Ҳиндистонда инглиз тилида нашр этиладиган “Political Events» журналида «Ўзбекистон Президенти: иқтисодиётни модернизация қилиш учун хорижий давлатлар билан стратегик шерикликка урғу» сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мақолада Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати дунёнинг етакчи давлатлари ва халқаро ташкилотлари билан стратегик шериклик ва ҳамкорликнинг мувозанатли тизими экани таъкидланган. Ушбу ёндашув иқтисодиётни модернизация қилиш, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, Марказий Осиёда ҳамкорлик учун қулай шароит яратиш бўйича вазифаларни самарали ҳал этиш учун мўлжаллангани билдирилади. Президент чет эл тажрибасидан фойдаланган ҳолда илм-фанни ривожлантиришга, хорижий университетлар ва илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга катта эътибор қаратаётгани қайд этилади.
Бундан ташқари, муаллиф Ўзбекистоннинг АҚШ билан стратегик шериклик ҳамкорлик даражаси тенглик, ўзаро ҳурмат, ишонч ва ўзаро манфаатларни ҳисобга олиш тамойиллари асосида изчил ривожланиб бораётгани сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини маълум қилади.
Муаллиф таъкидлаганидек, Ўзбекистоннинг Миср, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Кувайт, Қатар, Ўмон, Баҳрайн, Иордания, Жазоир ва бошқа Яқин Шарқ мамлакатлари билан алоқалари янги босқичга кўтарилмоқда. Яқин Шарқ давлатлари билан ўзаро манфаатли ва ҳар томонлама алоқаларни ривожлантириш, уни мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.
«Ўзбекистон халқаро салоҳиятдан фойдаланиб, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари билан дўстона алоқаларни ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда», деб ёзилади журналдаги мақолада.
Муаллиф Ўзбекистон Марказий Осиёда асосий давлат экани ва алоҳида ўрин тутишини таъкидлайди. Мамлакатнинг минтақадаги аҳамияти хорижий эксперт ва сиёсий доиралар томонидан ҳам тан олинган. Тошкент минтақанинг барча қўшни давлатлари билан стратегик шериклик тўғрисида шартномалар имзолади, бу эса минтақавий сиёсатни юқори даражада олиб боришга имкон беради. Шу мақсадда олиб борилаётган ишлар мамлакатимизнинг халқаро муносабатлар тизимидаги ўрни ва ролини кучайтиришда ҳам муҳимдир.
Мақолада қайд этилишича, расмий Тошкент ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ташаббусларни илгари суриш орқали бирор йўналишда етакчиликни қўлга киритишни даъво қилмайди, аксинча Ўзбекистон ташаббуслари барча мамлакатлар манфаатларини ҳисобга олади ва консенсус тамойилга асосланади.
«Political Events» журналида чоп этилган мақола охирида Марказий Осиё давлатлари ўртасида маданий-гуманитар соҳадаги яқин ҳамкорликни, дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.