Ўзбекистондаги ислоҳотлар дунё нигоҳида

АҚШ ташқи сиёсати кенгаши ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институти ҳафталик нуфузли “The Central Asia-Caucasus Analyst” нашрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Ариповнинг Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти ва самарадорлигига бағишланган мақоласи чоп этилди. Қуйида ушбу мақола эътиборингизга ҳавола этилади.

Шу йил 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга учинчи Мурожаатномасини тақдим этди. Давлат раҳбарининг маърузаси мамлакатни ислоҳ қилиш йўлида муҳим қадам бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев мазкур Мурожаатномасида олдингидек эски, самарасиз иш услубидан воз кечиб, бошқарувнинг демократик ва бозор муносабатларига асосланган шаклларини жорий қилиш, шунингдек, кучли вакиллик ҳокимияти зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Давлат раҳбари янги сайланган депутатларни ислоҳотларни амалга оширишда қатъиятли ва журъатли бўлиш, ижро ҳукуматига қараб қолмаслик, сайловчилар манфаатини ифодалайдиган аниқ позицияни билдиришга чақирди.

Президент самарали фаолият кўрсатадиган парламентга таянган ҳолда ўзаро мувозанат ва тийиб туришга асосланган барқарор тизимни шакллантиришга интилмоқда. Шавкат Мирзиёев ҳокимиятни қатъий вертикал асосда шакллантириш мақсадга мувофиқ эмаслигини аниқ тушунади. Бироқ мамлакатда парламент номигагина фаолият юритса, бунинг иложи бўлмайди.

Шу боис Президент Шавкат Мирзиёев мустақил парламентни шакллантирмоқда. Бу жараёнда фуқароларнинг манфаатидан келиб чиқиб қонунларни қабул қилиш салоҳиятига, зарур малака ва иродага эга бўлиш Олий Мажлис фаолиятининг устувор жиҳатларидан ҳисобланади.

Парламент аъзолари мақоми ва обрўсини оширишга даъватлар ҳам айнан шулар билан боғлиқ. Бунинг учун давлат раҳбари вазир ва идора раҳбарларининг депутатлик сўровларига шахсан жавоб қайтариши лозимлигини қонунан белгилаб қўйишни таклиф қилди.

Албатта, ислоҳотларни таклиф қилиш бошқа, уларни амалга ошириш бошқа. Айни пайтда давлат томонидан конкрет ислоҳотлар амалга оширилди. Ўзбекистон тарихида биринчи марта Бош вазир Вазирлар Маҳкамаси таркибини тасдиқлаш учун парламентга тақдим қилди. Шу билан бирга, парламентнинг ўзи ҳам фаоллаша бошлади. Бундай ўзгаришлар парламент томонидан таклиф қилинаётган қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш жараёнида яққол кўринмоқда.

Қонунчилик палатасининг олдинги таркибида 16 та қонун лойиҳаси муҳокамалардан ўтмаган ва қайта ишлаш учун ташаббус эгаларига қайтарилган. Таққослаш учун: 2010–2014 йилларда депутатлар томонидан бирорта ҳам қонун лойиҳаси қайтарилмаган.

Буларнинг барчаси сиёсий партияларнинг қизғин дебатлари натижаси экани эътиборга молик. Ушбу жиҳатлар бугунги парламентни олдинги, яъни ҳамма меъёрий ҳужжатлар лойиҳаси бир овоздан қабул қилинадиган парламентдан ажратиб туради. Бундай ўзгаришлар муҳим: улар эски тизим, яъни “қонунларни юқоридан кўрсатма асосида қабул қилиш” ўтмишда қолганини кўрсатади.

Амалда ўзаро тийиб туриш ва мувозанатни сақлаш тизими мустақил ҳамда самарали оммавий ахборот воситаларисиз фаолият кўрсата олмайди.

Ҳозир, ўтган даврдан фарқли равишда, ўзбек оммавий ахборот воситалари тўртинчи ҳокимият ролини муваффақиятли бажармоқда. Улар одамларни қийнаётган долзарб муаммоларни аниқлаб, аҳолининг ижтимоий кайфияти ва ислоҳотлар муваффақиятининг муҳим барометрига айланмоқда. Ушбу амалиётнинг келгусидаги ривожи Ўзбекистонга ислоҳотларни юқоридан қуйига кўрсатма асосида эмас, балки “қуйидан юқорига” тамойили асосида амалга оширишга имкон берувчи “қайта алоқа” механизмини қўллаш имконини беради.

Ўзбекистондаги тизимли ўзгаришларнинг яна бир муҳим жиҳати – нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) ёки фуқаролик жамияти атамалари остида бирлашган мустақил фуқаролик ташаббусларидир.

Ҳозир ҳукумат ННТларни давлат аппарати фаолиятини мониторинг ва ижтимоий назорат қилиш воситаси сифатида мустаҳкамлашга уринмоқда. ННТлар сиёсий, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги вазиятнинг мониторинги бўйича 700 дан ортиқ ташаббус билдирди.

Амалда сиёсий ислоҳотлар янги иқтисодий модель томонидан қўллаб-қувватланмаса, муваффақиятли кечиши қийин. Собиқ иттифоқ давридан қолган кўплаб институт, тузилма ва одатлар янгича фикрлаш ва бошқарувга тўсқинлик қилиши шубҳасиз. Президент Шавкат Мирзиёев илгари Бош вазир сифатидаги фаолияти унинг бундай камчиликлар мавжудлигини жуда яхши билишини ва бу борада вақтинчалик чоралар кўриш кўзланган натижани бермаслигини аниқ-тиниқ тушунишини кўрсатади.

Шу боис, у ҳақиқий бозор тамойиллари асосида фаолият юритувчи янги иқтисодий модель ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди. Шу каби таклиф ва ташаббуслар Президент ҳамда унинг администрацияси кўзланган мақсадга тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали эришиш ниятида эканини кўрсатмоқда.

Бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича саъй-ҳаракатлар коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатишга қаратилган чора-тадбирларда ҳам намоён бўлмоқда. Инқирозга қарши ишлаб чиқилган махсус дастур банк сектори, ишлаб чиқариш ва меҳнат муносабатларини ўз ичига олади. Коронавирус оқибатларининг салбий таъсирини юмшатиш учун 1 миллиард доллар миқдоридаги маблағга эга махсус жамғарма ташкил этилди. Ўзбекистон ҳукумати кичик ва ўрта бизнес, экспорт қилувчи корхоналар, туризм, транспорт ва меҳмонхона бизнеси, шунингдек, аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

S&P присвоил рейтинг BB- выпуску облигаций узбекского банка

Ўзини ўзи яккалаш режимига ўтишга мажбур бўлган тадбиркор ва фуқароларнинг эҳтимолий йўқотишларини минималлаштириш учун кенг имтиёз ва преференциялар тақдим этилган. Хусусан, мулк ва ер солиқларини тўлаш муддати кечиктирилди, туристик солиқ тўловлари музлатиб қўйилди. Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари камайтирилди, қатор солиқларга устамалар ҳам тўхтатилди.

Фуқароларнинг ижтимоий эҳтиёжманд қатлами ҳам эътибордан четда қолгани йўқ. Бу жараёнда давлат ва жамиятнинг самарали ҳамкорлиги юзага келди. Мамлакатнинг ҳар бир ҳудудида тегишли ҳайрияларни мувофиқлаштирувчи марказлар тузилди. Уларда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг 18,5 мингга яқин волонтёри фаолият кўрсатмоқда. Бугунги кунга келиб улар томонидан 200 мингга яқин эҳтиёжманд оилага беғараз ёрдам кўрсатилди.

Бундан ташқари, аҳолининг ижтимоий заиф қатламини манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини ташкил этиш бўйича ташаббус кўрсатилди. Давлат раҳбари тадбиркорларни ихтиёрий равишда эҳтиёжмандларга беғараз ёрдам бериш каби масъулиятли ишга бош қўшишга чақирди.

Ўз навбатида, давлат бундай тадбиркорларга солиқ, лизинг, кредит, керакли ресурслардан фойдаланиш имконини бериш борасида турли имтиёз ва преференциялар тақдим этади.

Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров таъкидлаганидек, тадбиркор сарфлаган ҳар бир сўм давлат томонидан компенсация қилинади.

Moody's присвоило АО «Аграрная кредитная корпорация» рейтинг эмитента Ba1; прогноз стабильный

Жаҳон иқтисодиёти ривожланишининг сўнгги юз йиллиги бир ҳақиқатни ишонч билан тасдиқлади: тадбиркорлик фаолияти эркинлиги таъминланган мамлакатларда фуқаролар фаровонлиги ошган ва аксинча, тўсқинлик қилиш салбий оқибатларни юзага келтирган. Ўзбекистоннинг собиқ иттифоқ давридаги ўтмиши ҳам бу соҳа ривожига тўсқинлик қилиш оқибатлари қандайлигини яққол исботлайди. Сўнгги бир неча йилда Ўзбекистон иқтисодиётда қатъият билан фундаментал ислоҳотларни амалга оширмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар ўзининг сезиларли натижаларини бермоқда.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, коронавирус пайдо бўлгунига қадар Европа ва Марказий Осиёнинг ривожланаётган мамлакатларида ЯИМнинг йиллик ўсиш даражаси 2,2 фоизни ташкил қилган, аммо Ўзбекистонда ўсиш даражаси ушбу кўрсаткичдан 2,5 баробар юқори бўлган. Ўзбекистон, шунингдек, илк бора S&P, FitchRatings, Moody’s каби етакчи халқаро рейтинг агентликларининг суверен кредит рейтингида юқори кўрсаткичларни олишга муваффақ бўлди. Бир миллиард долларлик облигацияларни муваффақиятли жойлаштириш эса бозорнинг мамлакат иқтисодий режаларига ижобий жавоби бўлди. 

Президент Шавкат Мирзиёев давлатнинг пахта ва ғалла экинлари устидан монополиясини бекор қилди. Бу ислоҳот вақт ўтиши билан сўзсиз улкан диверсификация, ихтисослашув ва экспорт ҳажмининг ошишига олиб келадиган, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳақиқий бозор иқтисодиётини яратиш сари қўйилган дадил қадамдир.

Мамлакатнинг янада тараққий этишига жиддий зарар етказадиган ва халал берувчи омил коррупциядир. Унга тўқнаш келган кўплаб бошқа давлатлар каби Ўзбекистон ҳам бу ўринда ягона ечим йўқлигини тушунади. Бу борада Президент Шавкат Мирзиёев комплекс чора-тадбирлар олиб бормоқда. Улар орасида тўлиқ валюта конвертацияси, давлат шартномаларини қайта ишлаш, солиқ ва тўловларни ундириш жараёнини рақамлаштириш, суд-ҳуқуқ тизими ва юридик таълимни ислоҳ қилиш каби саъй-ҳаракатлар бор. Бундан ташқари, давлат хизматчилари учун ўз даромади ва мол-мулки тўғрисида оммавий равишда ҳисобот бериш каби талаб жорий қилинмоқда.

2017 йилда Ўзбекистон парламенти “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилди. Бундан ташқари, ўтган йили парламентнинг икки палатасида Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталари тузилиб, уларда, асосан, хорижда ўқиган, замонавий юридик таълимга эга ёшлар иш бошлади.

Бу қисқа муддатда бажарилган иш, бироқ Ўзбекистон Transparency International халқаро ташкилотининг коррупцияни қабул қилиш индексида беш поғона юқорилади. Бу натижа ҳозирги кунда мамлакатда коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилаётгани, бунга давлат ҳам, жамоатчилик ҳам жиддий эътибор қаратаётганидан далолат беради. Бу соҳада янада юқори натижаларга эришиш учун Президент алоҳида Коррупцияга қарши курашга ихтисослашган орган тузишни таклиф қилди. Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, коррупцияга қарши курашадиган том маънодаги мустақил тузилмаларни ташкил этиш улар фаолияти самарадорлигини тубдан оширишга имкон беради.

Аҳоли турмуш даражаси ошмаса, ислоҳотлар самара бермайди. Сўнгги икки йилда Ўзбекистонда реал даромадлар 49 фоизга ошди. Давлат пенсия ва ижтимоий таъминот бўйича тўловлар миқдорини оширди. Ҳукумат томонидан таклиф этилаётган 700 миллион доллар миқдоридаги жамғарма кам таъминланган фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш, шунингдек, уларга ўз кўникмаларини ривожлантириш ва имкониятини оширишда кўмаклашишга қаратилган.

Ҳар қандай давлатда ислоҳотлар жараёни бошланиши жамоатчиликда шубҳа ва қўрқув билан бирга, орзу-умидлар уйғонишига ҳам сабаб бўлади. Буларнинг барчаси Ўзбекистонга ҳам хос, бироқ бугунги кунда оптимистик қараш шубҳа ва хавотирлардан анча устун. Бу ҳақиқий ва тизимли ислоҳотлар йўлида муҳим қадамлар қўйилаётгани билан боғлиқ.

Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёев ислоҳотлар, муаммо ва камчиликлар ҳақида очиқ гапиради. Фуқароларнинг давлат ва иқтисодиётни бошқариш, коррупцияга қарши курашиш, давлат идоралари масъулиятини оширишдаги иштироки ҳақида сўз юритар экан, ўз ислоҳотлари стратегиясининг кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланишига эриша олди.

Ислоҳотлар самара бериши тобора ойдинлашаркан, ўзгаришлар жараёни одамлар кучига куч, ғайратига ғайрат қўшмоқда. Натижада бундан нафақат Ўзбекистон фуқаролари, балки уларнинг Марказий Осиёдаги қўшнилари ҳам манфаат кўради. Ҳар қандай вазиятда ҳам, Президент Шавкат Мирзиёев парламентга йўллаган Мурожаатномасида таъкидлаганидек, “ортга йўл йўқ”.

Элдор АРИПОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори

"Янги Ўзбекистон" газетаси 74-сон 04.05.2020