Ўзбекистон Президенти ва Покистон Бош вазири амалий ҳамкорликни кенгайтириш йўлларини муҳокама қилдилар

5 февраль куни, Пекин шаҳрига ташрифнинг иккинчи кунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон билан учрашди.

Ўзбекистон-Покистон стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Покистон Бош вазири ўтган йил июль ойида Ўзбекистонга амалга оширган ташрифда эришилган келишувларни амалга оширишнинг илк натижалари мамнуният билан қайд этилди.

Жумладан, ўтган йил якунида икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми 1,5 баробар ортди, бир йилда 40 дан ортиқ қўшма корхона ташкил этилди.

Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида фармацевтика препаратлари, кимёвий товарлар ва тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Саноат, таълим ва кино соҳаларида қатор муҳим лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Ҳудудлараро алоқалар ҳам кенгаймоқда – шу кунларда Панжоб вилояти губернатори Сарвар Чоудри бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб турибди.

Учрашувда ишбилармонларнинг қўшма ташаббуслари ва истиқболли инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, банк-молия соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Минтақавий аҳамиятга молик масалалар, шу жумладан Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилди.

“Термиз – Мозори Шариф – Кобул - Пешовар” темир йўлини қуриш лойиҳасини илгари суриш борасидаги амалий ишларни давом эттириш тўғрисида келишувга эришилди.

Олий ва юқори даражалардаги бўлажак мулоқотлар режаси ҳам кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Президенти ва Покистон Бош вазирининг учрашуви ҳар доимгидек очиқ, ишчан ва дўстона руҳда ўтди.

 

Манба