Тошкентда Самарқанд саммити якунлари муҳокама қилинди

Хорижлик экспертлар ШҲТ Самарқанд саммитида Ўзбекистон Президенти томонидан таклиф этилган ташаббусларни юқори баҳолашди. Уларнинг фикрича, Самарқанд декларациясида ШҲТга аъзо мамлакатларнинг муҳим минтақавий ва глобал масалалар бўйича муштарак ёндашувлари ўз ифодасини топган.Бугун Тошкентда “ШҲТ Самарқанд саммити: минтақавий ва халқаро хавфсизлик, барқарор ривожланишга қўшилган ҳисса” мавзусида халқаро конференция иш бошлади.Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Ташқи ишлар вазирлиги ва Марказий Осиё халқаро институти билан ҳамкорликда ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси кўмагида ташкил этилди.Конференция ШҲТга аъзо давлатлар, шунингдек, кўплаб хорижий мамлакатлар, жумладан, АҚШ, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Франция Венгрия таҳлилий  марказларининг 30 дан зиёд вакили жамланди.Нуфузли мутахассислар таркиби Самарқандда бўлиб ўтган саммит якунлари, жумладан, анжуман доирасида ташкил этилган  тадбирларнинг аҳамияти, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган муҳим ташаббусларни муҳокама қилиш имконини берди.Иштирокчилар Самарқанд саммити кутилганидан ҳам аъло даражада ўтиб, билдирилган ишончни тўла-тўкис оқлаганини, мисли кўрилмаган даражада кенг кўламли ишлар амалга оширилиши туфайли Ўзбекистон ташкилотга раислик жараёнини муносиб якунланганини бир овоздан эътироф этдилар. Дарҳақиқат, Самарқанд саммити бутун дунё ҳамжамияти эътиборини ўзига қаратиб, энг муҳим сиёсий воқеалардан бири сифатида тарихга кирди.Экспертлар Самарқанд нафақат ШҲТ саммити ва ташкилот доирасидаги йиғилишлар, балки турли давлатлар етакчилари, халқаро тузилмалар раҳбарларининг икки ва кўп томонлама тартибдаги муҳим музокаралар майдонига айланганини алоҳида қайд этишди.Хусусан, “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўли қурилиши лойиҳаси бўйича ҳамкорлик қилиш тўғрисида уч томонлама келишув имзоланди. Экспертлар тахминига кўра, бу ҳужжат минтақанинг иқтисодий жиҳатдан янада ривожланиши учун кучли туртки беради, минтақа транспорт тизими ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш, бутун Марказий Осиё тараққиётини таъминлашда стратегик аҳамиятга эга.Иштирокчилар мазкур саммит халқаро муносабатлар тизимига нисбатан ишончни қайта тиклашга сезиларли ҳисса қўшгани, мулоқот ва ҳамфикрликка асосланган давлатлараро ҳамда кўп томонлама ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берган ўзига хос дебоча-нуқта вазифасини ўтаганига урғу беришди.Қайд этилишича, анжуманнинг юртимизда ўтказилиши бутун дунё бўйлаб Ўзбекистоннинг ўзига хос ижобий имижини шакллантириш, мамлакатимизга халқаро ҳамкорликнинг янги, юқори даражасига кўтарилиш имконини беради.Хорижлик экспертлар саммитда Ўзбекистон Президенти томонидан билдирилган ташаббусларни юқори баҳолашди.Уларнинг фикрича, Ўзбекистон етакчиси билдирган инқилобий ғоялар ШҲТ маконида бунёдкор ва барқарор ривожланишга саломоқли ҳисса қўшиб, ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришда янги уфқларни очади.Шунингдек, шерикликнинг Ўзбекистон Президенти кўрсатиб берган янги йўналишлари ташкилотга аъзо барча мамлакатлар томонидан кенг миқёсда қўллаб-қувватланиши ва яқин келажакда ўз ҳаётий ифодасини топиши қайд этилди.Конференция давомида экспертлар саммит якунларини сарҳисоб қилар экан, Самарқандда аксарияти стратегик жиҳатдан муҳим хусусиятга эга бўлган 40 дан зиёд концептуал ҳужжат имзоланганига алоҳида эътибор қаратди.Айниқса, ШҲТга аъзо мамлакатлар ўртасида ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ва самарали транспорт йўлакларини яратиш, шунингдек “ақлли” қишлоқ хўжалиги соҳасида тармоққа агро инновацияни жорий қилиш бўйича ҳамкорлик концепциялари алоҳида ажратиб ўтилди.Шу билан бирга қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, инфратузилмани такомиллаштириш, саноат кооперациясини рағбатлантириш, рақамли саводхонликни ошириш соҳаларида ҳамкорлик дастурлари, шунингдек ички минтақавий савдони ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси, юқумли касалликларнинг олдини олиш ва уларни даволаш масаласида биргаликда иш олиб бориш бўйича “йўл харитаси” ҳам барчада қизиқиш уйғотди.Экспертлар ушбу ҳужжатлар кўп томонлама ҳамкорликнинг янги қирраларини белгилаб беришига ишонч билдиришмоқда. Таъкидланишича, айни ташаббуслар ШҲТга аъзо мамлакатлар саъй-ҳаракатини умумлаштириб, бугунги кунда халқаро ҳамжамият дуч келаётган таҳдидларга биргаликда жавоб беришга қаратилган.Табиийки, тадбир иштирокчилари саммитнинг якуний ҳужжати – Самарқанд декларациясига алоҳида урғу беришди. Зеро, ҳужжатда аъзо мамлакатларнинг муҳим минтақавий ва глобал масалалар бўйича муштарак қарашлари ўз ифодасини топган.Таҳлилчилар фикрича, декларацияда минтақавий барқарорлик,  хавфсизлик ва изчил иқтисодий ривожланишни таъминлаш, транспот тармоқларини мустаҳкамлаш, шунингдек маданий мулоқотни чуқурлаштириш бўйича уйғун ёндашувлар белгилаб қўйилган.Хусусан, Декларацияда Беларусни ШҲТ аъзолигига қабул қилиш жараёнини бошлаш, Озарбайжон, Арманистон, Камбожа ва Непалга кузатувчи-давлат, Баҳрайн, Сурия, Мальдив ва Мьянмага эса мулоқот бўйича шерик мақомини бериш тўғрисидаги қарорлар акс этган.“ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг халқаро ишлаб чиқариш ва етказиб бериш занжирлари хавфсизлигини, барқарорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича баёноти” қабул қилинди.Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” ташаббусини биргаликда амалга ошириш ҳамда Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар қўллаб-қувватланиши ифодаланган.

Манба