ҳисоб-китобига кўра, АҚШда тиббий суғуртасиз бир америкаликни коронавирусдан даволаш 73,3 минг долларга, суғурталанганиники эса 38 минг долларга тушади. Шунингдек, коронавирусга чалинган касални даволаш харажати млн долларни ташкил этган ҳолат ҳам маълум.

Ўзбекистонда ўз вақтида кўрилган дастлабки карантин чора-тадбирлари туфайли COVID-19 атрофидаги вазият қўшни давлатлар, МДҲ ва умуман, бутун дунёга нисбатан анча яхши ва бу жуда муҳим факт.

Масалан, аҳоли сонига нисбатан касалланиш даражасини олайлик. Ўзбекистонда бу улушлар нисбати бошқа давлатларга нисбатан минимал даражада. Ҳар 100 минг кишига тўғри келадиган ҳолатлар сони бўйича Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида охирги ўринда туради — 35 киши. Россияда бу кўрсаткич — 484, Беларусда — 681, Қозоғистонда — 291, Қирғизистонда — 143, Арманистонда 1024 кишига тенг.

Сўнгги кунларда мамлакатимизда зарарланиш статистикасининг ошиб бораётганини кўряпмиз. Интенсив терапия ва карантин зоналарида касалланганлар сони кўпайди. Ўлим даражаси ҳам нисбатан ошди. Агар мартдан май ойига қадар бизда 10 та ўлим ҳолати юз берган бўлса, чекловлар енгиллаштирилгач, ўлим кўрсаткичи яна 50 тага ошди.

Бу кўрсаткичларни камайтириш, зарарланишлар сонининг ўсиш занжирини бузиш учун бизга карантин керак. Бу эса бўшаган куч ва маблағларни соғлиқни сақлаш тизимини янада мустаҳкамлашга, аҳолини қўллаб-қувватлашга йўналтириш имконини беради.

— Сўнгги кунларда касалликни ташхислаш, аниқроғи, COVID-19 га  тест олиш жараёни борасида кўплаб ўринли саволлар пайдо бўлди.

— Тестлар ҳажмини ҳеч қандай камайтирмадик. Ҳар куни 22-24 минг тест ўтказилмоқда. 12 июлга қадар 1,3 миллиондан ортиқ тест ўтказилди. Бу 1 млн аҳолига 41 мингта тест ўтказилди, дегани.

Масалан, бу энг юқори кўрсаткичлардан биридир. Биздан фақат Россия (157 мингта), АҚШ (126 мингта), Буюк Британия (117 мингта) каби давлатлар юқорироқ поғонани эгаллаган. Пропорционал нуқтаи назардан Ҳиндистон ва Бразилияда Ўзбекистонга қараганда 1 млн кишига нисбатан кам тест ўтказган. Сўнгги кунларда аниқланган ҳолатлар сонининг ошиши кўп жиҳатдан катта миқдорда тестлар ўтказилиши билан ҳам боғлиқ, деб ҳисоблайман. Шу билан бирга, давлат тест ўтказиш қобилиятини оширишда давом этмоқда. Жумладан, яқиндагина тест, ПЗР аппаратлари ва бошқа лаборатория ускуналари харид қилиш учун 500 млрд сўмга яқин маблағ йўналтирилди.

Бироқ тест, биринчи навбатда, “шунга гумон мавжуд” ҳолатларда, яъни касаллик аломатлари ўзини намоён қилган шахсларда ва касаллар билан мулоқотда бўлган одамларда ўтказилиши кераклигини ҳам ҳисобга олиш лозим. Акс ҳолда соғлиқни сақлаш тизими шунчаки юкламага бардош бера олмай қолади.

Бундай ёндашувга бошқа мамлакатларда, хусусан, Германия ва Японияда ҳам амал қилинади. Билишимча, Японияда тана ҳарорати 37,5 даражадан юқори, йўтал ва тумов бўлган одамларнинг коронавирус тестидан эркин ўтиши тақиқланади ва улар камида 4 кун уйда қолишга чақирилади. Агар аломатлар йўқолмаса, махсус марказлардан бирига қўнғироқ қилиб, сиртдан суҳбатдан ўтиши керак. Мабодо вазият жиддий бўлса, бемор учун тез ёрдам машинаси жўнатилади, коронавирус тести ўтказилади ва у юқумли касалликлар палатасига ётқизилади. Япония ҳукумати шу йўл билан шифохоналарнинг касалланганлар, шу билан бирга, аломатлари енгил кечаётган фуқаролар билан тўлиб-тошиб, натижада янги оммавий зарарланиш ўчоқлари кўпайиб кетган Италиянинг аҳволига тушиб қолмасликка интилади.

— Давлат аҳолининг заиф қатламларини қандай қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиётни қандай тиклаш ниятида?

— Таъкидлаш жоизки, айнан давлат иқтисодий ва молиявий харажатларнинг кўпчилигини онгли равишда ўз зиммасига олган. Айримлар ижтимоий тармоқларда давлат ижтимоий кўмакни бошданоқ йирик корхоналар зиммасига юклаб қўйди, деб ёзишади. 120 минг эҳтиёжманд оилани қўллаб-қувватлаш учун 20 млрд сўмни етарли эмас, дейишмоқда.

Лекин ундай эмас. Нафақат аҳолининг барча қатламлари учун, балки кичик ҳамда ўрта корхоналар ва, умуман, бутун иқтисодиётнинг бир маромда ишлашини ҳам максимал даражада қўллаб-қувватлаш мақсадида ёрдам пакети қабул қилинди.

500 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти ва 8 миллиондан ортиқ фуқарога қарийб 30 трлн сўм миқдорида имтиёз ва преференциялар берилди.

Коронавирус пандемияси вақтида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг умумий қиймати 6,1 млрд доллардан зиёд, деб баҳоланган. Ўзбекистон шароитида бу маблағлар мамлакат ЯИМнинг деярли 11% ини ташкил этади. Иқтисодий имкониятларимизни ҳисобга оладиган бўлсак, бу анчайин катта маблағ. Шундан 1,7 млрд долларга яқин ёки қарийб 30 фоиз маблағ Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлашга йўналтирилди, бу эса юқори кўрсаткичдир.

Кўпчилик фуқаролар “вертолёт пуллар” ажратилишини ҳам қўллаб-қувватлайди. Ушбу масала бўйича ўз фикрларим билан ўртоқлашмоқчиман. Бу жуда баҳсли масала, негаки бутун дунёда пандемия оқибатларини минималлаштиришнинг ягона стандарти мавжуд эмас. Ҳар бир мамлакат ўз иқтисодий воқелигига асосланиб, қарорлар қабул қилади. “Вертолёт пуллар” ижтимоий қўллаб-қувватлаш сифатида фойдалидир, бироқ пул-кредит сиёсати воситаси сифатида долзарб эмас ва, умуман, ривожланаётган иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Биринчидан, қарор қабул қилишда биз манзилли кўмак тамойилидан келиб чиқамиз. Маблағлар, биринчи навбатда, пандемияга қарши курашиш учун аҳолининг энг заиф тоифаларига, шунингдек, иқтисодиёт тармоқларининг қўллаб-қувватланиши ва бир маромда ишлаши учун йўналтирилади. Бу пандемиядан сўнг ҳар бир кишининг ишга киришиб кетиши, иқтисоднинг “ишлаши” мақсадида амалга оширилади.

Иккинчидан, тўлақонли ишламаётган хизмат кўрсатиш сектори шароитида катта пул массасининг пайдо бўлиши инфляцияга олиб келиши мумкин, бу эса охир-оқибат озиқ-овқат ва бошқа кундалик эҳтиёж товарлари нархлари ошишига олиб келади.

Умуман олганда, биз қабул қилган модел аҳолининг заиф гуруҳларига манзилли ёрдам кўрсатишни ташкил этишга асосланган. Мавжуд захиралардан иқтисодий фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва одамларни иш ва мос равишда маош билан таъминлашда фойдаланилади. Бунинг келажакда мамлакат аҳолисига бир марталик пул тўловларидан кўра кўпроқ иқтисодий самара бериши шубҳасиз, деб ҳисоблайман.

Хулоса сифатида таъкидлашни истардимки, эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатилиши борасида ҳеч қандай шубҳага ўрин қолмаслиги лозим. Карантин даврида бундай тоифадаги кишилар озиқ-овқат ва дори-дармонсиз қолиб кетмайди. Давлат масъулиятни ўз зиммасига олган ва бу режаларни қатъий амалга оширишни кўзламоқда. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, бунинг учун бизда барча захира ва имкониятлар мавжуд.

Энг муҳими, биз энди пандемия шароитида яшашга, меҳнат қилишга ўрганишимиз шарт. Ҳаёт давом этмоқда ва у биздан сабр-тоқат ва мустаҳкам интизом билан оқилона ҳаракат қилишимизни талаб этади. Аминманки, бу синов ва қийинчиликларни, албатта, енгиб ўтамиз!

«Янги Ўзбекистон» газетаси №131 16.07.2020