Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг етакчи таҳлилий марказлари экспертлари ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилдилар

“Тараққиёт стратегияси” марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) ҳамда Қирғизистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар миллий институти (СТМИ) томонидан “Ўзбекистон-Қирғизистон стратегик шериклигини ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари” мавзусида конференция ўтказилди.

Гибрид форматда ташкил этилган анжуманда икки мамлакатнинг етакчи илмий-таҳлил марказлари, шунингдек, вазирлик ва идоралари вакиллари иштирок этди.

Мутахассислар сўнгги йилларда эришилган натижалар юзасидан фикр алмашди, сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги шерикликни янада кучайтириш истиқболини белгилаб олишди.

Икки элни кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик, умумий тарих, маданият, анъаналар, дин бирлаштиргани таъкидланди. Мамлакатларимиз ҳамкорлик жараёнида ўзаро манфаатни ҳурмат қилиш, ҳисобга олиш ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш, конструктив, прагматик алоқани ривожлантириш тамойилидан келиб чиқади.

Сўнгги йилларда икки давлат раҳбарларининг қатъий иродаси туфайли сиёсий мулоқот ва ишонч мустаҳкамланиб, барча жабҳаларда кўплаб масалалар ҳал этилаётгани, самарали саъй-ҳаракатларни кучайтириш учун барча шароит яратилди.

2017 йил октябрь ойида имзоланган Стратегик шериклик, дўстлик, яхши қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларация ҳамкорликни янада ривожлантириш масаласига умумий ёндашувни мужассамлаштирди, муносабатларни янги босқичга олиб чиқди.

Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг 2021 йил март ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи давлатларимиз ўртасидаги муносабат тарихида муҳим воқеа бўлди, сафар якунида томонлар турли соҳаларга оид 22 ҳужжат имзолашди.

Мутахассислар таъкидлашича, 2016-2022 йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчилари жами 16 марта – 4 та ўзаро ташриф, 12 бор турли халқаро тадбирлар доирасида учрашган. Давлат раҳбарларининг қатъий иродаси, ваколатли идораларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракати туфайли қатор долзарб масалалар, жумладан, ер ва сувдан фойдаланиш, сув-энергетика ресурсларидан биргаликда миллий фойдаланиш амалий ечимини топди.

2022 йил август ойида Сув ресурларини биргаликда бошқариш бўйича қўшма комиссия иш бошлади, тузилманинг илк йиғилишида сув хўжалиги масаласи бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги идоралараро битим имзоланди. Қирғизистонга электр энергияси етказиб бериш ва транзит соҳасида ҳамкорлик қилинмоқда. Ўзбекистон Қирғизистонга нафақат электр энергияси етказиб беряпти, балки ўз энергия тармоғи орқали Туркманистондан 2021-2022 йилларда 1 миллиард кВт/соатдан ошиқ электр энергияси транзитини таъминламоқда.

Қирғизистоннинг Норин дарёсида Қамбар ота ГЭС-1 қурилиши лойиҳасини амалга ошириш Қозоғистон иштирокида уч томонлама қўшма корхона ташкил этишдан бошланди.

Бундан ташқари кўп йил давомида пухта мувофиқлаштирилган ишлар натижасида ўзаро манфаатли асосда, оқилона муроса ва эквивалент алмашинув йўли билан давлат чегараларини ҳуқуқий рўйхатга олиш бўйича жуда муҳим вазифа ҳал этилди. Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартнома ва Aндижон (Кампиробод) сув омборини биргаликда бошқариш тўғрисидаги шартнома ратификация қилиниши тарихий аҳамиятга эга воқелик бўлиб, икки томонлама стратегик алоқани янада ривожлантиришга, минтақавий ҳамкорликка, шубҳасиз, жадал суръат бағишлайди.

Бугунги кунда чегараларимиздаги 18 та назорат-ўтказиш пункти фаолияти тикланиб, бундай нуқталар сони ошмоқда, сиғими кенгаймоқда, чегара ва божхона идоралари ўртасида трансчегаравий ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Чегаралар дўстлик ва яхши қўшничилик кўпригига айланмоқда.

Яратилган шарт-шароит туфайли қариндошлар билан учрашиш, саёҳат қилиш, ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш мақсадида 2017 йилдан буён ҳар куни 10 мингдан 20 минг нафаргача Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароси чегарадан ўтяпти.

Натижада чегара олди савдо жадал ривожланмоқда, тадбиркорлар ва мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасида ишбилармонлик алоқалари мустаҳкамланмоқда, инвестициявий ва иқтисодий форумлар, саноат кўргазмалари мунтазам ўтказилмоқда. Чегаралар ва йўллар очилиши муносабати билан ички бозорларда товарларнинг айрим гуруҳлари нархи пасайиши кузатилмоқда, Марказий Осиёда ҳақиқатан ҳам улкан салоҳиятга эга энг йирик, улкан сиғимли минтақавий бозор шаклланмоқда.

Шу нуқтаи назардан иштирокчилар савдо-иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланаётганини таъкидладилар. 2022 йил товар айирбошлаш миқдори илк бор 1 миллиард 260 миллион доллардан ошди. Бу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан қарийб 5 баробар кўп. Марказий Осиё давлатлари орасида Қирғизистон Қозоғистондан кейин Ўзбекистоннинг иккинчи етакчи савдо шеригига айланди. Шу билан бирга томонлар яқин йилларда диверсификация доирасини кенгайтириш ҳисобига ўзаро маҳсулот ва хизмат алмашишни 2 баробар кўпайтириш ниятида.

Ҳар икки давлат иқтисодий алоқанинг янги шаклларини ривожлантирмоқда. Истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида устав капитали 50 миллион долларлик (кейинчалик бу кўрсаткични 200 миллион долларга етказиш кўзда тутилган) Ишбилармонлар кенгаши ва Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси ташкил этилган. Қиймати 550 миллион доллардан ортиқ 60 та лойиҳадан иборат саноат кооперацияси соҳасини кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси амалга оширилмоқда.

2017 йил ташкил этилган Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикаси чегарадош вилоятлари раҳбарлари кенгаши икки томонлама, жумладан, ҳудудлараро муносабатни ривожлантиришга кучли туртки бермоқда.

Буларнинг бари тадбиркорлик ривожланишига, янги иш ўринлари яратилишига, импорт ўрнини босувчи маҳсулот улуши ортишига, икки қўшни давлатнинг экспорт салоҳияти ошишига хизмат қилмоқда. Чегаравий савдо ва саноат зоналари ташкил этилмоқда. Бугунги кунда юртимизда Қирғизистон капитали иштирокидаги қўшма корхоналар сони 2016 йилга нисбатан 6 баробар ошиб, 300 тага етган. Қирғизистонда эса ўзбекистонлик резидентлар иштирокида 51 корхона очилган.

Тошкент ва Бишкек транспорт, транзит соҳасида ҳам ҳамкорликни фаоллаштирмоқда. 2021 йил халқаро темир йўлда юк ташиш миқдори 1,5 миллион тоннани ташкил этди ёки 14 фоиз ўсди, 2022 йил эса, деярли, 2 миллион тоннага етди. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” AК “Тошкент – Бишкек – Тошкент” йўналиши бўйича ҳафтасига 3 марта парвоз амалга оширмоқда.

Хитой –Қирғизистон –Ўзбекистон темир йўли қурилиши ҳамкорликни чуқурлаштиришга сезиларли туртки беради. Конференция давомида мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида Шарқий Осиёдан Яқин Шарқ ва Жанубий Европа мамлакатларига йўналишни сезиларли даражада – 900 километргача, шунингдек, юк етказиб бериш муддатини 7-8 кун қисқаришига ишонч билдирилди. Бу Марказий, Шарқий Осиё ва Европа мамлакатлари ўртасидаги савдо айланмаси ҳамда бутун минтақамиз экспорт салоҳияти ошишига олиб келади.

Муҳокама чоғида икки халқнинг кўп асрлик тарихий, маданий ва маънавий ҳамжиҳатлиги давлатлараро муносабатни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилишига эътибор қаратилди. Маданий-гуманитар алоқа фаоллашувига, шубҳасиз, ўзаро маданият кунларини ўтказиш қайта тиклангани, этномаданий марказлар фаолияти, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамкорлиги сабаб экани таъкидланди. Ўзбекистонда 6 та қирғиз маданият маркази ва 50 дан ортиқ таълим қирғиз тилида олиб бориладиган мактаб мавжуд. Бундан ташқари Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг бир неча ўн минглаб фуқаролари мамлакатларимиз олий ўқув юртларида таҳсил олмоқда, сўнгги 5 йил ичида бу миқдор 20 баробар ошди.

Конференция иштирокчилари ҳозирги кунда икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш учун мутлақо янги имкониятлар шаклланаётгани, халқларимиз бирлиги ва жипслиги мустаҳкамланаётгани, бу Марказий Осиё минтақасини яхши қўшнилик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва барқарор ривожланиш маконига айлантиришга хизмат қилаётгани борасида якдил фикр билдирдилар.

Мамлакатлар биргаликда, бир-бирини қўллаб-қувватлаган ҳолдагина давлатларимиз олдидаги вазифаларни самарали ҳал этиш, минтақанинг барқарор ривожланишини таъминлаш ва аҳоли фаровонлигини оширишга эришиши мумкинлиги тўғрисидаги тушунча мустаҳкамланиб бормоқда. Бундан, аввало, мамлакатлар фуқаролари наф кўрмоқда.Буларнинг бари биргаликдаги амалий ишларнинг ҳақиқий натижасидир.

Тадбир якунида иштирокчилар савдо-иқтисодий, транспорт логистикаси ва бошқа соҳалардаги турли долзарб масалалар бўйича қўшма тадбирларни давом эттиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар. Икки мамлакат таҳлил марказлари ўртасидаги ҳамкорлик кучайиши дўстона муносабатни мустаҳкамлаш, ўзаро ҳамкорликнинг янги йўналишларини излаш ва топишга хизмат қилиши таъкидланди.

Источник