Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Халқ депутатлари Бухоро вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифалари бўйича маъруза қилди.
– Бухоронинг бугунги ривожи маъқулми, деган саволга менинг жавобим: йўқ. Бошқа вилоятлардаги ривожланишдан 10 йил орқада қоляпти. Коррупция, порахўрлик барҳам топмаяпти. Ялпи ҳудудий маҳсулотда қишлоқ хўжалиги улуши 50 фоиз экани эски замондан нишон. Саноат, хизмат кўрсатиш, тадбиркорлик бўйича вилоятнинг имкониятлари жуда кенг. Туман ҳокимлари, сектор раҳбарларининг дунёқараши ўзгариши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Жойлардаги муаммо ва имкониятларни маҳалла даражасида ўрганиш, аҳоли бандлиги ва даромадини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича янги иш тизими жорий этилиши таъкидланди.
– Энди жамиятимизда бошқача йўналиш бўлади – маҳалла катта кучга айланади. Агар маҳалла раиси билимли, фидойи бўлса, кайфият ҳам, иқтисодиёт ҳам ўзгаради, – деди давлатимиз раҳбари.
Шу мақсадда вилоятга ишчи гуруҳ юборилган, шаҳар ва туманларга вазирлик, идора ва тижорат банклари раҳбарлари бириктирилди.
Мавжуд 544 та маҳалланинг ҳар бири ўрганилиб, 333 таси “қониқарли”, 182 таси “ўрта” ва 29 таси “паст” ривожланиш тоифаларига ажратилди. Аҳолига даромад манбаи яратиш захиралари аниқланган.
Давлатимиз раҳбари ишсизлик муаммосига алоҳида тўхталди. Янги иш ўринлари очиш ва ўз-ўзини банд қилувчиларга шароит яратиш бўйича кўрсатмалар берилди. Оилавий тадбиркорлик, ёшлар бизнес лойиҳаларига 390 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилиши белгиланди. Ҳар бир туманда биттадан касб-ҳунар мактаби танлаб олиниб, унинг базасида мономарказлар ташкил этилади, маҳаллабай ўрганиш натижаси ўлароқ ишсизлар, ёшлар ва аёллар талаб юқори касбларга ўргатилади.
Бухоро вилоятида 2021-2022 йиллар учун умумий қиймати қарийб 19 триллион сўм бўлган 713 та инвестиция лойиҳаси шакллантирилган. Шундан 555 таси бу йил амалга оширилиши, 14 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
Хизмат кўрсатиш соҳаси салоҳиятини тўлиқ ишга солиш, жумаладан, зиёрат туризмини янада ривожлантириш зарурлиги таъкидланди. Жумладан, қадимий “Ғиждувон қўрғони”ни қайта тиклаб, очиқ осмон остидаги музей барпо этиш, Вобкент туманида “Ширин” қишлоғини этнотуризм масканига айлантириш, Пешку туманининг Афшона қишлоғида “Ибн Сино замонаси” мажмуасини ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди. Бухоро зардўзлиги ва заргарлиги халқаро фестивалини ўтказиш ташаббуси илгари сурилди.
Ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, янги таълим ва тиббиёт муассасалари ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жорий йилда Бухорода Президент мактаби фаолият бошлайди. Математика, ахборот технологиялари, кимё-биология ва физикага ихтисослашган 16 та мактаб ташкил этилади. Шунингдек, 18 та мактабни реконструкция қилиш белгиланган.
Давлатимиз раҳбари ёшлар масалаларига алоҳида тўхталди.
– Ёшларда жуда кўп ғоя, интилиш бор. Уларга шароит яратиб, елкадош бўлсак, улар жуда катта куч, қудрат, имконият ва келажак эгаси бўлади, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Сессияда инфратузилмани ривожлантириш, ичимлик суви ва оқова тармоғини яхшилаш, йўллар қуриш ва таъмирлаш бўйича ҳам вазифалар белгиланди.
Олдингиси
Бухоро вилоятига ҳоким тасдиқланди
Бухоро шаҳрида Халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтмоқда.
22.01.2021Кейингиси
Президент янги уй соҳиблари билан суҳбатлашди
Давлатимиз раҳбари Бухоро шаҳрининг Низомий маҳалласида қурилган замонавий уйларни бориб кўрди.
22.01.2021