Хорижий инвестицияларни жалб қилиш - Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Барқарор ривожланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан бевосита боғлиқ бўлган соҳаларга инвестицияларни жалб қилиш эса устувор вазифалар сирасига киради.
Франциянинг “Total Eren” компанияси катта вице-президенти Фабьен Демол “Дунё” ахборот агентлиги мухбирига берган интервьюда Ўзбекистонда қуёш энергиясини ўзлаштириш соҳасидаги халқаро инвестициявий лойиҳани амалга ошириш тажрибаси ҳақида сўзлаб берди.
- “Total Eren” - қайта тикланадиган энергия ва барқарор ривожланишга ихтисослашган электр энергияси ишлаб чиқарувчисидир, - дейди у. - Компаниямиз дунё бўйлаб ишлаб турган ёки бунёд этилаётган умумий қуввати 28 гигаватт бўлган 100 дан ортиқ қуёш, шамол ва гидроэлектростанцияга эгалик қилади.
Ўзбекистонда электр энергиясини сотиб олиш бўйича 25 йиллик битим ва Самарқанд вилоятининг Тутли қишлоғида 100 мегаватт қувватга эга қуёш фотоэлектр станцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш, қуриш, молиялаштириш ва эксплуатация қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида битим имзолангандан сўнг 2019 йил сентябрь ойида мазкур лойиҳани амалга оширишни бошладик.
Бизнинг лойиҳа Ўзбекистондаги қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасидаги дастлабки йирик лойиҳа ва мамлакатнинг қуёш энергияси соҳасидаги биринчи халқаро лойиҳаларидан бўлиб, 150 мингдан ортиқ кишини электр энергияси билан таъминлайди. Биз станция қурилишини 2020 йил охирида бошлашни ва 2021 йил охирида эса уни тўлиқ ишга туширишни режалаштирмоқдамиз.
Ўзбекистон раҳбариятининг Ўзбекистон бозорига кириш ва мамлакатга сармоя жалб қилиш имкониятини тақдим қилганини юқори қадрлаймиз. Қўллаб-қувватлаш ва профессионаллик музокараларимизни бошлаш учун ажойиб замин яратди ва мамлакатда биринчи қуёш энергияси лойиҳасини амалга оширишга йўл очди. Лойиҳа тахминан 110 миллион доллар миқдоридаги сармояни ўз ичига олган.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йил 13 май куни имзоланган фармон мамлакатнинг бизнинг компаниямиз каби хорижий инвесторларга ёрдам беришга содиқлигини яна бир бор ифода этди. Шунингдек, бу мамлакат раҳбариятининг Ўзбекистон фуқаролари манфаатлари учун паст углеродли, юқори даражада қайта тикланадиган иқтисодиётга ўтишни қўллаб-қувватлаш борасидаги мажбуриятини тасдиқламоқда.
“Total Eren” компанияси номидан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда миллий электр тармоқларига самарали ҳамкорлик ва сармоя киритиш учун яратилган қулай шароит учу миннатдорлик билдирамиз.
Биз мазкур лойиҳа доирасида давлат ташкилотлари ва хусусий шериклар билан қайта тикланадиган, рақобатбардош ва углерод эмиссияси паст бўлган энергия етказиб бериш бўйича ҳамкорлик қилишдан умидвормиз.