Туркий тилли давлатлар кенгаши — тили, маданияти, қадриятлари муштарак давлатлар ҳамкорлигининг мустаҳкам пойдевори

Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида “Ўзбекистон Республикасининг Турк кенгашига қўшилиши — туркий дунё тараққиётининг янги саҳифаси” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда институт мутасаддилари, маҳаллий экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Жорий йилда Ўзбекистон расман Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига Нахичеван битимига қўшилиш ҳақидаги ариза билан расман мурожаат қилди. Мазкур мурожаат Ташкилотга аъзо барча давлатлар томонидан илиқ қарши олинди. Ғоят қисқа фурсатда — қарийб бир иш кунида ижобий жавоб берилди.

2019 йил 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Нахичеван битимига қўшилиш тўғрисидаги фармони имзоланди. Шу куннинг ўзидаёқ уни ратификация қилиш тўғрисидаги қонун қабул қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Кенгаш Котибияти ва депозитарийсига Ўзбекистон Нахичеван битимига қўшилиши тўғрисида ҳужжат юборилди.

Маълумки, жорий йилнинг 15 октябрь куни Озарбайжоннинг Боку шаҳрида Туркий тилли давлатлар кенгашининг (ТТДК) еттинчи саммити бўлиб ўтди. Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлиши мамлакатимиз учун қандай имкониятлар эшигини очиб бериши борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Таъкидланганидек, кенгашда савдо-иқтисодий характердаги масалаларни биргаликда ҳал этиш учун туркий тилли давлатлар имкониятларини бирлаштириш бўйича катта салоҳият мавжуд. Бу умумий 115 млн. кишилик аҳоли ва 1,1 трлн. доллардан зиёд ялпи ички маҳсулотга эга Кенгаш миқёси ўзбек маҳсулотлари экспорти учун истиқболли бозор эканлигидан далолат беради. ТТДК мамлакатларининг транзит салоҳияти Ўзбекистонга Европа бозорларига чиқиш имконини беради. Бинобарин, Кенгаш иштирокчилари билан ҳамкорликда “Боку-Тбилиси-Карс”(“БТК”) темир йўли билан боғлиқ Транскаспий транспорт йўлагини ривожлантиришга эътибор қаратиляпти. Ўзбекистоннинг 2018 йилда ишга туширилган “Замонавий Ипак йўли” қўшма туристик лойиҳасида фаол қатнашуви юртимиз сайёҳлик имижини Жанубий Кавказ ва Яқин Шарқ давлатларида илгари суриш, шунингдек, диёримизга келадиган сайёҳлар оқимини кўпайтиришга ёрдам беради.

Қизғин савол-жавоб руҳида ўтказилган давра суҳбатида оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.

Манба