Замонавий Ўзбекистон тараққиётида янги саҳифа

Бугунги кунда мамлакатимиздаги ислоҳотлар, энг аввало, дунёда, шу жумладан, жаҳон иқтисодиёти конъюнктурасида юз бераётган турли ўзгаришларга мос ҳолда амалга оширилмоқда. Танлаб олган йўлимиз глобал инқироздан кейин жаҳон иқтисодиёти ривожланиш суръатлари пасайган бир шароитда ўзининг барқарорлиги ва ҳаётийлигини кўрсатаётир.

Экспертларнинг тасдиқлашича, Ўзбекистонда кузатилаётган макроиқтисодий барқарорлик ташқи салбий таъсирларга самарали қарши туриш имконини бераяпти.

Айни вақтда мамлакатимизда 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифалар изчил рўёбга чиқарилмоқда. Ушбу дастурий ҳужжат мамлакатимизнинг мутлақо янги тараққиёт босқичига ўтиши учун йўл очиб берди. Экспертлар фикрича, Ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилиниши Ўзбекистон учун катта қадам бўлиб, мамлакат бу борада изчил ва ишончли ҳаракат қилиб, зарур мустаҳкам асосни яратган эди.

Прагматик ва самарали мулоқот

Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари давлат ва жамият муносабатларига янгича руҳ бағишлади. Соҳа ривожи давлат ҳамда жамият, давлат органлари ва фуқаролар ўртасидаги муносабатларнинг янги шакллари амалиётга жорий этилишига хизмат қилмоқда.

Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг самарадорлиги кўрсаткичи, жойлардаги муаммоларни чуқур таҳлил этиш ҳамда ҳал қилиш механизми сифатида муҳим аҳамият касб этаётир.

Виртуал қабулхона қисқа давр мобайнида аҳолини ташвишга солаётган масалаларни ечиш бўйича таъсирчан воситага айланди. Буни мурожаатлар статистикаси ҳам тасдиқлайди. Яъни бугунги кунга келиб, фуқаролардан бир миллиондан зиёд мурожаатлар келиб тушган бўлиб, улардан 94 фоизи кўриб чиқилган. Шундай қилиб, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамият олдидаги жавобгарлиги тамойили амалда рўёбга чиқарилмоқда. Фуқароларнинг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғуси кучайган. Бу эса давлат ва халқ муносабатларидаги ўзаро ишончнинг мустаҳкамланишида, жамиятнинг барқарорлиги ва тараққиётида муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир. Энг муҳими, экспертлар аҳоли тафаккурида, дунёқарашида ижобий ўзгаришлар юз бераётганини қайд этишаяпти. Уларнинг наздида бу жамият олдидаги вазифаларни рўёбга чиқаришда ҳал қилувчи омил ҳисобланади.

Креатив иқтисодиёт сари

Мамлакатимиз раҳбарияти томонидан иқтисодиётни диверсификациялаш, қишлоқ хўжалигини таркибий янгилаш, шунингдек, ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган ҳаётий ташаббуслар илгари сурилмоқда. Шуниси эътиборлики, белгиланган вазифаларни тўлиқ амалга ошириш учун Ўзбекистонда инновацион тараққиётга ҳамда иқтисодиётнинг ўсиш суръатини жадаллаштиришга асосланган креатив иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари кўрилаётир.

Унинг асосий ғояси нафақат экспортни кўпайтириш, балки сифатли иш ўринлари яратиш имконини берувчи янги тармоқлар, товар ва хизматларни йўлга қўйишни таъминлашдан иборат. Креатив иқтисодиёт, шунингдек, “старт-ап”лар, яъни янгича бизнес-лойиҳалар, оригинал ғояларни қўллаб-қувватлаш орқали фуқароларнинг ишлаб чиқаришдаги фаол иштирокини кўзда тутади.

Юртимизда “старт-ап”лар тобора кенг жорий этилмоқда. Улар, айниқса, ёшлар орасида оммалашган. Масалан, шу йилнинг март ойида Ёшларнинг “старт-ап” ташаббусларини қўллаб-қувватлаш дастурига старт берилди. Унда Ўзбекистоннинг турли олий таълим муассасаларидан мингдан зиёд талабалар иштирок этди. Кенг қамровли ушбу лойиҳада энг кўп ташаббуслар электрон тижорат, таълим, коммуникация ва навигация технологиялари, транспорт ҳамда йўл инфратузилмаси, тиббиёт ва биотехнологиялар соҳасига тегишли бўлди.

Президентимиз томонидан иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда либераллаштириш мақсадида 20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, амалдаги қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича зарур шарт-шароитлар яратилди. Хусусан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Кичик тадбиркорликни ривожлантириш кафолат жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институти тузилди. Халқаро экспертларнинг қайд этишича, Ўзбекистонда иқтисодий сиёсатни амалга ошириш бўйича ёндашув ўзгараяпти. Бу, авваламбор, аҳолининг иқтисодий фаоллигини ошириш ва қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга қаратилгандир. Бунда асосий эътибор юқори технологик ва инновацион ишлаб чиқаришни ташкил қилиш ҳамда кенгайтиришга хорижлик шериклар ва инвестицияларни жалб этишга қаратилмоқда. Чет эл инвестицияларини фаол жалб қилиш, экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган корхоналарни ташкил қилиш учун қулай шароитлар яратиш мақсадида мамлакатимиз ҳудудларида эркин иқтисодий зоналар фаолияти йўлга қўйилаяпти. Қисқа давр ичида Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларида 11 эркин иқтисодий зона ташкил этилди. Бу ҳам ҳудудларнинг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан фойдаланиш жуғрофияси кенгайиб бораётганини кўрсатади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантириш изчил иқтисодий тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланди. 2016 йил якунларига кўра, кичик бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 56,9, саноатда 38,9, чакана савдо айланмасида 87,1, пуллик хизматларда 50,8 фоизни ташкил қилди. Иқтисодиётнинг ушбу секторида меҳнатга лаёқатли аҳолининг 77,9 фоизи банд.

Маълумки, ҳар қандай жамиятнинг ривожланганини инсон капитали, яъни интеллектуал салоҳият, саломатлик, таълим, меҳнат унумдорлиги, юқори ҳаёт сифати белгилаб беради. Бугунги замонавий дунёда айнан ушбу омил креатив иқтисодиётнинг асосий локомотиви саналади. БМТ тадқиқотига кўра, Ўзбекистон 2016 йил якунлари бўйича инсон ривожланиши юқори даражада бўлган давлатлар қаторидан жой олди.

Экспертлар яна шунга эътибор беришмоқдаки, Ўзбекистонда креатив синфнинг шаклланиши фаоллашди ва у келгусида мамлакат иқтисодиётида таянч нуқтага айланади. Жумладан, илмий ишланма ҳамда тадқиқотлар, тажриба-синовлар ўтказиш, инновацион маҳсулотлар намуналарини ўзлаштиришга ихтисослашган инновацион технопарклар ташкил этиш мўлжалланмоқда. Улар кимё технологиялари, фармацевтика ва тиббий биотехнологиялар, қурилиш материаллари, озиқ-овқат саноати, энергия тежамкорлиги, муқобил ва қайта тикланувчи энергия манбалари ишлаб чиқариш, машинасозлик, электротехника сингари соҳаларга тегишли.

Миллий бренд шаклланмоқда

Маълумки, муайян давлатни халқаро миқёсда икки йўл билан, яъни мамлакат брендини яратиш ҳамда шу асосда миллий товарлар ва хизматларни кенг ишлаб чиқариш орқали тарғиб қилиш мумкин. Мутахассисларнинг фикрича, муваффақиятли брендни яратиш “иқтисодиётнинг олти бурчаги” деб аталадиган ҳамда ўзаро боғланган олтита соҳани ривожлантиради. Булар туризмни ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш, ички ва ташқи сиёсатни фаоллаштириш, инвестицияларни жалб қилиш, мамлакат маданиятини тарғиб қилиш ҳамда аҳоли фаровонлигини юксалтиришдир.

Ўзбекистон жаҳон бозорида миллий брендни илгари суриш бўйича улкан имкониятларга, захираларга эга. Хусусан, халқимизнинг бой маданий мероси, юртимизнинг барқарор ривожланиб бораётгани, меҳмондўст халқимиз, замонавий инфратузилмаларга эга шаҳарларимиз бу борада бизга қўл келиши мумкин. Миллий брендни шакллантиришда давлат, бизнес ва жамият ҳамкорлиги муҳим ўрин тутади. Бунда бизнес миллий брендни молиялаштиришга асосий улуш қўшиши керак бўлади. Чунки айнан ишбилармонлар хориж инвестициясини жалб қилиш ва мамлакатимиз маҳсулот ҳамда хизматларининг дунё бозорларига чиқишидан манфаатдор. Давлатнинг муваффақиятли бренди яратилиши нафақат ички ва ташқи сиёсий имижни яхшилашга, балки унинг халқаро майдондаги сиёсий таъсирини кучайтириш, экспорт ҳажмини ошириш, халқаро алоқалар ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, миллий ғурур ва миллий ўзликни англаш туйғуларини рағбатлантириш, мамлакат рақобатдошлигини оширишга хизмат қилади.

Бинобарин, юртимиз дунё тамаддунининг бешикларидан бири сифатида асрлар давомида Мағриб ва Машриқ ўртасида кўприк вазифасини ўтаб, инсониятнинг маданий ҳамда илмий бойликларини ўзида жам қилган. Жонажон Ватанимиз илм-фан ва маданият тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек сингари буюк аллома ҳамда мутафаккирларни етиштириб берган. Экспертлар эътироф этишича, ўзбекистонликлар азал-азалдан нафақат уддабурон тижоратчи, иқтисодиётни бошқаришга қодир, пул топишнинг ҳадисини олган кишилар бўлишган, шу билан бирга, илм-фан довруғини ёйишга ҳам катта ҳисса қўшган.

Бугунги кунда мамлакатимизнинг экспорт жуғрофияси изчил кенгайиб бораяпти. Дунёнинг Япония, Корея Республикаси, Кувайт, Ўмон сингари қатор давлатларида савдо уйларини очиш бўйича фаол иш олиб борилаяпти. Афғонистонга “таҳдидлар манбаи” сифатида эмас, балки стратегик имкониятлар макони сифатида қаралиб, савдо алоқалари жадаллашаётир.

Мамлакат халқаро имижи, кўп жиҳатдан, ўз етакчисининг барча ислоҳотларда асосий ташаббускор сифатидаги роли билан белгиланади. Бугунги кунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ахборот-коммуникация технологияларидан фаол фойдаланиши, минтақавий ва халқаро миқёсдаги энг долзарб муаммолар бўйича мулоқотга очиқлиги билан мамлакат миллий брендини шакллантиришда ўрнак бўлмоқда.

Ушбу йўналишда нуфузли халқаро институтларнинг баҳолари, рейтинг ва индекслари муҳим аҳамиятга эга. Масалан, Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш — 2017” деб номланган маърузасига кўра, Ўзбекистон дунёнинг 190 та мамлакати орасида 87-ўринни эгаллаган. Бундан ташқари, Жаҳон банки ўтган йили мамлакатимизни тадбиркорлик соҳасида муҳим ислоҳотлар ўтказган мамлакатлар ўнталигига киритди. “Focus Economics” тадқиқотлари натижаларига мувофиқ, Ўзбекистон 2016 йилда ялпи ички маҳсулот ўсиши суръатлари бўйича дунёнинг 127 мамлакати орасида 7-ўринни эгаллади. АҚШнинг Gull-up институти тадқиқотида ўзбекистонликлар сайёрамизда энг бахтиёр ва ижобий кайфиятдаги халқлар учлигидан жой олди.

Умуман, кучли миллий брендни шакллантириш алалоқибат мамлакатимизнинг халқаро рейтинги, сиёсий таъсири, инвесторлар ишончи ортишига, маҳаллий маҳсулотлар экспорти ўсишига, туризмнинг ривожланишига, жамиятда ижтимоий барқарорликнинг мустаҳкамланишига, аҳоли ҳаёт сифатининг яхшиланишига хизмат қилади. Бугун Ўзбекистон ўз атрофида фаровонлик камарини шакллантириш, жамият ҳаётининг барча жабҳасига замонавий ёндашув ва усулларни кенг татбиқ этиш орқали ўз бунёдкорлик салоҳиятини жадал сафарбар қилиб бораяпти.

Бунда мамлакат иқтисодиёти тараққиётига халқимиз фаровонлигини ошириш нуқтаи назаридан баҳо берилаётгани диққатга сазовордир. Бундай ёндашув, шубҳасиз, яқин истиқболда ўзининг юксак натижаларини беради.

Аброр ЮСУПОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бош илмий ходими