Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Марказий Осиё халқаро институти ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркия ва Венгриянинг етакчи таҳлилий марказлари мутахассислари, шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти котибиятининг 20 дан ортиқ вакили иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов, ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозилов, ТДТ бош котиби ўринбосари Гисмат Гозалов, Марказий Осиё халқаро институти директори ўринбосари Фанил Кадиров иштирокчиларга табрик сўзи билан мурожаат қилишди.
Қатнашчилар Туркий давлатлар ташкилоти Самарқанд саммити якунлари, жумладан, тадбирнинг аҳамияти, анжуманда Президентимиз томонидан билдирилган муҳим ташаббусларни муҳокама қилишмоқда.
Экспертлар ТДТнинг Истамбул ва Самарқандда бўлиб ўтган саммитлари оралиғида илгари эришилган келишувларни амалий мазмун билан бойитиш ҳамда “Туркий дунё нигоҳи-2040” стратегиясини амалга ошириш доирасида янги лойиҳалар ишлаб чиқиш бўйича мисли кўрилмаган фаоллик намойиш этилганини қайд этди.
Мамлакатимиз бу борада турли тадбирларни ўтказиш учун муҳим майдонга айланди.
Хусусан, сўнгги йиллар юртимизда туркий мамлакатлар таҳлилий марказларининг 8-йиғилиши, ТДТ транспорт вазирлари йиғилиши, ташқи ишлар вазирлари кенгаши бўлиб ўтди.
“Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари” мавзусида Самарқандда бўлиб ўтган биринчи саммит барча тадбирларнинг асосий якуни бўлди.
Мутахассислар фикрича, саммит ташкилотнинг кенг кўламли кун тартибини муҳокама қилиш учун юқори даражадаги платформани тақдим этди. Ўзбекистон ва минтақадаги бошқа мамлакатларда ўзаро савдо ва инвестициявий ҳамкорлик учун қулай шароит яратиш, транспорт ва логистика, энергетика, қишлоқ хўжалиги, туризм соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш каби устувор масалалар шулар жумласидан.
“Туркий давлатлар ташкилоти Самарқанд саммити: асосий якунлар ва ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари” халқаро анжумани кун тартибидаги кенг кўламли масалаларни кўриб чиқиш, саммитнинг асосий натижалари юзасидан фикр алмашиш, Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида форум “Самарқанд декларацияси – бугунги геосиёсий шароитда туркий давлатлар интеграцияси учун янги туртки” ҳамда “Туркий давлатлар ташкилоти минтақада и тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш бўйича ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва бу борадаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштирувчи институционал асос сифатида” мавзулари бўйича икки сессияга бўлинган ҳолда давом этди.
Конференцияда мутахассислар томонидан билдирилган хулоса, фикр ва таклифлар ўзаро муносабатни янада чуқур ўрганиш, туркий мамлакатлар ўртасидаги алоқани мустаҳкамлашга нисбатан умумий ёндашувни топишга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 11 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида “Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари” шиори остида Туркий давлатлар ташкилоти биринчи саммити бўлиб ўтди.
Тадбирда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан иштирок этди.
Саммитда музокаралар якуни бўйича 10 дан ортиқ кўп томонлама ҳужжат имзоланди. Ташкилотга аъзо давлатларнинг халқаро кун тартибига оид долзарб масалалар бўйича келишилган фикрлари саммитнинг асосий якуний ҳужжати – Самарқанд декларациясида қайд этилди.
“Туркий дунё нигоҳи-2040”концепциясини амалга ошириш доирасида “Туркий давлатлар ташкилотининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган стратегияси” ҳам қабул қилинди. Тез орада Туркий инвестиция жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги қарор муҳим ҳужжатлардан бири бўлди.
Шунингдек, саммит доирасида Халқаро аралаш юк ташиш тўғрисидаги битим ва Транспорт боғлиқлиги дастури ҳам имзоланди.
Саммит Туркия Республикасининг ТДТга раислигини якунлаб берди. Бу вазифа Ўзбекистон Республикасига ўтди. Ташкилотга аъзо давлатлар Президентимизнинг 2023 йилни “Туркий цивилизациянинг юксалиш йили”, деб номлаш тўғрисидаги таклифини бир овоздан маъқулладилар.