19 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига расмий ташрифи бўлиб ўтди. Ушбу ташриф Ўзбекистон раҳбарининг қайта сайланганидан кейинги биринчи икки томонлама саммити бўлганлиги билан эътиборлидир.
Москвадаги «жонли» музокаралар, коронавирус тарқалишининг навбатдаги тўлқинига қарамасдан, икки мамлакатнинг стратегик яқинлиги ва президентлар ўртасидаги юқори даражадаги мулоқотнинг муҳим кўрсаткичи бўлди. Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Россия — Ўзбекистон муносабатларини янада ривожлантириш, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги кенг кўламли масалаларни муҳокама қилдилар. Долзарб халқаро ва минтақавий масалалар, жумладан, Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши борасида фикр алмашдилар.
Ташриф давомида жами 18 та икки томонлама шартномани ўз ичига олган ҳужжатлар туркуми, жумладан, 2022-2026 йилларга мўлжалланган кенг қамровли ҳамкорлик дастури, халқаро ахборот хавфсизлиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим ва биологик хавфсизликни таъминлаш тўғрисидаги меморандум, шунингдек таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги идоралараро битим имзоланди.
Давлат раҳбарлари «Толибон» ҳаракатининг муваққат ҳукумати келиши билан Афғонистон ва Марказий Осиёда ривожланаётган вазиятни атрофлича муҳокама қилдилар. Икки томонлама ва кўп томонлама асосда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар борасида фикр алмашдилар. Хавфсизлик ва ҳарбий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари белгилаб олинди.
Ш.Мирзиёевнинг Россияга ушбу ташрифининг бундай кенг кўламли дастурга эга эканлиги икки давлат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг фаоллашуви фонида табиийдир. Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Россия муносабатларида ҳақиқий бурилиш юз берди. Жумладан, 2021 йилнинг дастлабки тўққиз ойида мамлакатлар ўртасидаги савдо ҳажми 5 миллиард доллардан ошди ва йил охирига келиб бу кўрсаткич деярли 7 миллиард долларга етиши мумкин.
Сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлашнинг прогрессив ўсиши кузатилмоқда. 2017 йилдан буён икки томонлама савдо ҳажми 22%дан ошди, бунда Ўзбекистоннинг Россияга экспорти 42%га ўсди. Бундай юқори кўрсаткичлар икки давлат 10 миллиард долларлик савдо айланмасига эришиш учун тизимли равишда кўзланган мақсад сари ҳаракат қилаётганлигини кўрсатади.
Россия 18% улуши билан Тошкентнинг асосий ташқи савдо ҳамкорлари орасида иккинчи ўринни эгаллайди. 2020 пандемия йилида биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли коронавирус чекловларининг Ўзбекистон-Россия савдо-иқтисодий ҳамкорлигига таъсирини камайтиришга эришилди. Ўтган йили ташқи савдо ҳажми 5,6 миллиард долларга етди. Президент Владимир Путин ҳақли равишда таъкидлаганидек, «бундай қийин пайтларда ҳам муваффақиятли ҳамкорлик қилаётганимиз яхши кўрсаткичдир».
Таъкидлаш жоизки, савдо алоқаларининг ўсиши икки мамлакат ишбилармон доираларининг фаоллашуви билан таъминланади. Ўзбекистонда Россия капитали иштирокидаги корхоналар сони сўнгги уч йил давомида 2 баробарга – 915 дан 2,2 мингтага кўпайди.
Биргина жорий йилнинг биринчи ярмида Россия капиталига эга 240 дан ортиқ қўшма корхона фаолият кўрсата бошлади, улардан 30% саноат соҳасига, 25% – савдога ва 10% қурилиш соҳасига тўғри келади. Ўз навбатида, Ўзбекистон резидентлари томонидан Россияда 600 га яқин корхона ташкил этилди.
Бугунги кунга келиб қиймати 25 миллиард доллардан ортиқ бўлган 800 та савдо-инвестицион шартнома ва меморандумлари амалга оширилмоқда. Россиялик сармоядорлар Ўзбекистонга катта қизиқиш билдирмоқда. Жумладан, 2014-2020 йилларда Россиядан жалб қилинган инвестициялар ҳажми 10 миллиард доллардан ортиқни ташкил этди, улардан 2019 йилда – 1,75 миллиард доллар, 2020 йилда – 1,57 миллиард доллар жалб этилди.
Самарали фаолият олиб бораётган Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг 22-йиғилиши 2021 йилнинг октябрь ойида Бухоро шаҳрида бўлиб ўтди. Саноат, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, молия-банк, солиқ ва рақамлаштириш соҳаларидаги 100 дан ортиқ истиқболли лойиҳаларни ўз ичига олган 2024 йилгача мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик ҳукуматлараро дастури ва уни амалга ошириш бўйича тадбирлар режаси амалга оширилмоқда.
Тошкентда 2021 йилнинг апрель ойида ўтказилган «Иннопром-2021: Ўзбекистонда катта саноат ҳафталиги» биринчи халқаро кўргазмаси катта муваффақият келтирди. Дунёнинг 20 мамлакатидан 1100 дан ортиқ корхоналар ушбу тадбир иштирокчисига айландилар. Тадбирлар якунида умумий қиймати 3,2 миллиард долларлик 301 та ҳужжат имзоланди, шу жумладан 2,1 миллиард долларга тенг 28 инвестицион битим ва 1,1 миллиард долларлик 273 савдо шартномалари имзоланди. Мазкур тадбирнинг бу даражадаги юксак маҳсулдорлигини ҳисобга олиб, уни янги «Иннопром – Марказий Осиё» минтақавий форматида мунтазам равишда ўтказишга қарор қилинди.
Муваффақиятли қўшма лойиҳалардан бири янги маҳсулотларни қулай нархларда етказиб беришга ёрдам берадиган «Агроэкспресс»нинг ишга туширилиши бўлди. 15ноябр куни Россиядан Ўзбекистонга темир йўл орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг биринчи партияси жўнатилди. Ой охиригача экспресснинг янги ўзбек мевалари билан Россияга қайтиши кутилмоқда.
Икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг истиқболли лойиҳаларини бундай жадал ривожланиши икки томонлама ҳамкорликнинг ноёб механизмлари яратилгани туфайли амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон ва Россия ўртасида уч даражали ҳамкорлик тизими яратилган: Бош Вазирлар даражасидаги қўшма комиссия, Бош вазир ўринбосарлари бошчилигидаги ҳукуматлараро комиссия ва икки мамлакат вазирлик ва идоралари раҳбарлари етакчилигидаги қуйи комиссиялар ташкил етилди.
Бу борада Ўзбекистон ва Россия раҳбарларининг шахсий ташаббуслари билан 2019 йилнинг май ойида Урганч шаҳрида бўлиб ўтган икки мамлакат ҳукумат раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссиянинг биринчи йиғилиши айниқса муҳимдир.
Ушбу янги мулоқот майдони сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар, илмий-техникавий ва бошқа соҳаларда эришилган икки томонлама келишувларнинг бажарилиши устидан ҳар томонлама назоратни таъминлашга мўлжалланган.
Ўзаро ҳамкорликни юқори сифатли амалий мазмун билан тўлдирган ҳолда, ушбу формат кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга кучли туртки берди. 22 июнь куни Москвада Абдулла Арипов ва Михаил Мишустин иштирокида ҳукумат раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссиянинг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди ва бу амалий ҳамкорликка қўшимча жадаллик берди.
Парламентлараро мулоқот икки томонлама муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгашининг муваффақиятли ҳамкорлиги Ўзбекистон-Россия ҳар томонлама ҳамкорлигини, жумладан, нуфузли халқаро парламент тузилмалари доирасида янада ривожлантириш ва чуқурлаштиришга хизмат қилмоқда.
2019йилда имзоланган Парламентлараро ҳамкорлик тўғрисидаги тарихий шартнома парламентлар қуйи палаталарининг тегишли қўмиталари ўртасида замонавий хавф ва таҳдидларга қарши курашиш, ўзаро тажриба алмашиш, томонларни қизиқтирган халқаро масалалар бўйича маслаҳатлашиш бўйича ҳамкорликнинг самарали механизмини яратиш имконини берди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ҳамкорликни янада кенгроқ амалга ошириш мақсадида Федерал Мажлиснинг Давлат Думаси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи тузилди.
2021 йил апрель ойида Ўзбекистон томони ташаббуси билан меҳнат миграцияси соҳасида назорат бўйича Меморандумнинг имзоланиши парламент дипломатияси орқали долзарб муаммоларни ҳал этишдаги муҳим қадам бўлди. Ҳужжат миграция соҳасидаги ҳамкорликни ташкил этиш, икки давлат қонунчилигини яқинлаштириш бўйича таклифларни шакллантириш ва миграцияни тартибга солиш соҳасидаги ҳуқуқий базани такомиллаштиришга қаратилган.
Бундан ташқари, маҳаллий ҳокимият ва бизнес даражасида самарали алоқалар ўрнатилди. Биргина ўтган йил давомида Ўзбекистоннинг барча 14 та минтақа раҳбарлари Россиянинг 40 дан ортиқ минтақаларига ташриф буюрдилар ва ҳамкор томонларнинг жавоб ишчи ташрифларини қабул қилдилар. Бундай минтақалараро ҳамкорлик натижалари умумий кун тартибини янги қизиқарли ғоялар ва ҳамкорлик лойиҳалари билан тўлдирмоқда.
Кенг кўламли форумлар Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги алоқаларни ҳар томонлама қамраб олувчи мунтазам амалиётга айланди ва бу икки томонлама кун тартибини янги аниқ мазмун билан тўлдириш имконини беради.
Жумладан, жорий ташриф арафасида 16 ноябрь куни иккинчи Россия-Ўзбекистон таълим форуми бўлиб ўтди ва унда Россиянинг 40 та университети ва Ўзбекистоннинг 23 та университетининг 100 дан ортиқ ректорлари ва вакиллари, шунингдек, икки мамлакатнинг тегишли идоралари раҳбарлари ва вакиллари иштирок этдилар. Форум доирасида таълим соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик форматларини белгиловчи 30 га яқин шартнома ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.
Тадбир иштирокчиларига мурожаатида Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев форумни давлат идоралари, олий ўқув юртлари ва экспертлар ўртасидаги мулоқот учун оммабоп ва самарали платформа деб атади.
Ўз навбатида, Россия Президенти В.Путин таълим соҳасидаги самарали ҳамкорликни кенгайтириш икки томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини ривожлантиришга ҳисса қўшишини айтиб ўтди.
Президентларнинг мурожаатлари шундан далолат берадики, ушбу тадбир уларнинг таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган эътибори остида ўтказилди. Сўнгги 3 йил давомида Ўзбекистонда Россия университетларининг 11 филиали ва Россия халқлар дўстлиги университетининг ваколатхонаси очилди. Шундай қилиб, бугунги кунда Ўзбекистонда 4,3 минг талаба таълим олаётган 15 та Россия олий ўқув юртларининг филиаллари мавжуд.
Ўзбекистон фуқароларининг Россия таълим даргоҳларига таълим олиши квотаси 2021-2022 йилларда Россия федерал бюджетдан ажратиладиган грантлар ҳисобидан 220 тадан 460 тагача оширилди. Келгуси 2022-2023 ўқув йилида квоталар сони 750 ўрингача кўтарилиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, 17 ноябрь куни Москвада Ўзбекистон ва Россия ўртасида минтақалараро ҳамкорликнинг иккинчи Форуми бўлиб ўтди ва унда коронавирус пандемиясидан кейин туризм соҳасини тиклаш йўллари ва иқтисодиётнинг барча тармоқларида рақамлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ушбу форумда Россия минтақаларидан 54 нафар ва Ўзбекистон вилоятларидан 12 нафар вакиллар иштирок етди. Форумнинг ялпи мажлисида Ш.Мирзиёев ва В.Путин ҳам сўзга чиқдилар.
Тадбир якунида томонлар умумий қиймати 9 миллиард долларга тенг 600 га яқин икки томонлама шартномаларни имзоладилар. Улар орасида 7,4 миллиард долларлик 141 инвестицион шартнома ва 1,6 миллиард долларлик 455 та экспорт шартномалари мавжуд.
Ахборот соҳасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш мақсадида ўз майдонида журналистика соҳасининг обрўли вакилларини жамлаган иккинчи Ўзбекистон-Россия Медиафоруми бўлиб ўтди. Медиафорум доирасида замонавий журналистиканинг долзарб масалаларига, жумладан, журналистик таълимни такомиллаштириш зарурлигига катта эътибор қаратилди.
Президент Ш.Мирзиёевнинг Россияга расмий ташрифининг ва ўтказилган йирик форумларнинг салмоқли натижалари Ўзбекистон ва Россия муносабатларини янги босқичга олиб чиқади. Бугунги кунда, шубҳасиз, икки томонлама ҳамкорликнинг иттифоқчилик характери мамлакат раҳбарларига ўзаро манфаатли яқинлашувнинг улкан режаларини белгилаб олишга имкон берувчи тегишли динамикага эга бўлди.
Санжар ВАЛИЕВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги СМТИ директори ўринбосари.
МиразизМИРУМАРОВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги СМТИ етакчи илмий ходими.