Жаҳон таҳлилий тузилмалари етакчи экспертлари ШҲТ саммити якунларини сарҳисоб қилади

Самарқанд саммити якунлари - Тошкентда бўлиб ўтадиган халқаро конференциянинг асосий мавзусига айланади

Жорий йил 29 сентябрь куни Тошкент шаҳрида гибрид форматда «ШҲТ Самарқанд саммити: Минтақавий ва халқаро хавфсизлик, барқарор ривожланишга қўшилган ҳисса» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтади.   

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) томонидан Ташқи ишлар вазирлиги ва Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ) билан ҳамкорликда ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси кўмагида ташкил этилмоқда.

Анжуманда ШҲТга аъзо, шунингдек, АҚШ, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Франция, Венгрия сингари бир қатор узоқ хориж давлатлари эксперт ва таҳлилий доираларининг 30 дан ортиқ таниқли вакилини жамлаш режалаштирилган.

Хитой Ижтимоий фанлар академияси ШҲТ тадқиқотлари институти директори Дэн Хао, Марказий Осиё бўйича Кембриж форуми раиси Сиддхарт Саксена, Европа истиқболни белгилаш ва хавфсизлик институти президенти Эммануэль Дюпюи, Марказий Осиё ва Кавказ институти директори Сванте Корнел шулар жумласидан.

Ўзбекистон номидан мамлакатнинг етакчи илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари иштирок этади. Улар орасида СМТИ директори Элдор Орипов, МОХИ раҳбари Анвар Носиров, Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази директори Дониёр Қурбонов, Прогнозлаштириш ва Макроиқтисодий тадқиқотлар институти директори Умид Обидхўжаев бор.

Кун тартиби Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммити якуни, ташкилот доирасида хавфсизликни таъминлаш, савдо-иқтисодий алоқани фаоллаштириш, транспорт-логистика тизимида ўзаро боғлиқликни кучайтириш, маданий-гуманитар муносабатни мустаҳкамлаш каби масалаларини қамраб олган.

Ўзбекистон Президенти саммит доирасидаги нутқида билдирган умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида Самарқанд бирдамлик ташаббусига алоҳида эътибор қаратилади.

Экспертлар мазкур ташаббуснинг моҳияти, аҳамияти юзасидан атрофлича фикр алмашади, ғоянинг амалий мазмунини бойитиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади.

Бундан ташқари ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари томонидан имзоланган концептуал ҳужжатлар батафсил кўриб чиқилади. 

Шу ва бошқа кўплаб муҳим масалаларни конференциянинг қуйидаги тўрт мавзу доирасидаги сессияларидакўриб чиқиш режалаштирилган:

1. Самарқанд ташаббуси – келгуси цивилизациялараро мулоқотнинг янги формати;

2. ШҲТ мамлакатлари ўртасида савдо ва транспорт-логистика тизимидаги ўзаро боғлиқлик йўналишидаги ҳамкорлик истиқболи;

3. ШҲТ маконида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг долзарб жиҳатлари;

4. Маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш – дўстлик, ҳамжиҳатлик ва барқарор ривожланиш гарови.

«ШҲТ Самарқанд саммити: Минтақавий ва халқаро хавфсизлик, барқарор ривожланишга қўшилган ҳисса» халқаро конференцияси ўта муҳим аҳамиятга эга воқеа натижасини ҳар томонлама баҳолаш, аъзо давлатлар ўртасида турли соҳаларда кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболини белгилаш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда тузилма тарихига энг йирик ва нуфузли сиёсий воқеа сифатида кирган ШҲТ саммити бўлиб ўтди.

14 давлат етакчиси, 10 халқаро ташкилот раҳбари иштирок этган тадбир давомида аксарияти стратегик аҳамиятга эга 44 ҳужжат имзоланди. Ушбу битимлар ташкилотга аъзо давлатларнинг қисқа ва ўрта муддатли истиқболдаги кўп томонлама ҳамкорлигининг янги йўналишларини белгилаб берди.

Шу билан бирга Самарқанд нафақат ШҲТ саммити, балки энг муҳим икки ва кўп томонлама музокара ўтказиш майдонига айланди. Учрашувлар доирасида глобал ва минтақавий ривожланишга доир долзарб муаммолар муҳокама қилинди. Музокара натижасида минтақадаги кескинликни пасайтиришга хизмат қиладиган муҳим қарорлар қабул қилинди.

Самарқанд саммити халқаро муносабатлар тизимида ўзаро ишончни тиклашга муҳим ҳисса қўшди, яқин мулоқотга, ҳамжиҳатликка асосланган давлатлараро ва кўп томонлама ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаш учун таянч нуқтаси бўлди. Натижада энг муҳим минтақавий ва глобал масалалар бўйича мамлакатларни бирлаштириш тамойилини акс эттирувчи асосий ҳужжат - Самарқанд декларацияси қабул қилинди.

Декларацияда минтақавий барқарорлик, хавфсизлик ва барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш, ўзаро транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, маданий мулоқотни чуқурлаштириш бўйича қўшма ёндашувлар белгиланган.

Манба