Покистон оммавий ахборот воситалари: Исломобод ва Тошкент музокаралар орқали Афғонистонда тинчлик ўрнатишда муҳим овозга эга

«National Herald Tribune», «Daily Islamabad Post» ва «Daily Business World», «Centreline» ахборот агентликлари веб-сайтлари, шунингдек, Покистон глобал ва стратегик тадқиқотлар таҳлил марказининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида «Ўзбекистон-Покистон ва Афғонистонда  тинчлик» ( Uzbekistan-Pakistan and Peace in Afghanistan) сарлавҳали мақола нашр этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Мақола муаллифи халқаро муносабатлар доктори Маҳмуд ул-Ҳасан Хон, ўз материалида Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.

Мақолада қайд этилишича, Афғонистонда барқарор тинчлик ўрнатилиши кенг халқаро аҳамиятга эга бўлиб, минтақавий иқтисодий алоқаларни ва савдо фаолиятини янада яхшилайди. Минтақа мамлакатлари, хусусан, Покистон ва Ўзбекистон Афғонистонга музокаралар, дипломатия, мулоқот ва иқтисодий ривожланиш орқали тинчлик ўрнатишда муҳим роль ўйнайди.

«Дарҳақиқат, Тошкентнинг Афғонистондаги сиёсати аввал бошдан Кобул билан «жадал иқтисодий ҳамкорлик», транспорт ва логистика лойиҳаларини муваффақиятли амалга ошириш, шунингдек, мамлакатнинг таълим дастурларини кенгайтириш орқали афғон фуқаролари қалбини забт этадиган ечим топишга асосланган эди», дейилади мақолада.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон муаммосини ҳал қилишга инновацион ёндашуви Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш стратегиясини илгари суришга ёрдам беради. Тошкент йирик халқаро манфаатдор томонлар билан ҳамкорлик қилади ва иқтисодиёт, логистика, таълим соҳаларида турли лойиҳаларни таклиф қилади. Ҳатто, Афғонистон ҳукумати билан Толибон ҳаракати ўртасида музокаралар ташкил этиш истиқболларини кўриб чиқмоқда.

Ўзбекистоннинг ушбу соҳадаги ноёб ютуқларидан бири инфратузилма, энергетика ва савдо-сотиқни ривожлантиришга қаратилган Афғонистон билан иқтисодий ҳамкорликнинг мавжудлигидир. Ўзбекистон Афғонистонга гуманитар ёрдамни етказиб бериш учун Термиз шаҳрида божхона пунктини очди. Мозори Шариф – Кобул участкасида мамлакатнинг Шимоли билан Жануби ўртасида узлуксиз алоқани таъминлаш учун 11 та кўприк қурди. Ҳайратон – Мозори Шариф темир йўли Осиё тараққиёт банки кўмагида қурилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Трансафғон транспорт йўлаги лойиҳаси доирасида Мозори Шариф – Ҳирот темир йўлини қуришга катта қизиқиш билдирди. Бундан ташқари, Тошкент Афғонистонга электр энергиясининг етакчи етказиб берувчисига айланди. 2009 йилда Ғузор – Сурхон электр узатиш линияси ишга туширилди, бунинг натижасида электр етказиб бериш ҳажми  300 МВтгача  ортди.

 Натижада, 2016 йилга келиб, Афғонистонга 1,5 миллиард кВт/соат электр энергияси етказиб берилди.

Бундан ташқари, муаллиф 2018 йил март ойида Ўзбекистон Афғонистон бўйича йирик халқаро конференцияни Тошкентда ўтказганига алоҳида эътибор қаратди. Конференция афғонлараро музокараларни қайта бошлаш учун платформа бўлган ва муаммоларни дипломатия орқали ҳал қилишга ундаган.

Муаллифнинг фикрича, Ўзбекистоннинг Афғонистонга нисбатан таълим ва халқ дипломатияси соҳасидаги саъй-ҳаракатлари алоҳида эътиборга лойиқдир.

Хусусан, Тошкент томонидан турли таълим лойиҳалари ишлаб чиқилган. Бу орқали халқлар ўртасида алоқалар ўрнатилди ва натижада «Афғонистонда халқаро таълимни қўллаб-қувватлаш жамғармаси» яратилди. Афғонистон билан чегарадош Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида афғон фуқароларини ўқитиш бўйича махсус  ўқув маркази ташкил этилди.

Ўтган йили марказда 100 дан ортиқ афғон талабалари қабул қилинди.

Мақола муаллифининг сўзларига кўра, Афғонистон масаласига алоҳида эътибор, яқин сиёсий тушуниш, икки томонлама савдо-сотиқнинг яхшиланиши, сайёҳликнинг ўсиши ва барқарорликни таъминлаш бўйича минтақадаги қўшма саъй-ҳаракатлар туфайли янада кучайган Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатлар таҳсинга лойиқдир.

Покистон ва Ўзбекистон юқори даражадаги сиёсий тушунчани, минтақада тинчлик ва ҳамжиҳатлик, темир йўл йўлагини қуриш, иқтисодиётнинг турли соҳаларига сармояларни жалб қилиш орқали ижтимоий-иқтисодий фаровонлик ва ўзаро боғлиқлик мақсадларига эришишга қатъий содиқликни намойиш этди. Шунингдек, бу Ўзбекистоннинг Афғонистонга тинчлик ўрнатиш ва мулоқот орқали ривожланиш йўлидаги самимий ҳаракатларини намойиш этди.

Покистон ҳукумати Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг минтақада ва ундан ташқарида барқарор тинчлик ва барқарорликка эришиш борасидаги саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлайди, шунингдек, икки мамлакат ўртасида иқтисодий ҳамкорликка алоҳида аҳамият беради.

Маҳмуд ул-Ҳасан Хон, Покистон билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларда эришилган натижани ҳисобга олган ҳолда, томонлар Афғонистон ҳудуди орқали энергетика, логистика, транспорт ва темир йўл қурилиши соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорликни янада кучайтириш орқали тинчликка эришиш, ушбу мамлакат иқтисодий ривожланишини таъминлаш  мумкинлигини таъкидламоқда.

Манба