Вэйсун Чен: Ўзбекистонни ўз самарали тажрибасини дунё миқёсида баҳам кўришга чақираман!

Тошкентда бўлиб ўтаётган қуролли можаро ҳудудларидан қайтганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш масалалари бўйича Марказий Осиё минтақавий экспертлар Кенгашининг биринчи йиғилишида БМТ Хавфсизлик Кенгаши Аксилтеррор қўмитаси Ижроия директорати раҳбари вазифасини бажарувчи Вэйсун Чен видео мурожаат билан иштирок этди.

БМТ вакили терроризмга қарши кураш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатга, гумон қилинаётган шахслар ҳамда ватанга қайтарилган жангарилар, уларнинг оила аъзоларини реабилитация ва реинтеграция қилиш стратегиясига, шунингдек ушбу йўналишда олиб борилаётган Ўзбекистон сиёсатига жиддий эътибор қаратди.

Нотиқ мавзу доирасида қуйидаги муҳим масалаларга ҳам тўхталди:

Биринчи – халқаро ҳуқуқий асос. Маърузачи қайтганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда халқаро ҳуқуқ, жумладан инсон ҳуқуқи, гуманитар ҳуқуқ ва қочоқлар ҳуқуқига риоя этиш муҳимлигини таъкидлади. Унинг фикрича, бу асосий ҳуқуқларни ҳурмат қилган ҳолда, хавфсизлик чораларини таъминлайдиган мувозанатли ёндашув зарурлигини кўрсатади.

Иккинчи – минтақавий етакчилик ва фаол чора-тадбирлар. Вейсун Чен терроризмга қарши курашда Ўзбекистоннинг фаол позициясини эътироф этди. Таъкидланишича, «Меҳр» операцияси каби ташаббуслар билан мамлакат ушбу йўналишда ўзига хос етакчилик хусусиятини намойиш этмоқда, минтақанинг бошқа давлатлари ҳам шу йўлдан бормоқда.

Шунингдек, БМТ вакили Президентимизнинг қайтганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш бўйича минтақавий экспертлар Кенгашини ташкил этиш ташаббусини фаол қўллаб-қувватлашини билдирди. Шу билан бирга Ўзбекистон ўзининг фойдали ва самарали тажрибасини нафақат Марказий Осиё, балки бутун дунё миқёсида баҳам кўришга чақирди.

Учинчи – ҳамжамият ёндашуви. В.Чeн Марказий Осиё давлатларини терроризмдан жабрланган аёллар ва болаларни реабилитация ва реинтеграция қилишда ҳам ҳукумат, ҳам нодавлат ташкилотларни жалб этган ҳолда, яхлит ёндашувлар қабул қилинганини эътироф этди. Қайд этилишича, бундай ўзига хос ёндашув терроризм таъсирининг кўп қиррали хусусияти ва ушбу иллатга қарши курашишда жамоатчилик иштироки муҳимлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Тўртинчи – минтақавий ҳамкорликнинг аҳамияти. Терроризмга қарши самарали курашда минтақавий ҳамкорлик муҳимлиги таъкидланди. Шунингдек, мутахассис фикрича, янгиланган Қўшма ҳаракатлар режаси терроризмга қарши кураш салоҳиятини ошириш учун мослаштирилган техник ёрдам кўрсатишни таъминлайдиган махсус минтақавий воситадир. Бу, ўз навбатида, аъзо давлатларга мавжуд таҳдидларга биргаликда қарши туриш салоҳиятини ошириш орқали минтақавий хавфсизликни янада мустаҳкамлаш имконини беради.

Умуман, БМТ Хавфсизлик Кенгаши вакили ўз маърузасида нафақат хавфсизликка оид муаммоларни ҳал қилувчи, балки инсон ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ва турли манфаатдор томонларни бирлаштирувчи кенг қамровли стратегия зарурлигини, терроризмга қарши курашда барқарор ечим топиш учун минтақавий ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.