Тошкентда терроризмга қарши кураш бўйича семинар-тренинг бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 4-7 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясида янги технологиялардан террорчилик мақсадларида фойдаланиш бўйича семинар-тренинг ўтказилмоқда.

Ушбу тадбир ўзбекистонлик мутахассисларни бу борадаги илғор тажриба, замонавий услуб ва амалиётлар билан яқиндан таништириш, тегишли хавф ва таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган миллий чора-тадбирлар ва тавсияларни ишлаб чиқишга қаратилган.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2022 йилнинг 3-4 март кунлари БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясини Марказий Осиёда амалга ошириш бўйича Тошкентда бўлиб ўтган юқори даражадаги конференцияда илгари сурилган ташаббус ва таклифларни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” доирасида ўтказилмоқда.

Тренинг БМТнинг Терроризмга қарши курашиш бошқармаси, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича Минтақавий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси ва Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ташкил қилинмоқда.

Тадбир тингловчилари сифатида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари вакиллари ҳамда киберхавфсизликни таъминлаш ва таҳлилий тузилмаларнинг экспертлари қатнашишади.

Тўрт кунлик семинарда БМТнинг Терроризмга қарши кураш маркази ва Терроризмга қарши курашиш бошқармасининг киберхавфсизлик бўйича етакчи мутахассислари маъруза қилишади.

Тошкентда терроризмга қарши кураш бўйича семинар-тренинг бўлиб ўтди

Манба