Жанубий Корея ОАВ: Марказий Осиё минтақаси барқарор ривожланиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик майдонига айланди

Жанубий Кореянинг машҳур «The Korea Herald» газетасида Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматовнинг «Ўзбекистон Президентининг Қирғизистонга давлат ташрифи якунларининг аҳамияти минтақа чегараларидан ҳам ошиб кетади » сарлавҳали мақоласи чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Муаллиф Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи аҳамиятига эътибор қаратар экан, унинг натижалари икки томонлама муносабатлар тарихида қолишини қайд этган.

Нашрда Марказий Осиё давлатлари минтақа келажаги учун юксак масъулиятни намоён этиб, умуминсоний хавфсизлик ва фаровонлик учун барча мураккаб асосий масалаларда дипломатияга таянаётгани таъкидланган. Марказий Осиё мамлакатлари томонидан давлатлараро муносабатларни ҳурмат, яхши қўшничилик ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойилларига асосланган ҳолда қуришда танлаган ёндашув бугунги кунда ўзини оқламоқда, деб қайд этган муаллиф.

 Мақола хулосасида таъкидланганидек, Марказий Осиё давлатлари бугунги кунда минтақани нафақат сиёсий, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам яхлит, ўзаро боғланган, яхлит макон сифатида идрок этишнинг янги парадигмасини биргаликда шакллантирмоқда. «Минтақа энди барқарор ривожланиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик майдонидир, - деб ёзади Акрамжон Неъматов. - Бу эса Марказий Осиёнинг халқаро субъективлигини сезиларли даражада оширади, уни ташқи ва ички таҳдидларга чидамли қилади».

Манба