Ўтган йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёвнинг Ҳиндистонга амалга оширган биринчи давлат ташрифи икки томонлама муносабатларимизда ҳамкорликнинг янги қирраларини очиб берди. Ушбу йилнинг 17-18 январида Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ташрифига кўра Президентимизнинг Ҳиндистонга амалга оширилаётган ташрифи сўнгги тўрт ой ичида иккинчиси ҳисобланади.
Бу ташриф чоғида Президентимиз савдо ва инвестиция соҳасида юртимизда фаолият юритиб келаётган вазирликлар ва ташкилотлар, йирик компанияларимизнинг раҳбарлари билан «Гуджарат-2019» халқаро инвестиция форумида иштирок этишни режалаштирмоқда.
«Гуджарат» халқаро инвестиция саммити ҳар икки йилда бир марта Ҳиндистоннинг Гандинагар шаҳрида ўтказиб келинадиган йирик форум ҳисобланади. У кўплаб давлат ва ҳукумат раҳбарлари, вазирлар, халқаро ташкилотлар, трансмиллий компаниялар раҳбарлари ҳамда хорижий мутахассисларни бирлаштиради. Унда халқаро иқтисодиётнинг ривожланиши, савдо соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, хорижий инвестицияларни миллий иқтисодиётга жалб этиш, илғор технологиялар ва инновацион ғоялар билан ўзаро алмашиш масалалари муҳокама этилади.
Таъкидлаш жоизки, бу йилги «Гуджарат» халқаро инвестиция саммитида 26 мингдан зиёд халқаро компаниялар ва 140 га яқин расмий делегациялар иштирок этиши кўзда тутилмоқда. Ўзбекистон «шерик мамлакат» сифатида «Гужарат» саммитида биринчи марта қатнашмоқда. Франция, Дания, Норвегия, Нидерландия, Чеxия, Канада, Бирлашган Араб Амирликлари, Япония, Жанубий Корея ва Таиланд ҳам «шерик мамлакатлар» қаторида иштирок этади.
Ҳозирги кунда иқтисодиёт ва инвестиция соҳасида юртимизда ўтказилаётган катта ислоҳотлар хорижий сармоядорларнинг бизга нисбатан кизиқишини кучайтираётгани бежиз эмас, албатта. Инвестиция соҳасида Ўзбекистон дунёнинг 45 давлатларига, шу жумладан Ҳиндистонга ҳам мисли кўрилмаган кенг имтиёзлар тақдим этмоқда, шарт - шароитлар яратмоқда.
Юртимизда хорижий инвесторлар учун 30 йил давомида ва ундан ортиқроқ муддатга эксплуатация қилишни назарда тутувчи 18 та эркин иқтисодий ҳудудлар ташкил этилган. Улардан 7 таси фармацевтика саноати соҳасида фаолият юритади.
Маълумотларга кўра, Гуджарат штати Ҳиндистоннинг фармацевтика саноат маркази ҳисобланади, у ерда ушбу соҳадаги дунёнинг етакчи фирма ва компаниялари мавжуд. Ҳиндистоннинг ўзбек делегациясини «Гуджарат -2019» форумига таклиф этишидан асл мақсади - хинд компанияларини юртимизда ўз фоалиятини кенгайтиришда мавжуд имкониятлар билан таништириш ва икки томонлама ҳамкорликни янада юксалтириш.
Форумнинг очилиш маросимидан сўнг «Андижон-фарм» эркин иқтисодий ҳудудига бағишланган семинар ўтказилади. Андижон ва Гужарат ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масаласи икки томонлама шерикчилик тўғрисидаги Меморандумни имзоланиш орқали мустаҳкамланади.
Умаман олганда, юқори даражадаги делегациямизнинг бу форумда иштирок этиши Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кучайиши ва мустаҳкамланишига ўз ҳиссасини қўшиши шубҳасиздир.
Дилором Маматкулова
Ўзбекистон Республикаси
Президент ҳузуридаги Стратегик ва
минтақалараро тадқиқотлар институти
етакчи илмий ходими
Манба «O’zbekiston 24» радио-канали