Ўзбекистоннинг минтақадаги янги ташқи сиёсати

Конституциямиз қабул қилинганининг 28 йиллик байрами муносабати билан  Президентимизнинг халқимизга  йўллаган табригида илгари сурилган муҳим фикр ва ғоялар шу кунларда малакатимиз жамоатчилиги ўртасида қизғин муҳокама қилинмоқда. Дарҳақиқат, Конституциямизнинг қоида ва тамойилларидан келиб чиқиб бундан тўрт йил олдин  қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар изчиллик билан амалга оширилиши натижасида бугун  халқимизнинг дунёқараши тубдан ўзгарди. Жамиятимизнинг барча соҳаларида туб ислоҳотлар амалга ошириляпти. Ҳатто, глобал пандемия шароитида ҳам бошланган хайрли ишлар асло сусаймади. Аксинча, вазиятдан келиб чиқиб инсон ҳуқуқ ва манфаатини таъминлашга оид чора-тадбирлар янада жадаллашди.

Албатта, юртимизда амалга оширилаётган бундай кенг қамровли ишлар, энг аввало, халқимизнинг турмуш фаровонлигини яхшилаш, жамиятимизда демократик ислоҳотларни яна чуқурлаштиришда муҳим омил бўлмоқда. Халқимиз бугунги кунда мураккаб синовларни мардона енгиб, юртимизда эркин, обод ва фаровон ҳаёт – янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда.

Бугун “Янги Ўзбекистон” деган ибора халқаро майдонда нафақат янги тушунча, балки реал ижтимоий ҳодиса сифатида қабул қилинмоқда. Конституциямиз яратиб берган улкан ҳуқуқий имкониятларнинг самараси бўлган  бундай  ютуқ  ва натижалар барчамизга,  албатта юксак ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Айтиш керакки, Конституциямиз халқимизнинг асрлар давомида орзу қилган мустақиллигининг ёрқин рамзи,тинч ва осуда ҳаёт кечириши, миллий қадриятларимиз, тарихимиз ва маданиятимизнинг тикланиши, шунингдек, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини белгилаб берган қомусий ҳужжатдир.

Шу билан бирга Конституциямиз ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлаш,суверенитетимизни мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг халқаро муносабатларда тенг ҳуқуқли субъект сифатида фаолият олиб боришини ўзида мужассам этган миллий манфаатларимиз йиғиндисидир.

Бундан ташқари давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар ва кенг кўламли ислоҳотлар, шу жумладан қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари тамойилларининг мустаҳкамланиши, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни ривожлантириш, узоқ ва яқин хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатилишида Конституциямиз муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Бугун Ўзбекистоннинг Конституцияда белгиланган халқаро ҳуқуқнинг принцип ва нормаларига асосланган, тинчликпарвар, дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорликга қаратилган фаол ташқи сиёсат олиб бориши ички сиёсатимизнинг мантиқий давомидир. У мустақиллигимизни янада мустаҳкамлашга, фуқаролар  тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлашга, мамлакатимизнинг барқарор иқтисодий ривожланишига ва халқаро майдонда ўз салоҳиятини тўлиқ намоён қилишга замин яратмоқда.

Юқорида санаб ўтилган вазифалар ва миллий манфаатларимизни амалга оширишга қаратилган Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати нималарда намоён бўлмоқда?

Биринчидан, бу сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасида олиб бораётган мутлақо янги ташқи сиёсатидир. Давлатимиз раҳбари  Шавкат  Мирзиёев  таъкидлаганидек, Марказий Осиё давлатлари билан дўстона, яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бу ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши сифатида белгиланган. Бундан кўзланган асосий мақсад – минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик муҳитини шакллантириш ва халқларнинг фаровон ҳаёт кечиришга шароит яратиш.

Минтақавий муносабатларнинг янги босқичга чиқишига 2017 йил Самарқанд шаҳрида БМТ шафелигида Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича "Марказий Осиё:  ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик" халқаро конференция ўтказилиши ва ушбу тарихий тадбирдан кейин шаклланганган "Самарқанд руҳи"  катта замин яратди.

Бунинг натижасида, қисқа вақт ичида Марказий Осиё халқларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли минтақада дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик муҳитини яратишга эришилди.

Сиёсий ишонч юксак даражага кўтарилди. Бу эса  минтақадаги ҳаётий муҳим муаммоларни самарали ҳал этиш имконини бермоқда. Ўзбекистон раҳбарияти ушбу йўналишда изчил, чуқур ўйланган ва ташаббускор ташқи сиёсат олиб бормоқда.

Шу ўринда алоҳида қайд этиш лозимки, Марказий Осиёдаги ижобий ўзгаришлар минтақани жаҳон ҳамжамиятида ўрни ва нуфузини оширишга хизмат қилмоқда. Биринчи навбатда, бунга мисол сифатида илк маротаба БМТда “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” резолюцияси қабул қилинганлигини келтириб ўтсак бўлади.

Ўзбекистон  ташаббуси билан қабул қилинган ушбу резолюциянинг муҳим жиҳатларидан   бири шундаки,   ушбу ҳужжат орқали барча Марказий Осиё давлат раҳбарлари минтақада ишонч ва яхши қўшничилик муҳитини янада мустаҳкамлашга бўлган интилиши ва қатъий сиёсий иродаси намоён бўлди.

Иккинчидан,  Марказий Осиё мамлакатлари томонидан илк маротаба минтақадаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари умумий ва яхлит консенсусга бирлаштирган ҳолда халқаро ҳужжатда белгилаб олинди. Шу билан бир қаторда, резолюциянинг  қабул қилиниши  Марказий Осиё мамлакатлари минтақа тақдири учун маъсулиятни тўлиқ ўз зиммаларига олишга тайёр эканликларини тасдиқлади. Илк бор Марказий  Осиё давлатларининг  мақсадлари ва манфаатлари ягона минтақа сифатида намоён бўлди.

Ушбу фикрнинг мантиқий давоми сифатида таъкидлаш жоизки,  АҚШ  Карнеги маркази мутахассислари эътироф этишича, минтақада кузатилаётган жараёнларни  янгиланаётган Марказий Осиёнинг ўзига хослигини топишга бўлган  ҳаракат,  деб баҳолаш мумкин.  Ҳозирги минтақавий яқинлик ва дўстона муносабатлар, Марказий Осиё давлатлари мустақилликга эришган даврдан бери илк бора кузатилаётган ижобий ҳодисадир.

Жаҳон ҳамжамиятида Марказий Осиёнинг аҳамияти ва роли ошиб бораётганлигини минтақада ва бошқа чет эл мамлакатлари ёки халқаро бирлашмалар ўртасида мулоқотнинг турли форматлари ташкил қилинаётганлигида кўришимиз мумкин. Мавжуд “Марказий Осиё–АҚШ”, “Марказий Осиё – Европа иттифоқи”,  “Марказий Осиё – Корея Республикаси”, “Марказий Осиё –Япония” каби мулоқот форматлари қаторига охирги йилларда “Марказий Осиё –Ҳиндистон”, “Марказий Осиё – Хитой” ва “Марказий Осиё –Россия Федерацияси” сингари янги форматлар қўшилди.

Бу нимадан далолат беради?

Авваламбор, минтақадаги ижобий ўзгаришлар натижасида юзага келган мутлақо янги муҳит дунёнинг етакчи давлатлари томонидан Марказий Осиёга нисбатан эътиборнинг ошганлигини кўрсатаяпти. Эндиликда, чет эл мамлакатлари минтақа мамлакатлари билан нафақат иккитомонлама ҳамкорлик доирасида, балки ягона минтақавий кўптомонлама  муносабатларни ривожланитиришга аҳамият қаратишмоқда.

Шунингдек, “Марказий Осиё ва + ” форматлар орқали минтақадаги умумий эҳтиёжлари доирасидан келиб чиққан ҳолда, ягона мақсадларни амалга ошириш учун замин яратилаяпти.

Бу ўз навбатида, минтақадаги  барча  мамлакатлар манфаатларни инобатга олган  Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашга қаратилган катта қадамдир. Шу билан бирга, минтақа ҳамда бошқа давлат  ва  халқаро институтлар ўртасида тузилаётган янги форматларнинг тузилиши бу, Марказий Осиёнинг геосиёсий ва иқтисодий аҳамияти ошириб боришига, шунингдек  минтақага халқаро муносабатлардаги яхлит сиёсий-дипломатик субъект сифатида қаралишига олиб келмоқда.

Бу ўз навбатида, минтақанинг барқарорлигини таъминлаб, инвестицион жозибадорлигини ошираяпти, ташқи давлатлар ва инвесторлар билан ҳакмкорлик учун кенг имкониятлар очиб бераяпти. Айни пайтда, Ўзбекистон ва минтақа давлатлари ўртасида шаклланган янги муҳит барча йўналишларда ўз натижасини бермоқда.

Сиёсий, савдо-иқтисодий, трансчегаравий, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, чегараларни делимитация ва демаркация қилиш, чегара пунктларини кесиб ўтиш каби энг долзарб муаммоларни минтақа давлатлари очиқ ва дўстона руҳда ечишмоқда.

Шу ўринда баъзи бир мисолларни келтириб ўтсак:

Ўзбекистон ва минтақа давлатлари ўртасида савдо айланмаси 2016 йилда 2,4 миллиард долларни ташкил этган бўлса, ушбу рақам 2019 йилга келиб 5,2 миллиард долларга етди. Пандемия шароитига қарамасдан, жорий йилнинг январь-октябрь даврида товар айланмаси 3,8 миллиард долларни ташкил қилди.

Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестицион муносабатларни жадаллик билан ривожланишига яна бир далил сифатида қўшма ва хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сонинингўсиш динамикасини кўрсатиб ўтиш мумкин. Мисол учун, 2017 йил Ўзбекистон ҳудудида Марказий Осиё давлатлари капитали иштирокидаги фаолият кўрсатаётган корхоналар сони  312 та  бўлса, жорий йилнинг июль ойига келиб ушбу рақам 4 баробарга ошиб, 1357 тага етди.

Чегара пунктлардаги баъзи бир тўсиқларнинг олиб ташланганлиги натижасида Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари фуқаролари ўртасида алоқалар тубдан яхшиланди. Таққослаш учун, 5 йил олдин Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара пунктларида бир суткада 200-300 нафар фуқаро ўтган бўлса, ҳозирги кунда бу рақам 30 мингга етди.

Тожикистон билан ҳам чегара пунктларини суткасига 20 минг нафар фуқаро кесиб ўтмоқда. Булар барчаси минтақа давлатлари халқлари учун яратилган қулай шарт-шароитлар натижасидир.

Шу билан бирга айтиб ўтиш лозимки, Марказий Осиё минтақасида шаклланган дўстона ва яхши қўшничилик муҳити сабабли минтақанинг инвестицион-иқтисодий салоҳияти янада ошиб бормоқда. Хусусан, Марказий Осиё давлатларининг инвестицион жозибадорлиги яхшиланиб, 2019 йилда минтақа мамлакатлари иқтисодига 37,6 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинди. Бу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан 40%  кўп. Ўз навбатида минтақа давлатларининг чет эл мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси 2019 йилда 2016 йилга нисбатан 56% ошиб, 168 миллиард долларни ташкил қилди. Минтақа мамлакатларига ташриф буюрувчи фуқаролар сони 2019 йилда 18 миллион нафардан ошиб,  2016 йилга нисбатан 93% ўсишга эришилди.

Ушбу кўрсаткичларнинг яхшиланиши, ўз навбатида минтақа ялпи ички маҳсулотининг жадал ўсишига олиб келмоқда. Хусусан, 2016 йилга нисбатан 2019 йилда минтақа ЯИМ 19,6% ўсиб, 302,8 миллиард долларга етди.

Шу ўринда, Япониянинг нуфузли “The Diplomat” нашрининг ёзишича, Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланиши Марказий Осиёда минтақавий муносабатларни буткул яхшиланишига туртки бўлди. Ўзбекистон раҳбари ташқи сиёсатидаги биринчи амалий ҳаракатлари, қўшни давлатлар билан сақланиб қолган муаммоларни конструктив йўллар орқали ечиб, муносабатларни янги босқичга олиб чиқди. Бунинг натижасида Марказий Осиё имкониятлар минтақасига айланиб бормоқда.

Ўзбекистоннинг минтақавий ташқи сиёсати ҳақида гап кетар экан, яна бир муҳим йўналиш – бу шубҳасиз, Афғонистондаги вазиятдир. Давлатими  раҳбари  Шавкат  Мирзиёев таъкидлаганидек, Афғонистон Марказий Осиё минтақасининг бир қисми ҳисобланиб, икки мамлакат халқлари асрлар давомида ягона маданий-цивилизацион маконда яшаб келган.

Қайд этиб ўтиш лозимки, ҳозирда дунё ҳамжамиятида Афғонистонда тинчликни ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг сезиларли фаоллашувига туртки берган ҳодиса, бу – 2018 йил март ойида Тошкентда Афғонистон бўйича ўтказилган халқаро конференция.

Анжуман якунида қабул қилинган Тошкент декларацияси Афғонистон ҳукумати ва “Толибон” ҳаракати ўртасида тўғридан-тўғри тинчликпарвар музокараларни зудлик билан бошлаш зарурлиги бўйича минтақавий ва глобал даражадаги ягона позицияни намойиш этди.

Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлашда Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги устувор мақсад бу, шубҳасиз, Марказий Осиё давлатлари билан ушбу йўналишда кенг қамровли ҳаракатларни амалга оширишдир. Ўз навбатида, сўнгги йилларда Марказий Осиёдаги янги минтақавий ҳамкорлик Афғонистон масаласида ҳам ягона позиция шаклланишига олиб келди. Хусусан, 2018 йил январь ойида БМТ Хавфсизлик Кенгашида Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари иштирокида “Хавфсизлик ва тараққиётнинг ўзаро боғлиқ модели сифатида Афғонистон ва Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни йўлга  қўйиш” мавзусида махсус учрашув ташкил қилинди.

Бундан ташқари, Марказий Осиё давлат раҳбарларининг 2019 йил Тошкент шаҳрида ўтказилган иккинчи  Маслаҳатлашув  учрашувлари доирасида қабул қилинган Қўшма баёнотда барча давлатларнинг Афғонистонда тинчликни ўрнатиш манфаатдорлиги акс эттирилди. Бунда минтақа давлатлари Афғонистонни Марказий Осиё савдо-иқтисодий ва инфратузилмавий лойиҳаларга жалб этиш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттириш муҳимлигини таъкидлаб ўтилди.

Қайд этиш лозимки, Тошкентнинг Афғонистон йўналишидаги янгиланган сиёсати ва ташаббуслари бутун Афғонистонда – мамлакат аҳолиси, расмий ҳукумат, турли сиёсий кучлар томонидан муносиб кутиб олинмоқда.

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги муносабатлар фаоллашуви натижасида иккитомонлама савдо-иқтисодий алоқалар сезиларли даражада фаоллашди. Хусусан, икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 2019 йилга келиб 617 миллион долларни ташкил қилди, бу 2015 йилга нисбатан  28% юқори кўрсаткичдир. Савдо-иқтисодий алоқаларнинг фаоллашуви транспорт-логистика соҳасига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Мисол учун, 2019 йилга келиб темир йўл орқали юк ташиш ҳажми 10% ошиб, 1,1 миллион тоннага етди.

Икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик энергетика соҳасида ҳам жадаллашмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Афғонистонга электр энергиясини етказиб бериш ҳажмини 2002 йилга нисбатан 30 бараварга оширди.

Иккитомонлама муносабатларнинг муҳим йўналишларидан бири, бу – афғонистонлик малакали кадрларни тайёрлаш масаласидир. Ушбу мақсадда 2018 йил Термиз шаҳрида Афғонистон фуқароларини ўқитиш маркази очилиб, бугунги кунда 136 нафар афғонистонлик талаба ўқишни якунлади. Ушбу битирувчилар ҳозирги кунда Афғонистон парламенти, вазирлик ва идораларида фаолият кўрсатаяпти. Ҳозирги кунда Термиздаги ўқув марказида 172 нафар афғон талабаси таҳсил олмоқда. Эътиборга молик жиҳати шундаки, уларнинг  46 нафари афғонистонлик қизлар.

Германиянинг Илм-фан ва сиёсат жамғармаси экспертлари фикрига кўра, Ўзбекистоннинг минтақадаги, шу жумладан Афғонистон йўналишидаги ташқи сиёсати мамлакатни инвесторлар учун жозибадор ва халқаро ҳамжамиятда ишончли ҳамкор сифатида гавдаланишига сабаб бўлмоқда. Германиялик мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсатида олиб бораётган  буткул  янгича  ислоҳотлар  нафақат мамлакатнинг  ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ижобий таъсир кўрсатаяпти, шу билан бирга   Ўзбекистонни халқаро майдондаги муҳим давлатлардан бири сифатида тан олинишига олиб келмоқда.

Глобал ва умумбашарий муаммоларни ечишда Ўзбекистон ўз ташаббуслари ва амалий ҳаракатлари натижасида халқаро ташкилотлар ва давлатлар томонидан стратегик ва ишончли ҳамкор сифатида тан олинмоқда. Хусусан, 2018 йил 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция қабул қилинди. Мазкур ҳужжат лойиҳаси Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган бўлиб,  БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди. Қайд этиб ўтиш лозимки, ушбу тарихий резолюциянинг қабул қилиниши 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббуснинг амалий ифодаси бўлди.

Шу билан бир қаторда, жорий йил октябрида  Ўзбекистон  илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзо сифатида сайланди. Мамлакатимизда ушбу соҳани янада ривожлантириш мақсадида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия ва уни амалга ошириш бўйича Йўл харитаси ҳам тасдиқланган.Ўз ўрнида ушбу ташаббусларнинг замирида Ўзбекистон Республикаси Конституциясида кафолатланган инсон ҳуқуқлари, яъни, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, мамлакатимиз фуқаролари тенглигининг таъминланиши бўйича тамойиллар муҳим ўрин тутади.

Муштарак қилиб айтганда, бугунги кунда Ўзбекистон олиб бораётган минтақавий ва глобал ташқи сиёсатнинг ижобий маҳсулига асос бўлиб Конституциямизда белгиланган тамойил ва вазифаларнинг мужассамлиги намоён бўлмоқда. Ва энг муҳими, мамлакатнинг ташқи сиёсати давлат ва халқнинг олий манфаатлари, фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

                                                        Акром НЕЪМАТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик  ва  минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари.

Амир САЛОМОВ,

Ўзбекистон  Республикаси  Президенти  ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим раҳбари

 

"Янги Ўзбекистон" газетаси №237 9.12.2020 й.