Президент Шавкат Мирзиёев 7 февраль куни қурилиш лойиҳалари тақдимоти билан танишди.
Маълумки, Самарқанд вилоятида Имом Бухорий мажмуаси янгидан барпо этилмоқда. Унинг қурилиши ўтган йили Рамазон ойида бошланган эди. Бугунги кунда бинолар қад ростлаб, пардозлаш ишларига оз фурсат қолди. Тақдимотда мажмуанинг ички ва ташқи кўринишига оид чизмалар кўриб чиқилди.
Унга кўра, мажмуа деворлари миллий нақшлар, пардозбоп тошлар билан сайқалланади. Имом Бухорий бобомиз мақбарасида наққошлик ва хаттотлик санъати уйғунлашади. Унинг деворларига қадимий услубда Қуръони карим суралари ва ҳадислар ёзилади. Барча пардозлаш ишларида ёрқин, “иссиқ” ранглардан кўпроқ фойдаланилади.
Хоразм вилоятида ҳам катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бунинг изчил давоми сифатида Урганч шаҳрида Ал-Хоразмий шаҳарчаси қурилиши режалаштирилган. Лойиҳага кўра, у ерда университет, мактаб ва боғча, IT парк, фан ва маданият марказлари, спорт мажмуаси барпо этилади. Шаҳарча марказида Муҳаммад ал-Хоразмий майдони бўлади, буюк алломанинг янги ҳайкали ўрнатилади.
Урганч шаҳрида Жалолиддин Мангуберди мажмуаси ҳам қурилмоқда. Бугунги кунда жасур саркарданинг муҳташам ҳайкали ўрнатилган. Атрофдаги қарийб 8 гектар майдон ободонлаштирилмоқда.
Шунга яқин жойда минг ўринли санъат саройи бунёд этиш ҳам мўлжалланган. У ерда Хоразм лазгиси анъаналарини сақлаш, ўрганиш ва кенг ёйиш учун замонавий шароит яратилади. Турли тадбирлар, концертлар ўтказилади.
2020 йил 22 октябрда “Ҳарбий тиббиёт соҳасида кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилинган эди. Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ҳарбий тиббиёт академияси ташкил этилди.
Қарорда мазкур Академия учун янги бинолар қуриш ва ўқув-моддий базасини такомиллаштириш бўйича вазифалар белгиланган. Тақдимотда шу борадаги лойиҳалар ҳақида ҳам ахборот берилди. Унга кўра, ўқув ва даволаш бинолари, ётоқхона, хизмат уйи қурилиб, мавжуд объектлар таъмирланади, ҳудуд ободонлаштирилади.
Президентимиз лойиҳаларни такомиллаштириш ва сифатли қуриш юзасидан кўрсатмалар берди.
Давлатимиз томонидан спорт ривожига катта эътибор қаратилиб, зарур инфратузилма яратилмоқда. Шу мақсадда Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида Олимпия шаҳарчаси қурилиши режалаштирилган. 160 гектарни эгаллайдиган мазкур шаҳарчада универсал стадион, очиқ ва ёпиқ спорт мажмуалари, ётоқхона, меҳмонхона, Чирчиқ дарёсида эшкак эшиш ҳавзаси барпо этилади. Бу инфратузилма йирик мусобақалар ўтказиш ва бўлажак Олимпия захиралари институти учун ўқув-машғулот базаси бўлади.
Мамлакатимизда сайёҳлар учун кенг шароит яратилмоқда. Жумладан, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида “Чорвоқ” туристик-рекреацион зонаси ташкил этилмоқда. Президентимизга шу борадаги ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Унга кўра, Чорвоқ сув омбори ва Чирчиқ дарёси бўйида экотуризм объектлари барпо этилади. Бунинг учун аввало қулай транспорт тизими йўлга қўйилади. “Чорвоқ дарвозаси” ва “Юсуфхона” ҳудудларида дам олиш жойлари, Жанубий Хўжакентда анъанавий тоғ қишлоғи барпо этилади. Ҳудуднинг хушманзара табиати ва рельефини сақлаб қолишга алоҳида эътибор қаратилади. Боғлар, пикник жойлари, велосипед йўлаклари ташкил қилинади. Шундай лойиҳа Чимён ҳудудида ҳам режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари бу мажмуалар оммабоп бўлиши зарурлигини таъкидлаб, барча юртдошларимиз, турли касб эгаларига мос арзон ва қулай хизматлар таклиф этиш вазифасини қўйди.
Тошкент шаҳрини ёндош ҳудудга кенгайтириш, янги қуриладиган мавзеларни инфратузилма ва транспорт хизматлари билан таъминлаш бўйича лойиҳа концепцияси ҳам кўриб чиқилди.
Олдингиси
Ўзбекистон Президенти ва Покистон Бош вазири амалий ҳамкорликни кенгайтириш йўлларини муҳокама қилдилар
5 февраль куни, Пекин шаҳрига ташрифнинг иккинчи кунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон билан учрашди.
06.02.2022Кейингиси
Ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича вазифалар қўйилди
Президент Шавкат Мирзиёев 8 февраль куни ҳудудларда ичимлик суви таъминотини яхшилаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
09.02.2022